Касби туманида 19 та маҳалла фуқаролар йиғини ижарада «яшайди»

13:16 26 Январь 2022 Жамият
1170 0

Фото: «Халқ сўзи»

Қашқадарё вилояти Касби туманидаги «Янги Майманоқ» маҳалла фуқаролар йиғини остонасидан кирган заҳоти юзимга намхуш зах ҳиди урилди. Шифти эскилигидан осилиб қолган, деворлари анча вақтдан буён таъмир кўрмаган бу бино йўлаклари бўйлаб, бир нечта хоналарга бош сўкиб чиқдим, лекин бирорта одам топа олмадим. Кейин қарасам, ҳамма ходимлар битта хонада электр печь атрофида қунишиб ўтиришган экан.

Улардан бири — «Қатағон» МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Жабборов билан танишдик. Хонасида гаплашиб оламиз, дегандим, у ҳали хона берилмагани, компьютер, принтер ва бошқа жиҳозларни қаерга қўйишни билмай турганини айтди. Ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, битта эски бинода иккита — «Қатағон» ва «Янги Майманоқ» МФЙлар жойлашган экан. Бино эса жуда эски, иситилмайди, ташқаридан кўра ичкари совуқ.

«Янги Майманоқ» МФЙ раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулла Каримовга ишдан бўшаш бўйича огоҳлантириш хати келибди, ҳозирча ишлаб турган экан. Мени янада ажаблантиргани, бу ерда ишловчи ходимлар бино атрофини чиқинди босиб кетганини, бу ҳолат турли касалликлар келтириб чиқаришини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ваҳоланки, МФЙда ишловчилар хонадонларни ободонлаштириш, кўчат экиш, даромад олиш бўйича тарғибот ишларини олиб боришади. Ўзларидаги бу аҳволни кўрган аҳоли вакиллари «олдин ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ» демайдими?

«Янги Майманоқ» МФЙ раиси Жамшид Жумаевни топа олмадик, телефон орқали боғланганимизда, у битта эски бинода ҳақиқатан ҳам иккита МФЙ жойлашганини, агар «Қатағон» МФЙ ўз ҳудудига кўчиб кетса, улар эркин фаолият олиб боришини айтди. Яна бир савол туғилади, «Янги Майманоқ» МФЙ бўйича ҳоким маслаҳатчиси қаердан қўним топади? Раис билан бир хонада тиқилиб иш олиб борадими ёки бошқа бинодан жой беришадими?

Айнан шу каби саволлар билан Касби тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига боргандик, бўлим бошлиғи қайсидир маҳаллага ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишга кетганини айтишди. Бўлим бошлиғининг фахрийлар бўйича ўринбосари Рустам Тўраев билан фикрлашдик. Унинг гапларига кўра, тумандаги 42 та маҳалланинг 19 таси «ижара»да яшайди.

Масалан, МФЙлардан «Мустақилобод» мактабда, «Нуробод», «Оққамиш» коллеж, «Месит» тадбиркорлик субъекти биноларида жойлашган. Р. Тўраевга кўра, ҳар йили 3-4 та маҳалланинг янги биноси қурилиши режалаштирилган ва бир-икки йил ичида ҳаммаси ўз ҳудудида, замонавий типдаги биноларда фаолият кўрсата бошлайди.

Халқимизда ўзи яшаб турган ҳовлини озода тутиш, атрофига гуллар экиш, супуриб-сидиришдек азалий удум бор. Чунки тозалик бор жойда барака бўлади. Касбида юқорида гувоҳи бўлганимиз - маҳалла раислари ва уларнинг ўринбосарлари бу удумни ўзлари ишлаб турган бино мисолида амалга оширишса, нур устига нур бўларди.

Фахриддин Бозоров,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?