Хотира — абадий, қадр — муқаддас!

01:50 09 Май 2025 Жамият
262 0

Республикамиз бўйлаб жойларда Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш ва уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш тадбирлари ўтказилди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотларига кўра, ушбу йўқловларда вазирлик тасарруфидаги ҳарбий округ ва муассасалар раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ва ёшлар иштирок этди.

Меҳмонлар фахрийларимизнинг хонадонида бўлиб, улар билан самимий суҳбат қурди. Уруш йиллари, ўша машъум даврлар эсланди, ўзбек халқининг қаҳрамонликлари хотирланди. Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Таъкидлаш керакки, Иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 2 миллионга яқин инсон сафарбар этилган, улардан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи эса бедарак йўқолган. Уруш йиллари Ўзбекистон нафақат фронт учун жангчиларни, балки бутун мамлакат учун озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа етказиб берувчи муҳим марказга айланган. Жумладан, юртимиздаги фронт учун мослашган 310 дан ортиқ заводлар, фабрикалар, корхоналарда ўзбекистонлик хотин-қизлар, болалар, қариялар – ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, тер тўккан.

Ҳозирги кунда саноқли бўлса-да, ўша оловли фронтдан тирик қайтиш насиб этган мард ва жасур фахрийларимиз юртимизнинг турли бурчакларида умргузаронлик қилиб келишмоқда. Йўқловларда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва унинг оқибатида ногирон бўлган шахсларга, фронт орти меҳнат фахрийларига “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари, шунингдек, бир марталик пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.

Бугун Хотира ва Қадрлаш кунини юксак даражада нишонлаш, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тарихий қаҳрамонлиги, фидокорона меҳнатини шарафлаш, ёшларимизни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, бугунги тинч, дориламон кунларнинг қадр-қимматини чуқур ҳис этмоқ барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Йўқловлар давом этмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?