Комплаенс тизими — қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши самарали механизм

11:44 25 Декабрь 2025 Жамият
225 0

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, энг муҳими — коррупцияга қарши курашни кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги ислоҳотларни янада самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг тегиш фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар комплаенс тизими жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Комплаенс тизими нима?

Комплаенс — ташкилот фаолиятининг қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ички қоидалар ва ахлоқий стандартларга мувофиқлигини таъминлашга қаратилган тизимдир. У фақат назорат эмас, балки олдини олиш, профилактика ва масъулият маданиятини шакллантириш вазифасини ҳам бажаради.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, самарали комплаенс тизими мавжуд бўлган мамлакат ва ташкилотларда коррупция хавфи камаяди,

давлат ва жамият ўртасида ишонч ортади, инвестициявий жозибадорлик кучаяди. Шу боисдан ҳам давлат органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарда коррупцияга қарши комплаенс-назорат тизими жорий этилмоқда.

Бу орқали коррупция, ҳуқуқбузарликлар ҳамда ишончсизлик муаммоларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда, фуқаролар учун давлат идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолиятида шаффофлик, адолат ва қонун устуворлиги тамойиллари таъминланмоқда.

Комплаенс — фақат назорат эмас...

“Ўзавтосаноат” Акциядорлик Жамиятнинг тизим ости корхоналаридан бири бўлган, “Alyans Auto” МЧЖда 2020 йил 12 ноябрдан бошлаб комплаенс тизими жорий этилган бўлиб, ушбу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жамият раҳбарининг 2023 йил 15 октябрдаги “Комплаенс назоратига оид ҳужжатларни кўриб чиқиш ва тизимлаштириш тўғрисида”ги буйруғи асосида қатор ички норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, пораҳўрлик ва коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашуви сиёсати, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, хабар бериш каналлари орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш регламенти, ходимларнинг этика ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилишини ташкил этиш йўриқномалари, бизнес ҳамкорларини комплекс текшириш, хизмат текширувларини ўтказиш, совғалар ва меҳмондўстликка оид низомлар каби муҳим ҳужжатлар амалиётга жорий этилди.

Мазкур ҳужжатлар харидлар жараёни, ходимларни ишга қабул қилиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олиш, хизмат сафарлари, хайрия ва бошқа йўналишларда тўлиқ татбиқ этилмоқда ҳамда мунтазам равишда янгиланиб борилмоқда.

Зеро, комплаенс тизимининг муваффақияти фақат ҳужжатлар билан эмас, балки ходимларнинг онги ва маданияти билан ҳам боғлиқдир.

Шу боис жамият ходимлари учун мунтазам ўқув семинарлари, тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда. Аноним мурожаатлар учун ишонч телефони, махсус электрон почта манзили ва ички портал орқали хабар қолдириш имконияти яратилган бўлиб, барча мурожаатлар махфий равишда кўриб чиқиш тизими яратилган.

Барча ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши қоидалар киритилган. 2025 йил давомида жамият ходимлари учун санкциялар ва экспорт назорати, танлов асосида ишга қабул қилиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш ҳамда совғаларга оид талаблар бўйича қатор тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, коррупциявий хавф-хатар мавжуд лавозимларда ишловчи 17 нафар ходим 2025 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Давлат хизматида ҳалолликни таъминлаш” мавзусида махсус ўқув курсларида қатнашиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Коррупцияга қарши курашиш — бир кишининг эмас, балки барчамизнинг умумий бурчимиз. Комплаенс эса ташкилотда адолат, поклик ва шаффофликни таъминлайдиган муҳим механизм ҳисобланади. Шу боисдан ҳам “Alyans Auto” МЧЖда комплаенс тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб, корпоратив маданиятни юксалтириш, ишончли бизнес муҳитини шакллантириш ва компания имиджини оширишга хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, комплаенс тизими Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашнинг таъсирчан воситаси, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминловчи муҳим механизм, қонун устуворлигини мустаҳкамловчи институт сифатида изчил ривожланиб бормоқда. У фақат ҳужжат эмас, балки бошқарув маданияти ҳамдир. Уни самарали жорий этиш орқали давлат органларида ҳалоллик, жавобгарлик ва қонун устуворлиги таъминланади.

О. АЮБОВ, “Alyans Auto” МЧЖ Бош директори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер