Илм қадр топган юртда яшаш саодати
Ўзимни энг бахтли олима, айни пайтда энг омадли ўқитувчи санайман. Сабаби ёш бўлишимга қарамай, юртимиздагина эмас, балки Марказий Осиёдаги нуфузли ва йирик олий ўқув юртларидан бири — Ўзбекистон Миллий университетида талабаларга сабоқ бериб келяпман.
Яқинда 105 йиллик юбилейини нишонлаган университетимиз тарихини билмайдиганлар топилмаса керак. У Ўрта Осиё ва Қозоғистонда ташкил этилган биринчи олий ўқув юрти ҳисобланади. Яъни фаолиятини 1918 йили Туркистон халқ университети сифатида бошлаган бўлиб, кейинчалик Туркистон давлат университети, Ўрта Осиё давлат университети, Тошкент давлат университети номини олган.
Президентимизнинг тегишли Фармонига биноан Миллий университет мақоми берилди. 1995 йилдан эътиборан эса Мирзо Улуғбек номи билан атала бошланган.
Университет ҳаётида сўнгги йилларда сифат ўзгаришлари юз бермоқда. Таъбир жоиз бўлса, ислоҳотларнинг янги даврида ЎзМУ ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйди.
Давлатимиз раҳбарининг “2019 — 2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлди. Натижада у ёшларнинг истеъдоди юзага чиқадиган, илмий ғоя ва ташаббуслари амалиётга кўчадиган илм-маърифат маскани, инновациялар марказига айланмоқда. Ўзимнинг илмий-педагогик фаолиятим мисолида бунинг гувоҳиман.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёшларга, айниқса, хотин-қизларга билим олиши, илмий изланишлар қилиши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар, тақдим этилаётган улкан имкониятлар инъикосини ЎзМУда яққол кўриш мумкин. Бунинг самараси ўлароқ, талаба-ёшлар орасидан ёш олимлар етишиб чиқмоқда. Улар сафида хотин-қизлар сони кўпайиб бораётгани, айниқса, қувонарлидир.
Ўзимдан қиёс. “Шакар ўрнини босувчи моддалар асосида қонда гипергликемия чақирмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳам “Бўлажак олим” республика танловида юқори баҳоланиб, 14 нафар ғолиблар қаторида рағбатлантиришга тавсия этилди.
Айтиш жоизки, ҳудудларда илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, нуфузли илмий мактабларни шакллантириш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш мақсадида ташкил этилган ушбу танлов менинг илмий фаолиятимда туб бурилиш ясади. Ўзимга бўлган ишончни оширди. Илмий ишимни давом эттириб, олим бўлиш қароримни янада қатъийлаштирди.
Номзодлик илмий-тадқиқотимни “COVID-19”га чалинган организмлар фаолияти тикланиш даврининг физиологик механизмлари” мавзуида олиб бордим. Бу мавзунинг бежиз танлаганим йўқ. Чунки 2019-2022 йилларда ушбу дардга чалинган беморларнинг кўпчилиги бу ёруғ оламни тарк этди. Улар орасида отажоним шифокор Баҳодир Аҳмедовнинг ҳам борлиги илмий ишимга бошқача назар билан ёндашишга катта туртки бўлди. Бутун дунёни алғов-далғов қилиб юборган ушбу вирус оқибатларини, “COVID-19”дан кейинги тикланиш даврининг физиологиясини чуқурроқ тадқиқ қилишга уриндим.
Табиийки, бунда устозларим, айниқса, ЎзМУ биология факультети декани, профессор Тўхтасин Абдраҳмонов, “Одам ва ҳайвонлар физиологияси” кафедраси жамоаси, илмий раҳбарим академик Бакридин Зариповнинг ёрдамлари биқиёс бўлди. Қолаверса, расмий оппонент сифатида “COVID-19 бўйича етук мутахассис, профессор Н.Атабековнинг тайинлангани зиммамдаги масъулиятни янада оширди.
Олиб борилган изланишлар натижасида “COVID-19”га бағишланган 20 дан зиёд мақола, тезисларим дунёнинг нуфузли журналларида, конференцияларда чоп этилди. Жаҳонда илк бор менинг мавзуимда жонажон Янги Ўзбекистонимизда, Ўзбекистон Миллий университетида I Халқаро коронавирус физиологиясига бағишланган илмий-амалий конференция, шу йили унинг мантикий давоми иммунофизиологияга оид халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатларидан нуфузли олимлар маърузалар билан қатнашишди.
Биология фанлари бўйича фалсафа докторлиги учун ёзилган диссертация ишимни Самарқанд давлат университети ҳузуридаги Илмий кенгашда ҳимоя қилдим. Фалсафа доктори (PhD) дипломимни қадрдон университетимизнинг қутлуғ 105 йиллик тантаналари арафасида қўлимга олганим мен учун қўшалоқ байрам бўлди.
Мен илм қадр топган юртнинг ёш олимаси, ёш мутахассиси эканлигимдан фахрланаман. Президентимизнинг ёшларга билдираётган ишончини оқлаш, берилаётган кенг имкониятларга муносиб жавоб қайтариш, Ватан равнақига хизмат қиладиган фидойи ёшлар қаторида бўлиш учун бор имкониятимни ишга соламан.
Гулсара АҲМЕДОВА,
Ўзбекистон Миллий университети Биология факультетининг
“Одам ва ҳайвонлар физиологияси” кафедраси ўқитувчиси,
биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг