Ишламайдиган комиссия кимга керак?
Бугун тўй ва маъракалар оддий урф-одат бўлиб қолмай, кўп оилалар учун қарз, ташвишга айланиб улгурди. “Одамлар нима дейди?” деган гап билан ортиқча сарф-харажатга киришиляпти, натижада ёш оилалар ҳаётни қарз билан бошлаяпти. Президент ташаббуси билан тўй ва маъракаларни тартибга солиш масаласининг яна кун тартибига олиб чиқилгани бежиз эмас.
Жорий йилда Сўх туманида тўй ва маросимларни тартибга солиш масаласи юзасидан депутатлик сўрови киритилди. Унда туманда мазкур йўналишда қарорлар қабул қилинган бўлса-да, уларни ҳаётга татбиқ этадиган, қоғозда эмас, амалда ишлайдиган тизим шаклланмагани, назорат ва мувофиқлаштириш ишлари йўлга қўйилмагани очиқ-ойдин кўрсатилди. Оддий айтганда, қарор бор, аммо уни бажаришни таъминлайдиган, аҳоли билан ишлайдиган ва жавобгарликни ҳис қиладиган аниқ тартиб йўқ.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, “Сўх”, “Сарибозорча”, “Мулгон”, “Демурсад”, “Занғат”, “Чумоқча”, “Чашма”, “Навобод”, “Гулистон” ва “Қалбача” маҳаллаларида оилавий маросимларни ихчамлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар жуда қониқарсиз. Халқ депутатлари Сўх тумани Кенгашининг жорий йил 17 сентябрь куни бўлиб ўтган сессиясида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш ва мувофиқлаштириш учун махсус туман комиссияси тузилди. Унга нафақат қоғоздаги қарорни бажарувчи, балки жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширувчи тузилма сифатида аниқ ваколат берилди. Қарор ижросини таҳлилида кўрилдики, амалда бунга етарли эътибор берилмаган. 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори асосида ҳам Сўх туманида тўй ва маросимларни тартибга солиш бўйича махсус комиссия ташкил этилганди. Эгизак қарорларга қарамай, шу пайтгача комиссия ва унинг аъзолари деярли фаолият кўрсатмаган. Ҳозирги ҳолатда ҳам аввалги қарор ижросини таъминламаган раҳбарликда яна бир комиссия тузилган. Қизиқ томони, рўйхатга киритилган бир неча аъзо ўзлари бу қарордан бехабар. Номлари рўйхатда бўлишига қарамай, бирор ишда иштирок этмаган. Туман комиссияси самарали ишламаётган бир пайтда барча оғирлик “маҳалла еттилиги” зиммасига тушмоқда.
Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Сўх туманида 372 та никоҳ қайд этилган бўлса, 59 та оилавий ажрим бўлган. Ажримларнинг 30 таси 30 ёшгача бўлган ёш оилалар ҳиссасига тўғри келади. Натижада 38 нафар бола тирик етим қолган. 25 та маҳалланинг иккитаси ажримлар кўпайгани сабабли “қизил” тоифага ўтказилган. Фақат 3 та маҳаллада ажрим кузатилмаган, 20 та маҳаллада эса вазият нисбатан барқарор деб баҳоланган. Албатта, иш тўғри ташкил этилган жойда натижа борлигини инкор этиб бўлмайди.
Сўх туманидаги “Ҳазрати Али” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилган изчил ишлар натижасида 48 та тўй маросими қарор талабларига риоя этилган ҳолда ихчам ва камхарж ўтказилди. Таъзия маросимлари уч кун ичида якунланиб, ортиқча харажатларга йўл қўйилмади. Тежалган маблағлар маҳалла ободлигига йўналтирилиб, икки қаватли маҳалла биноси қурилди. Кам таъминланган оилалар уй-жой билан таъминланди. 1,5 километр масофага сув қувури тортилиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.
Тўй ва маъракалар ихчам ўтказилган маҳаллаларда аҳолида ўқиш, ҳунар ўрганиш ва ижтимоий фаоллик юқорилиги сезилади. Шунинг учун тўйлар ва оилавий маросимларни тартибга солиш бўйича маҳаллий комиссиялар, масъуллар тушунтириш ишларини олиб боришса, фақат қоғоздаги эгизак қарорлар эмас, ҳақиқий ҳаётда ҳам ўзгаришлар бўлади. Аҳоли ҳам буни тушуниб етади. Тўйлар ихчам ва мақсадли ўтказилса, бу нафақат оила бюджетини мустаҳкамлайди, балки жамият фаровонлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Субҳонали НИШОНОВ,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг