Йўл қуриб муродига етган йўлсоз

14:04 30 Сентябр 2025 Жамият
191 0

Орамизда шундай инсонлар борки, улар нафақат ўз касбининг моҳир устаси, балки намунали ҳаёти, инсонпарварлиги ва камтарона феъл-атвори билан ҳам барчамизга ибратдир. Уларни фидойилиги, ҳалол меҳнати ва сабр-матонати шундай юксак даражага кўтарган. Йўлсозлик соҳасида юз минглаб юртдошларимизнинг дуосини олаётган Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси механизатори Тожиддин Тошматов ана шундай касб эгаларидан биридир.

Тожиддин ака қарийб ярим асрдан буён механизатор сифатида меҳнат қилиб келмоқда. Ўз касбининг устаси бўлгани учун ҳам ҳаёти давомида турли соҳаларда ишлади. Унинг меҳнати фақат техника ҳайдаш билан чекланиб қолмади. Ўзи ҳам йўлсозларга қўшилиб ҳалол ишлади, топшириқларни виждонан бажариб ўз касбининг обрўсини кўтарди. Устоз деб этагидан тутган ёшлар ҳам унинг эзгу фазилатларини ўзлаштириб келмоқда. Ҳамкасблари уни доимо маслаҳатчи ва устоз сифатида эъзозлайди.

– Йўл қуриш техникасини маҳорат билан ўрганган мутахассислар кам. Тожиддин ака билан ишлаганлар асло чарчамайди. Доим янги ғоялар билан юради, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ходими Юлдузхон Маллабоева. – Касбининг сир-асроридан тортиб, машаққатларигача ёшларга сабр билан ўргатади. Камтарлик, ҳалоллик, сабр ва меҳр унинг асосий дарсидир.

Боғбондан боғ, яхши муаллимдан билимли шогирд, йўлсозлардан эса текис ва равон йўллар қолади. Манзилимизни яқин қиладиган йўлсозларнинг меҳнати улуғ. Йўловчилардан тортиб шофёрларгача бу йўллардан ўтаётганда йўлсозларнинг машаққатли меҳнатига тан беришади. Ахир, дарёлар, тоғлар ёнбағридан, адирлару қия тепаликлар ёнидан ўтаётган янги йўлларни қуришни ўзи бўладими? Тожиддин аканинг изи юртимизда барпо этилган юзлаб километр йўллар, минглаб шогирдлар ва энг муҳими, ибратли ҳаётидир.

Юртимизда инсон қадри улуғланаётган бугунги кунда Президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши ҳам Тожиддин Тошматов меҳнатига берилган юксак баҳодир.

– Механизаторлик касбини ардоқлаб кам бўлмадим, – дейди Тожиддин Тошматов. – Эл-юртга нафим тегди, юрт равнақига ҳисса қўшдим. Орзуйимдаги йўлларни қуриб муродимга етдим. Энг асосийси, инсон қадри улуғланган, меҳнати қадрланган юртда яшаяпман. Бундан бир умр фахрланаман!

Аслида ҳам инсон учун энг катта бахт ўз фаолиятидан кўнгли тўлиб яшаш саодатидир.

Саминжон ҲУСАНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?