Ортга қайтмас ислоҳотларнинг мустаҳкам кафолати
Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий харитаси
Ватанимиз тарихида беқиёс аҳамиятга эга бўлган сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида туриб яна бир карра амин бўлмоқдамизки, халқ иродаси, миллий қадриятлар ва умуминсоний ғояларни ўзида мужассам этган Асосий Қонунимиз бугун жамият ва мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, янги таҳрир билан киритилган барча ўзгартиришлар одамларимизнинг турмуш тарзида, кундалик ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.
Конституция халқимиз манфаатлари ҳимоячиси ва истиқболининг ўзига хос ҳуқуқий харитасига айланган. Албатта, Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси ўтган даврда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини ҳам тубдан ўзгартирди. Аввало, Бош қомусимиз асосида 2024 йил 27 октябрь куни Қонунчилик палатасига сайлов Сайлов кодексига мувофиқ умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида бўлиб ўтди.
Миллий сайлов тарихи тизимида сайлов биринчи марта аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал асосда ташкил этилди. Халқимиз нафақат ўзи танлаган депутатларни сайлашди, балки сиёсий партияларга ҳам баҳо берди.
Шу аснода Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутат таркибининг партиявий мансублигига кўра — ЎзЛиДеП 64 та (42,7 фоиз), “Миллий тикланиш” ДП 29 та (19,3 фоиз), “Адолат” СДП 21 та (14 фоиз), ЎзХДП 20 та (13,3 фоиз), Экологик партия 16 та ўрин (10,7 фоиз) эгаллади.
Сайланган депутатларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини хотин-қизлар ташкил этиб, бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткичдир.
Депутатлар таркиби турли соҳа вакиллари орасидан сайланди. Бу жамиятдаги турли масала ва муаммоларни қонунчилик асосида ҳал этиш имкониятини кенгайтирди.
Конституция талабидан келиб чиқиб Палатада тизимли равишда сиёсий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 18 — 20 ноябрь кунлари Олий Мажлис палаталари мажлисларидаги нутқлари янги таркибдаги парламент, шу жумладан, Қонунчилик палатаси фаолиятига янгича руҳ ва янги мазмун касб этган эди. Унда қуйи палатанинг кенг кўламдаги фаолиятига доир энг муҳим йўналишлар аниқ белгиланиб, устувор вазифалар таъкидлаб ўтилганди.
Давлатимиз раҳбарининг бу нутқлари Қонунчилик палатасининг барча форматдаги фаолияти, депутатларимизнинг ишчан саъй-ҳаракатлари ҳамда қонун ижодкорлиги учун ўзига хос дастур бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Қонунчилик палатасининг раҳбарияти, жумладан, икки нафар Спикер ўринбосари сайланди. Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари Спикер ўринбосарлари эмас, балки фракция раҳбари сифатида фаолият кўрсатган ҳолда, уларнинг мустақиллиги ва ваколатлари кенгайди.
Қонунчилик палатасида 10 та қўмита тузилди. Хусусан, Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ, Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмиталари фаолияти тубдан ва моҳиятан қайта ташкил этилгани ислоҳотларнинг энг муҳим устувор йўналишларида парламентнинг иштироки, ўрни ва таъсирини яққол кўрсатмоқда.
Қонунчилик палатасига юклатилган вазифаларни самарали амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида унинг ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича, Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича, Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича, “Ташаббусли бюджет” жараёнларида парламент назоратини амалга ошириш бўйича парламент комиссиялари ташкил этилди. Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ самарали фаолият олиб бормоқда.
Бугун Қонунчилик палатасида рақобат ва баҳс муҳити тобора кенгайиб бормоқда. Бу ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Конституцияда белгиланган ваколатлари амалда тўлиқ акс этаётганидан далолатдир. Масалан, икки етакчи сиёсий партия — ЎзЛиДеП ҳамда “Миллий тикланиш” ДП фракциялари томонидан “Тараққиёт блоки” ташкил этилди. ЎзХДП эса ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилди.
Ҳозирда Палатада кўрилаётган барча масалаларда, қабул қилинаётган қонунларда ҳар бир фракциянинг ва айниқса, мухолиф фракциянинг қарашлари ва таклифлари акс этмоқда.
Қуйи палата қўмиталари фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни янада кучайтириш мақсадида улар ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Жамоатчилик кенгашлари тузилди.
Қонун лойиҳаларининг муҳокамаларида жамоатчилик вакиллари, эксперт ва мутахассислар, ташаббускор фуқароларимизнинг бевосита иштирок этиш тизими муваффақиятли ишлаб ўз самарасини бермоқда. Ҳозиргача қабул қилинган қонунларда улар берган асосли таклифлар акс этган.
Умуман, Палата фуқаролик жамияти институтлари билан тамомила янгича асосда ва услубда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шу кунларда бўлиб ўтган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасидаги барча тадбирларда депутатлик корпуси вакиллари фаол иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар бўйича конструктив таклифлар билдиришди.
