Ишсизликдан ҳоли ҳудудга айландик

18:25 06 Февраль 2026 Жамият
406 0

Ўтган йили маҳалламиз аҳлининг турмуши ва бандлигини ўрганишга келган гуруҳ раҳбари “ Раис, қани, бизни доимий иш билан банд бўлмаган бирор оилага бошланг” деди. Маҳалламизда у киши истаётган хонадон қолмаганлиги боис “ Бизда ҳамма ишли, бекор юрганлар йўқ” дедим. Меҳмон бу гапимга ишонмади, шекилли, “Хўп, унда бир-иккита ҳовлига кирайлик-чи...” дея асосан кўринишидан дабдабасиз, пастқамроқ уйларга кириб чиқди. Лекин ҳар бирида ўзи кутган манзара эмас, файзу барака уфуриб турганини кўриб, буни ҳақиқатлигига ишонди.

Хўш, у киши бу хонадонларда нималарни кўрди? Яшнаб турган томорқа, мўл ҳосилли боғдан ташқари молхонадаги ўндан зиёд қўчқор, бир неча сигир ва қўй-қўзиларнинг ўзиёқ бу хонадонларда бир эмас, бир неча киши учун доимий иш борлиги, оила аъзолари асло бекор эмаслигига далолат бўлди. Хонадонлардан бирининг соҳиби меҳмонга, “Рости, бундан тўрт йил аввал қорамол тугул, товуғим ҳам йўқ эди, шукрки, ҳам молиявий, ҳам мутахассисларнинг чорвачиликни самарали юритиш бўйича бераётган доимий тавсиялари туфайли ишимиздан барака топдик. Дастлаб 20 миллион сўм кредит билан иш бошлаган бўлсам, ҳозир оғилимдаги бир бош ўртача қорамолимнинг ўзи шунча пул бўлади...”

Дарвоқе, маҳалладошимиз айтганидек, чорвачиликми, деҳқончиликми ё бошқами – қайси йўналишда бўлмасин, иш бошлаган борки, унга ҳар томонлама кўмак берилмоқда. Масалан, бизнес – режасини тузиш, ишни иннавацион усулда ташкил қилишга ёрдам кўрсатилади. Ҳатто топган даромадини беҳуда сарфламай янада кўпайтиришгача фойдали маслаҳатлар ҳам бериб борилади. Яна бир қулайлик шуки, деҳқончилик, чорва билан машғул бўлганларга агро ва зоотехник хизматлар ташкил қилинган. Қолаверса, зарур препаратлар, ўғитлар учун узоққа бориш шарт эмас.

Маҳалламизда сўнгги йиллар давомида камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжмандларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кенгайтириш, аҳоли даромадларини ошириш борасида кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, ўтган йили оилаларнинг юздан зиёд аъзолари доимий ишларга жойлаштирилди. Тадбиркорликни бошлаш учун кредит, ссуда ва субсидия ажратилди. Шу билан бирга деҳқончилик қилиб даромад топишлари учун ер ҳам берилди. Ана шу каби саъй-ҳаракатлар туфайли 2025 йилда камбағаллик даражаси 8 фоиздан 4,5 фоизга туширилди.

Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йилларда маҳалламизнинг бир қатор инфратузилмалари яхшиланиши натижасида ҳам аҳоли турмуш тарзи сезиларли даражада юксалди. Хусусан, маҳалланинг ички йўллари тўлиқ таъмирланди. Мавжуд 25 та кўчага чироқлар ўрнатилди, маҳалла биноси, спорт майдончаси, саломатлик йўлакчалари, қишлоқ врачлик пунктлари, мактаблар таъмирланди ва моддий-техника базалари янгиланди. Янги давлат мактабгача таълим ташкилоти очилди. Ичимлик суви, газ таъминоти, электр энергияси тармоқлари тўллиқ таъмирланди. Шунингдек бир қатор хизмат кўрсатиш йўналишлари ташкил этилди.

Маҳалламизда аҳолининг ишсиз қатлами кескин камайиб, оилалар даромади ортганлиги ҳар бир хонадоннинг турмуш тарзида намоён бўлмоқда. Масалан, яқинда ҳисоблаб кўрсак, сўнгги вақтда маҳалламиздаги 30 дан зиёд оила янги автомашина харид қилибди. Ўнлаб янги уйлар қад ростлади. Яна бир қувонарли жиҳат, маҳалламиздан олий ўқув юртларида ўқиётган ёшлар йил сайин кўпаймоқда. Зеро, ана шу мисоллардан ҳам маълум: ҳаракат қилган, омилкорлик билан иш юритган борки, албатта иши юришади, барака топади.

Дилшод АВЕЗОВ,

Боёвут туманидаги

“Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?