Хориждаги ватандошларни эзгу мақсадлар бирлаштирмоқда

12:15 02 Октябр 2024 Жамият
374 0

АҚШга келган сайёҳлар Нью-Йорк шаҳридаги дунёга машҳур “Wall Street” молия марказини кўрмай қайтмайди. Одамларнинг эътибор марказидан тушмай келаётган бу марказда Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишлаб давлатимиз байроғи мадҳиямиз садолари остида юқори кўтарилди.

“Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон”... Байроғимиз ҳилпирар экан, ифтихор билан қўлларини кўксига қўйиб, илиқ табассум, соғинчли кўз ёшлар билан оҳангга жўр бўлаётган ватандошларнинг ҳисларини пайқаш қийин эмас эди. Бу ватанга муҳаббат, ўзбеклигидан фахрланиш, анъаналарга ҳурмат туйғулари эди.

Она юртнинг оҳанрабодек ўзига ром этувчи тафти, ҳавоси, одамларнинг иссиқ истараси, тўй ва ҳашамлари, миллий байрамларини қўмсашни ватандан олисда яшаётганлар янада яхшироқ англайди. Шу боис сўнгги йилларда хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошларни ота юрт атрофида жипслаштириш, қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш мақсадида тарихий ва хайрли ташаббусларга қўл урилмоқда. “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида АҚШда ташкил этилган тадбирда кўп йиллардан буён хорижда истиқомат қилиб келаётган ватандошларимиз давлатимиз эътибори уларнинг ҳаётидаги энг ёрқин саҳифалардан бири бўлганини эътироф этди.

“Бугун аждодларимиз хоки ётган, кексайиб қолган бўлсак ҳам доим интиладиган жойимиз – Ўзбекистон янгиланиб, катта ўзгаришлар маконига айлангани бизни қувонтиради.

1992 йилда ҳафтасига икки мамлакат ўртасида биттагина авиарейс мавжуд эди, ҳозир эса уларнинг сони 4 тага етди. Ватандошлар билан алоқалар мустаҳкамланди. Ҳар бир мурожаатимиз ўрганилмоқда, муҳим байрамларда бир жойда йиғиляпмиз, ташаббусларимиз тингланмоқда. Мен бу кунларга етиб келганимдан жуда қувонаман”, – дейди Туркистон – Америка уюшмаси раҳбари Абдулла Хўжа.

Тадбирда санъаткорлар ўз куй-қўшиқлари билан барчани мамнун этди.

Бир манзара кўпчиликни таъсирлантирди: Нью-Йорк шаҳрини айланишга келган сайёҳлар учун махсус автобуслар хизмат кўрсатади. Байроқ кўтариш маросимида ана шундай катта автотранспортларнинг бир нечтаси йўлнинг четига тўхтади, ундаги юзлаб сайёҳлар ватандошларимизнинг кайфиятидан завқ олиб, миллий рақсларимизга биргаликда ўйнади, миллий либосларимизни кийиб кўрди, мамлакатимиз тўғрисида қайта-қайта маълумотлар олиб, телефонлари орқали дунё харитасидан қадимий шаҳарларимизни кейинги саёҳатлари учун белгилаб олди.

Куз фаслининг илк ойи иккинчи ўн кунлигига қадар давом этган энг улуғ ва энг азиз байрамимизга бағишланган бошқа тадбирлар АҚШнинг Нью-Йорк, Рэндольф, Бостон, Питтсбург, Виенна, Чикаго, Довер, Филадельфия шаҳарларида ҳам ўтказилди.

Нью-Йоркдаги БМТ биносида расмий, бизнес ва дипломатик корпус вакиллари, ватандошлар жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари, ОАВ вакиллари иштирокида Мустақиллик байрамига бағишланган қабул маросими ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида миллий таом – палов тайёрланиб, йиғилганларга улашилди.

Етакчи халқаро ташкилотлар томонидан мазкур тадбирлар эътироф этилди.

“Дунёда халқлар кўп, уларнинг ўзига хос урф-одатлари ҳам турлича. Улар орасида халқингиз ўзининг меҳмондўстлиги, қадриятларига бўлган садоқати билан алоҳида ажралиб туради. Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги мана шундай кенг нишонланиши ҳам Ўзбекистон халқининг ватанига бўлган муҳаббати ва садоқатини яққол кўрсатиб турибди. Мен тадбирга келган меҳмонларни кўриб, улар билан суҳбатлашиб, яна бир бор бу заминдан чиққан буюк сиймоларнинг аждодлари мана шундай бўлиши керак, дея хулоса қилдим. Бугун шиддат билан турли соҳаларда ривожланиб, дунё эътирофига тушаётган мамлакатингизнинг мустақиллиги абадий бўлишини, халқингиз тинч-фаровон яшашини тилаб қоламан”, – дейди БМТ бошқарув департаменти масъул ходими, “YES4DO foundation” асосчиси Мбайе Мбенгу.

Бруклин шаҳридаги “High school of sports management” мактабида 10 штатдан таклиф этилган 15 ҳаваскор жамоалар ўртасида “Мустақиллик кубоги” футбол турнири ташкил этилиб, турнирда Оҳайо штати Цинциннати шаҳри “HamkorUz” жамоаси ғолиб бўлди. Ғолиб ва совриндор жамоаларга ташкилотчилар ҳамда “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, мазкур тадбирлар доирасида, миллий либос ва ҳунармандчилик кўргазмалари, сайиллар, болажонлар учун турли викториналар ташкил этилди.

“Халқингиз турли соҳаларда, айниқса, спортда бугун дунё эътирофида. Яқинда Франция пойтахти Парижда ўтказилган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам спортчиларингиз муносиб иштирок этди. Бизнинг мактабимизда ўтказилган “Мустақиллик кубоги” турнири ҳам мамлакатдаги спортга эътибор исботи дейиш мумкин. Мактабимиз учун ҳам бу тадбир аҳамиятли. Турли штатлардан келган футбол жамоалари беллашмоқда. Мен ҳам мана шундай ажойиб халқнинг тадбирида эканимдан хурсандман. Ушбу тадбирни ташкиллаштирган барчага раҳмат. Мен ва менинг жамоам Ўзбекистон халқи билан доимий ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз”, – дейди Бруклин шаҳридаги “High school of sports management” мактаби директори Дерек Кредл.

Тадбирларнинг яна бир асосий жиҳати АҚШда илк бор “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтганида. Унда Нью-Йорк, Нью-Жерси, Пенсилвания, Охайо, Массачусеттсда истиқомат қилаётган ватандошларнинг 7 жамоаси иштирок этди. Қизғин баҳс-мунозаралар, мантиқий саволларга бой ўтган ўйинда совриндорлар аниқланди. Якуний натижаларга кўра, танловда Пенсильвания штатининг “Юртдош” жамоаси ғолиб деб топилди. Танловда ғолиб бўлган жамоанинг ҳар бир аъзосига ноутбук, 2- ва 3-ўрин олган жамоаларга Фонднинг эсдалик совғалари ҳамда барча иштирокчи жамоаларга тегишли совғалар тақдим этилди.

Нью-Жерси штатида эса 7 та штатдан ташриф буюрган ўзбек ошпазлари ўртасида “Ош турнири” ўтказилди. Ошпазлар турнирида Филадельфия шаҳридан қатнашган ошпаз Ш. Зиямов тайёрлаган палов ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб, ғолиб сифатида эътироф этилди ҳамда Фонднинг эсдалик совғалари билан барча иштирокчилар тақдирланди.

“Гарвард университетида ўқишни бошлаган илк кунларим ҳар бир талаба ўзи ҳақида батафсил маълумот берар экан, мен “Кутубхонангизда китоби сақланаётган Абу Али Ибн Сино авлодиман” дея фахр билан айтганман. Гарвард кутубхонасида “Тиб қонунлари”нинг иккинчи нусхаси сақланади. Бироқ талабаларга уни қўл билан ушлаб кўришга рухсат берилмайди. Мен эса буни жуда хоҳлашимни кутубхоначига билдирдим. Мен Ўзбекистондан эканим, айнан Бухоронинг Афшона қишлоғига яқин жойда туғилганим, Ибн Синонинг уй музейида бўлганим, китобни яқиндан кўриш менга орзу эканини айтдим. Шунда фақат менга талабалар орасида бир марта қўл билан ушлашга кутубхона маъмуриятидан рухсат берилган. Айнан мана шундай жаҳонга машҳур инсонни авлоди бўлганимни ўзи менга кам сонлик талабаларга насиб этган имкониятни тортиқ қилган. Бугун Ватанимдан жуда ҳам олисдаман. Олаётганим ҳар бир нафасимда Ўзбекистон соғинчи бор. Бу йилги Мустақиллик тантаналари мана шундай кенг нишонланиши мени янада ғурурлантирди. Биз ватандошлар бирлашиб, бу йил Фонд кўмагида штатда “Турон” ассоциациясини ташкил этдик. Бизнинг илк тадбиримиз ҳам истиқлолимизнинг ўттиз уч йиллигини нишонлашдан бошланди. Бизни унутмаган ватанимизга минг раҳмат!”, – дейди Бостон шаҳридаги “Дана Фарбер Саратон институти” ва Бригхам ва Аёллар касалхонаси халқаро ижроия саломатлиги” лойиҳалар бўйича катта менежери Нилуфар Қаҳҳорова.

Мухтасар қилиб айтганда, дунёнинг исталган нуқтасидаги ватандошлар бугун бирлашиб, ватаннинг кичик парчасини “Бирлашсак – ватанмиз” дея қалбларига жо этмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, олисдаги ватандошларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган илғор ташаббуслар натижасидадир.
Уфора ХАБИБУЛЛАЕВА,
“Ватандошлар” жамоат фонди бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?