Иссиқлик етказиб беришнинг ёпиқ тизимига ўтилди

12:11 02 Декабрь 2025 Жамият
170 0

Қиш мавсумида истеъмолчи сифатида кўпчиликни иссиқлик таъминоти масаласи қизиқтириши тайин.”Бухороэнергомарказ” акционерлик жамияти мижозларининг эса хавотирланишларига ҳожат йўқ. Негаки, корхонада модернизация ишлари амалга оширилди. Мижозларга марказлаштирилган иссиқлик етказиб беришнинг ёпиқ тизимига ўтилди.

Дастлаб объектларда жами 273 та индивидуал иссиқлик пункти ўрнатилди. Бешта замонавий сув иситиш қозони ўрнатилди. 5,5 километр узунликдаги тармоқлар реконструкция қилинди. Бу юмушлар йўқотишлар олдини олибгина қолмай, кимёвий тозаланган сувни тежаш ҳам имконини бермоқда. Пунктлардаги ақлли ҳисоблагичлар воситасида эса энергия миқдори, ҳарорати, босими реал вақт режимида кузатиб борилади. Бошқача айтганда, истеъмолчи учун ҳам, етказиб берувчи учун ҳам ҳаммаси беш панжадек аён. Яна бир қулайлиги шундаки, ташқи ҳавога қараб ҳароратни автоматик созлаш мумкин. Носоз ҳолатларни онлайн аниқлаш ва уларга тезкорлик билан барҳам беришга ҳам шарт – шароит мавжуд. Бу юмуш мамлакатимиз ҳамда Жаҳон банкининг “Андижон, Чирчиқ, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида бажарилди.

Корхона масъулларининг таъкидлашларича, лойиҳа шарофати билан йилига 6,4 миллион куб метр табиий газ, 0,9 миллион киловатт соат электр энергияси, 1 миллион куб метр ичимлик суви иқтисод қилинишига эришилади. Ҳавога чиқариб юбориладиган зарарли газлар миқдори ҳам кескин камаяди.

Мазкур корхона айни пайтда Бухоро шаҳридаги 202 та кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи салкам ўттиз минг аҳоли ҳамда 30 дан зиёд ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер