Ҳўқанди латифга нур киритган ташаббуслар

15:52 06 Октябр 2025 Жамият
203 0

Бугун ҳар қачонгидан-да мафтункор, дунёнинг мегаполис шаҳарларидан бирига айланиб бораётган Қўқон шарқона латофати билан жаҳон ҳамжамиятини ўзига тортмоқда. Бу латиф шаҳарга келган киши ўзини эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилади. Ҳунармандчиликнинг энг моҳир уста-ю устазодалари – ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, кулолчилик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик дейсизми, ҳаммасининг ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналари бор.

Жорий йилда кўҳна кентнинг “Азизтепа” МФЙ ҳудудида қурилиши бошланган “Янги Ўзбекистон” массивидаги бунёдкорлик ишлари ҳам шаҳар кўркига-кўрк қўшмоқда. Эзгу ташаббуслар доирасида 34,2 гектар майдонда 6 минг 385 хонадонли 84 та кўп қаватли уйлар қад ростлаётганидан аҳоли миннатдор. Айни пайтда ушбу манзилга 50 та замонавий кранлар, 200 дан ортиқ юк машиналари жалб этилган. Икки минг нафар қурувчилар меҳнат қилмоқда.

— Яқин йилларгача шаҳарда бармоқ билан санарли тўққиз қаватли бино бўлиб, шунгаям қувониб юрардик,— дейди “Нуроний” жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими раҳбари Манзур Абдуллаев. — Шаҳримизда бундай катта қурилиш 75 йил давомида бўлмаган. Ҳозир ўша дилни эзадиган эски чордеворлар, пастқам уйлар, тор ва диққинафас кўчалар ўтмишга айланган. Кейинги йилларда Қўқон нуфузли халқаро анжуман ва фестиваллар марказига айланиб бораётганидан хурсандмиз. Йилдан-йилга аҳоли сони ҳам ошиб бормоқда. Бундай улкан мегалойиҳаларни амалга ошириш аҳолини бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ яшашига хизмат қилади.

Мазкур янги массивда таълим муассасалари, Бизнес маркази, меҳмонхона, савдо ва кўнгилочар масканлар ҳам қуриб битказилади. Унинг марказида сайилгоҳ ташкил этилади. Мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча қулай шароитлар, манзарали дарахтлар аллеялари яратилади. Шу тариқа яқин истиқболда бу ерда 50 минг нафар ҳамюртимиз тўкис ҳаёт кечириши учун энг замонавий қулайликлар яратилади. Эътиборлиси, қурилиш жараёни тўлиқ давлат маблағлари ҳисобидан бажарилмоқда. Уйлар қуриб битказилгач, янги хонадон орзусидаги ҳамюртларимиз қурувчилар эмас, тўғридан-тўғри тижорат банклари билан шартнома тузади. Бу ортиқча оворагарчиликларнинг ҳам олдини олади.

— Биз жамоамиз билан 16 қаватли уй қуряпмиз, — дейди қурилиш соҳасида йигирма йиллик тажрибага эга Севгиддин Ғойипов. — Иш жараёнида энг илғор ва янги тажрибалардан фойдаланяпмиз. Шу боис иморат жуда қисқа вақтда кўтарилди. Бир пайтнинг ўзида турли безаклар, пардоз бериш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Қурилиш бошлашдан олдин турли таҳлиллар ўтказилиб, бинонинг 8 балли зилзилага бардошлилиги таъминланди.

Айни пайтда ҳудуддаги кўплаб уйларда ташқи безак бериш, ички пардозлаш, жиҳозлаш ишлари якунига етказилмоқда. Реновация дастури доирасида маҳаллага ёндош кўчаларда ҳам кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мовароуннаҳр кўчасидаги маънан эскирган икки қаватли эски уйлар ўрнида 9 қаватли уйлар қуриб битказилиб, босқичма-босқич янги уйи эгаларига топширилмоқда. Янгиланаётган Қўқон тимсолида муҳташамлик билан бирга гўзаллик, салобат, ободлик мужассам. Янги массивдаги улуғворликни кўриб дилингиз яйрайди.

Ботир МАДИЁРОВ

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?