Илмий-акадeмик ҳамкорлик янги босқичларда

Мамлакатимиз раҳбарининг олиб бораётган ташқи сиёсати, хорижий давлатлар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари мамлакатимиз халқ хўжалигининг барча жабҳалари қатори таълим соҳаси истиқболи учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда таълим ва илм-фан ривожини халқаро ҳамкорликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Глобал билимлар алмашинуви, халқаро тажрибалар ўзлаштирилиши ҳар бир олий таълим муассасасининг стратегик йўналишига айланган. Айниқса, чет тиллар таълими соҳасида дунёнинг етакчи олийгоҳлари билан ўрнатиладиган академик алоқалар профессор-ўқитувчиларимиз ва талабаларимизнинг малакасини ошириш, ўқитиш методикаларини инновацион ёндашувлар билан бойитиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари сифатини яхшилашда муҳим омил бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11-13 март кунлари Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида ташкил этилган «Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги» мавзусида қўшма конференция ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди. Унда ҳар иккала мамлакатнинг 30 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Мазкур анжуманда Самарқанд давлат чет тиллар институти делегацияси Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик Маркази (KOKORO Lingua) таъсисчиси ва директори Наталие Лесселин хоним билан таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича музокара ўтказди. Музокараларда нафақат Самарқанд давлат чет тиллар институтида, шунингдек, Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида француз тилини ўқитишни ривожлантиришда инновацион методларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик олиб боришга келишилди. Музокаралар натижасида Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Франциянинг француз тилини ўқитиш инновацион методик маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди.
Шунингдек, институтимиз делегацияси Франциянинг Пол Валери номидаги Монпелье университети фаолияти билан танишиб, ушбу олий таълим муассасаси ректори Анне Фраиссе хоним билан ҳам музокаралар ўтказди. Мулоқот чоғида иккала таълим муассасаси ўртасида илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликда ишлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури Key Action 1 гранти ёрдамида 2027 йилгача бўлган муддатда Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Монпелье университети ўртасида 7 нафар талаба ҳамда 6 нафар профессор-ўқитувчининг академик мобиллиги амалга оширилиши белгиланди.
Айни пайтгача Самарқанд давлат чет тиллар институти Франциянинг етакчи университетлари – Пуате университети, Қуйи Нормандия Кан университети, Сорбон университети, Лион-2 университети, Сержи Понтуаз университети, Париж академияси ва бошқа олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу алоқалар нафақат ўқув жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш, балки талабаларнинг халқаро миқёсда билим олиш имкониятларини кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш имконини бермоқда.
Институтимиз Erasmus+ дастурлари доирасида Пуате университети билан ҳамкорликни кенгайтириб, бир қатор муҳим ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Самарқанд давлат чет тиллар институти жамоаси хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун глобал таълим майдонида янада кўпроқ имкониятлар яратишга интилади.
Баҳодир ХОЛИҚОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг