Лангарлик устоз матонати
Хатирчининг Лангарида қиш шунчаки фасл эмас, у табиатнинг бутун бир синовидек. Лангар тоғли ҳудуд. Бу йил қишлоқда қиш ўзгача. Яқин йилларда бунақа қалин қор ёғмаган. Тоғ ёнбағирларига қор қўниб, қишлоқ оппоқ кумуш қиш манзарасига бурканганда, киши бир томондан ажойиб ҳузурни, иккинчи томондан эса тоғ ҳаётининг машаққатини ҳис қилади. Айни кунларда Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Лангар маҳалласида қиш айнан шундай — оқ, қалин қор билан зийнатланган.
Айрим жойларда қор инсон бели бараваригача чиққан. Тоғли ҳудуд бўлгани учун маҳаллага олиб борувчи йўллар ҳам қор билан қопланиб қолган. Шунга қарамай, масъул ташкилотлар томонидан йўлларни очиш, тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Ана шу совуқ қиш манзараси ичида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бир видео минглаб юртдошларимизни бефарқ қолдирмади. Видеода Лангар маҳалласининг 58-умумтаълим мактабига тизза бўйи қорни кечиб, ишга кетаётган ўқитувчи аёл акс этган. Бу шунчаки тасвир эмас эди. У касбга садоқат, масъулият ва матонатнинг айни шу кунлардаги ҳаётимиздаги намунаси эди.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида навоийлик устоз билан онлайн тарзида видео мулоқот ўтказдик. Маълум бўлишича, видеода акс этган ўқитувчи Лангар маҳалласидаги 58-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Муяссар Мамадалиева.
Муяссар опа ушбу мактабда 33 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда. У 1993 йилдан буён таълим тизимида самарали меҳнат қилиб, минглаб ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ бериб келмоқда. Олий тоифадаги устоз тарих фанидан миллий сертификатга эга педагоглардан биридир.
Видео қаҳрамонининг уйи мактабдан салкам бир ярим километр узоқда жойлашган. У ҳар куни сўқмоқ йўллардан, адирликлар оралаб, яқин йўл билан 500 метрдан ортиқ масофани босиб ўтади. Қор қалин ёғган кунлари эса бу йўл янада машаққатли бўлади. Аммо Муяссар опа учун бу машаққат тўсиқ эмас. Чунки у ёшлар таълими учун куйиб-ёниб меҳнат қилаётган фидойи устозлардан.
— Ишга ундан ҳам узоқ масофадан қатнаб келаётган ҳамкасбларим бор. Биз учун энг муҳими — болалар дарссиз қолмаслиги, — дейди фидойи устоз.
Видео кенг тарқалгандан сўнг, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримова педагог билан шахсан телефон орқали боғланиб, ҳол-аҳвол сўраган.
Маълум бўлишича, 450 ўринли ушбу мактаб Хатирчи тумани марказидан қарийб 50 километр узоқликда жойлашган. Суҳбат давомида мактабга қатнов масалалари, таълим муассасасидаги мавжуд шароитлар, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ҳолати, шунингдек, вазирлик томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган амалий ёрдам масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Эъзозахон Каримова Навоий вилоятига хизмат сафари давомида мактабга албатта боришини, устоз ва мактаб жамоаси учун совғалар етказилишини ҳам маълум қилди.

Муяссар опа эса бу эътиборни самимият билан қабул қилди:
— Бу воқеадан кейин вазиримиз шахсан ўзлари телефон қилиб, кайфиятимни кўтарди. Мактабимиздаги ўқув жараёнлари, ўқитувчиларимиз кайфиятини сўради. Таълим сифатини ошириш бўйича таклифларимни қўллаб-қувватлаб, мактабимизга электрон доскалар юборилишини айтди. Шунингдек, вилоят ва туман ҳокимликларидан масъуллар келиб хабар олиб кетишди. Мана шундай эътиборни ҳис қилиб, ўқитувчи сифатида эъзоз топгандек бўлдим, — дейди у.
Дарҳақиқат, шу каби устозлар таълим тизимининг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Қор, совуқ, йўл машаққати — буларнинг барчаси Муяссар Мамадалиева каби фидойи педагоглар учун иккинчи даражали. Улар учун энг асосийси дарс, ўқувчи ва келажак.
Лангар тоғларида ёғган қалин қор орасидаги бу оддий йўл — аслида улкан садоқат йўли. Мана шу йўлдан ҳар куни юриб ўтаётган устоз барчамиз учун ҳақиқий ибрат мактабидир.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг