Инсоният учун энг хавфли қурол ишлатилган кунга 80 йил тўлди

17:05 06 Август 2025 Дунё
232 0

Фото: Архив фото

1945 йилнинг 6-август – инсоният тарихига қора ҳарфлар билан ёзилган кун. Айнан шу санада Америка Қўшма Штатларининг 33-президенти Гарри Трумэн буйруғи билан Япониянинг Хиросима шаҳрига атом бомбаси ташланди. Бу неча юз минг йиллик инсоният тарихида кўрган энг хавфли қурол эди.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, АҚШнинг бу ҳаракати оқибатида 200 мингдан зиёд япон фуқаролари ҳалок бўлган.

АҚШ нега бундай қилди?

1945 йил ёзида Иккинчи жаҳон уруши Германиянинг таслим бўлиши билан Европада якунланган бўлса-да, Тинч океани минтақасида Япония ҳануз кучли қаршилик кўрсатаётган эди. АҚШ учун бу урушни тезроқ якунлаш сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этарди.

Япония 1930-йиллардан бошлаб Корея, Хитой ва Жануби-Шарқий Осиёда агрессив ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган эди. Айниқса, 1937 йилдаги Хитой-Япония уруши давридаги Нанкин қирғини каби воқеалар АҚШ жамоатчилигида ғазаб уйғотган ва Японияни урушдан тўхтатиш зарурати тобора ошиб бораётганди.

Шу шароитда инсоният тарихидаги энг оғир қарорлардан бири қабул қилинди — атом бомбаси илк бор жанговар мақсадда фойдаланилиши керак деб топилди.

“Манхеттен лойиҳаси” – даҳшатли қуролнинг бошланиши

Атом бомбаси АҚШ, Британия ва Канада олимлари ҳамкорлигида яратилган “Манхеттен лойиҳаси” натижасида пайдо бўлган. 1945 йилнинг июлида АҚШдаги Невада чўлида атом бомбаси илк бор муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу синовдан сўнг қурол реал жанговар фойдаланиш учун тайёр деб баҳоланди.

Дипломатик огоҳлантириш – Потсдам декларацияси

26-июлда АҚШ, Британия ва Хитой томонидан Японияга “Потсдам декларацияси” юборилди. Унда агар Япония зудлик билан таслим бўлмаса, “тез ва тўлиқ ҳалокат”га учрайди, дея огоҳлантирилди.

Япония бу баёнотга расман жавоб бермади. Бу ҳолат рад жавоби сифатида талқин қилинди ва АҚШ якуний қарорни қабул қилди.

Воқеа содир бўлган кун

1945 йил 6-август, душанба соат 08:15. АҚШнинг B-29 русумли бомбардимончи самолёти “Enola Gay”, бошқарувда полковник Пол Тиббетс, Тиниан оролидаги ҳарбий базадан осмонга кўтарилади.

Бир неча соатлик парвоздан сўнг, Хиросима шаҳрига 600 метр баландликдан “Little Boy” деб номланган уран асосидаги атом бомбаси ташланди.

Хиросима стратегик ва ҳарбий саноат маркази ҳисобланган. Шаҳар танланишида унинг рельефи ва бомбанинг портлаш кучи аниқланиши учун “идеал жой” бўлиши ҳам инобатга олинган.

Портлаш ва ундан кейинги ёнғинлар оқибатида ўша куннинг ўзида 70-80 минг киши ҳалок бўлди. Йил якунига бориб бу рақамлар 140 мингга, бир неча йиллардан кейин эса 200 минг кишига етди. Қурбонларнинг катта қисмини аёллар, болалар ва кексалар ташкил қилган. Юзлаб одамлар кейинчалик радиация сабабли саратон, генетик касалликлар ва ногиронликдан азият чека бошлади.

Иккинчи бомба: Нагасаки

АҚШ Хиросимадаги портлашдан уч кун ўтиб, 1945 йилнинг 9-августида Япониянинг яна бир шаҳри — Нагасакига иккинчи атом бомбасини ташлади. Бу бомба “Fat Man” деб номланган эди. Ўша куни 70 минг нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлди.

Уруш ниҳояси

1945 йил 15-августда Япония императори Хирохито радио орқали халқига мурожаат қилиб, уруш тўхтатилганини эълон қилди. 2-сентябр куни эса расман капитуляция ҳужжати имзоланди. Шу тариқа Иккинчи жаҳон уруши якунга етди.

Халқаро муносабат ва баҳслар

АҚШнинг бу ҳаракати ўша даврда урушни якунлашда муҳим роль ўйнаган деб баҳоланди. Расмий позицияга кўра, атом бомбаси юз минглаб америкалик аскарнинг ҳаётини сақлаб қолган ва Япония империясини тезроқ таслим бўлишга мажбур этган.

Аммо кейинчалик бу қарор халқаро ҳуқуқ, ахлоқий мезонлар ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан энг баҳсли масалалардан бирига айланди. Кўплаб тарихчилар ва ҳуқуқшунослар бу ҳаракатни инсониятга қарши жиноят, тинч аҳолига нисбатан оммавий қирғин сифатида баҳолаган.

Оғир сабоқ

Тарих энг яхши устоз деганлари каби бу воқеа орқали атом бомбаси инсониятга қандай даҳшатли оқибатлар келтириши мумкинлигини бутун дунё ўз кўзи билан кўрди. Биргина бомба нафақат минглаб бегуноҳ инсонларни ҳаётдан олиб кетди, балки бутун шаҳарларни ер билан яксон қилди, авлодлар саломатлигига ҳам тузатиб бўлмас даражада зарар етказди.

Бу ҳодиса инсониятни илмий ютуқларнинг ёвуз ниятларда қўлланилиши қандай фожиаларга олиб келишини чуқур англашга мажбур этди. Бир сўз билан айтганда атом бомбаси тарихи – бу оғир сабоқ, дунё эса бу сабоқдан тўғри хулоса чиқариши керак.

Бугун эса бу фожиа замонавий дунёга ҳам огоҳлантирувчи ишора бўлиб қолмоқда. Ядро қуроллари захираси тобора кенгайиб бораётган бир пайтда, инсоният яна шундай фожиага йўл қўймаслиги учун тарихдан сабоқ олиши зарур. Урушда ҳеч қачон ҳақиқий ғолиб бўлмайди.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?