Президентимиз Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида депутат — бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсон дея таъкидлаган эди.
Ана шу юксак баҳога муносиб бўлиш мақсадида бугун депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти тубдан ўзгартирилди. Халқ вакилларининг сайловчилар билан учрашувларининг барча ташкилий-ҳуқуқий масалалари тўлиқ ечилди. Уларга қулай шарт-шароитлар яратилди.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида депутатлар 27 мингга яқин манзилларда учрашувлар ўтказди. 10 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларида бўлишди.
Кўпгина масалалар жойида ҳал қилинди. Сайловчилар томонидан билдирилган айрим таклиф ва мурожаатлар эса ҳуқуқий нормаларда акс этди.
Янги тизим асосида 2026 йил 1 январдан бошлаб, депутатлар танлови билан ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳа молиялаштирилиши белгиланди. Бу депутатнинг ўз сайлов округидаги масалаларни амалда ҳал этишнинг жуда муҳим механизмларидан бири бўлди.
Қонунлар қабул қилиш орқали Конституция
нормалари ҳаётга татбиқ этилмоқда
Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилинганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, Қонунчилик палатаси томонидан Конституция нормаларига уйғун бўлган янги қонунлар қабул қилинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад — инсон ҳуқуқларини мустаҳкам таъминлаш, жамият, мамлакат тараққиётининг замонавий ҳуқуқий асосларини яратиш.
Депутатлар амалдаги қонунчиликни Бош қомусимиз нормаларига мослаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Конституция билан Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган янги институтлар амалиётга татбиқ этиляпти.
Шунга кўра, якунига етиб бораётган йилда Қонунчилик палатасининг асосий фаолияти ҳисобланган қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жамиятимиздаги долзарб муаммоларга ҳуқуқий ечим топиш, халқчил қонунлар қабул қилиш ва қонун лойиҳаларининг сифатини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2025 — 2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури бу борада муҳим ўрин тутяпти.
Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар сони аввалги йиллардагига қараганда бирмунча кўпайди.
Ўтган даврда бутун бир соҳани тартибга солувчи қатор яхлит қонунлар кўриб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан.
Шунинг баробарида халқимиз фаровонлигини оширишга, аҳолига қўшимча енгиллик ва имтиёзлар яратишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қатор қонунлар ҳам қабул қилинмоқда. Энг муҳими, уларда Конституциямизда назарда тутилган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, барча эҳтиёжларини қамраб олувчи олий қадриятлар акс этмоқда.
Бир мисол, илгари амалиётда бўлмаган жуда кўп халқчил, ҳуқуқий асослар яратилди. Масалан, жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга доир тақиқ белгилашга ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқлари, уларни кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартлари қонун билан белгиланди. Кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битимини тузганлик учун жавобгарлиги назарда тутилди. Яъни жисмоний шахслар ўзлари билан кредит битимларини тузишга доир тақиқ белгилаш ва уни олиб ташлаш ҳуқуқига эга бўлди.
Яна бир қонун билан аҳолига видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб иштирок этиш имконияти яратилди.
Пенсия ёшига тўлган фуқароларга уларнинг мурожаатисиз автоматик тарзда (“проактив”) ёшга доир пенсия тайинланиши қонун билан кафолатланди.
Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қонун билан эса сайилгоҳ, хиёбон, боғ ва дарахтзорлар ҳамда улар жойлашган ерларни хусусийлаштиришни тақиқлаш, шунингдек, бу ҳудудларда бино ва иншоотлар қурилишини чеклаш орқали ушбу масканлар муҳофазасини кучайтириш чоралари белгиланди.
Буларнинг барчаси, энг аввало, инсон қадри учун хизмат қилмоқда, одамларимизнинг мушкулини осонлаштирмоқда, жамиятда адолатни таъминламоқда.
Бу эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши керак ва одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлиши лозим деган фикрлари ҳаётда ўз ифодасини топаётганидан далолатдир.
Парламент назорати — бу,
аввало, “халқ назорати,
халқ сўрови”
Асосий Қонунимизда парламент назорати институтининг фаол ишлаши учун зарур бўлган барча ҳуқуқий асослар белгиланган. Хусусан, Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари бўйича ҳар йилги маърузасини эшитиш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатларидан бири сифатида акс этган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, парламент назорати — бу, аввало, “халқ назорати, халқ сўрови” эканини унутмаслик лозим.
Парламентнинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича Конституциямиз ва қонунлар билан берилган зарур ваколатлардан самарали фойдаланилмоқда.
Президентимизнинг ўтган йил ноябрь ойидаги Олий Мажлис палаталари аъзолари билан ўтказилган мажлислардаги дастурий нутқларидан келиб чиқиб парламент назорати самарадорлигини янада ошириш, Қонунчилик палатаси ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариш юзасидан қатор чоралар кўрилди. Жумладан, вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар ва бошқа ташкилотлар Қонунчилик палатасининг қўмиталарига бириктирилди.
Вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарлари қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб белгиланди.
Парламент назоратини амалга оширишда ижро ҳокимиятининг қуйи бўғинигача тушиш, туман ва шаҳарлардаги муаммоларни, қонунлар ижросини тегишли қўмита ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда назорат-таҳлил тартибида ўрганиб бориш амалиёти йўлга қўйилди.
Парламент сўрови ва депутат сўровларини юбориш ҳамда қабул қилишнинг электрон тизимига ўтилди.
Парламент назоратининг энг муҳим йўналишларидан бири мамлакатнинг бош молиявий ҳужжати — Давлат бюджетининг самарали бажарилишини таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш.
Ўтган даврда Қонунчилик палатасининг Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмлари янада кучайтирилди. Хусусан, ҳукуматнинг Давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини қуйи палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатасига тақдим қилинадиган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот турлари кенгайтирилди.
Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси қўмиталарида ҳар олти ойда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлари бажарилиши юзасидан вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини, ҳар чорак якунида Солиқ қўмитаси, Божхона қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Давлат бюджети даромадлари прогнозининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиб бориш йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг 9 ойида Қонунчилик палатаси қўмиталари мажлисларида 18 та вазирлик, 4 та агентлик, 4 та қўмита ҳамда 4 та ташкилотнинг мақсадли индикаторлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахборотлари жами 29 маротаба эшитилди.
Ушбу амалиёт Давлат бюджети ижроси назоратида қўмиталарнинг ролини янада оширишга, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назоратини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети, давлат дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларини, Ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш, “Ҳукумат соати” институти каби муҳим демократик амалиётлар парламент ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади.
Сайловчилар томонидан кўтарилаётган долзарб масалалар юзасидан раҳбарларнинг ахборотини кўриб чиқиш, одамларни ўйлантираётган муаммолар бўйича депутатларнинг саволларига ҳукумат аъзоларининг жавобини эшитиш, давлат органлари раҳбарларига парламент ва депутат сўровларини юбориш сингари парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланилди.
Асосий Қонунимизга кўра парламент, хусусан, Қонунчилик палатаси мамлакат ташқи сиёсатига оид муҳим стратегик вазифаларни ҳал қилишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасини Барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботи мунтазам эшитиб борилмоқда.
Парламент назоратининг ушбу янги шакли Ўзбекистоннинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш борасидаги ўз миллий мақсадларига тўлақонли эришиши, шу аснода мамлакат тараққиётини таъминлашга ҳуқуқий ёрдам бермоқда.
Парламент дипломатияси
географияси кенгаймоқда
Конституциямизда белгиланган нормалар парламент дипломатиясини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асоси бўлмоқда. Парламентлараро алоқалар ташқи сиёсатимизнинг муҳим мулоқот воситаларидан бирига айланиб, парламент дипломатияси географияси кенгаймоқда.
Жумладан, Қонунчилик палатаси ҳам хорижий парламентлар билан самарали ҳамкорлик олиб бормоқда.
Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарорларига мувофиқ йирик парламентлараро тузилмалардаги доимий делегациялар таркиби тасдиқланди.
Ўзбекистон халқаро парламентарийларнинг нуфузли мулоқотлар марказига айланиб боряпти. Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бунга яққол мисол бўлиб, унинг доирасида 30 га яқин давлатларнинг парламентлари раҳбарлари билан бевосита учрашувлар ўтказилди.
Унда депутатлар минглаб парламентарийлар билан мулоқотда бўлишди, қонун ижодкорлиги йўналишида қизғин фикр ва тажриба алмашишди.
Айни вақтда Қонунчилик палатасида ташкил этилган парламентлараро гуруҳлар самарали фаолият олиб бориб, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги манфаатли алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қиляпти.
Албатта, буларнинг барчаси мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини янада юксалтириш, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғояларнинг амалга оширилишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Хулоса ўрнида айтганда, халқимизнинг ҳуқуқий тафаккури, хоҳиш-иродасининг ёрқин тимсоли ва амалий ифодаси бўлган Бош қомусимизнинг ҳар бир моддаси ва қоидасини миллий қонунчилигимизга мувофиқлаштириш, янги қонунлар қабул қилиш орқали Конституция нормаларини ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этишда парламент янада фаол ва ташаббускор бўлади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Конституциямиз мамлакатимизда миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ислоҳотларимизнинг ортга қайтмас тус олишини таъминлашда доимо ишончли кафолат бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.
Нуриддин ИСМОИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Бугун 2026 йилги Жаҳон чемпионатига қуръа ташланади
- Президент пойтахтда транспорт тизимини янгилашга доир муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг