Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал

17:51 08 Январь 2026 Жамият
352 0

Шеърнинг болалар ё катталарга мослаб ёзилгани бўлмайди. У шеърми, демак, матни ва шоирига кўра ўқилаверади. Аммо шоирнинг болаларбоп ё катталарбоплиги бўлиши чин.

Яна бир ҳақиқат борки, катта шоир болалар шоири бўла олмаса-да, болалар шоири катта шоир бўлиши мумкин. Анвар Обиджон – ана шундай болалар шоири эди, ана шундай катта шоир эди.

Мен олти ёшдан мактабга чиққанман. Демак, ўшанда беш ёш эдим. 2004 йиллар. Ҳар тонг телевизорда ўша шеър ўқиларди:

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат...

Беш ёшимда телевизор орқали ёдлаган эканман шу шеърни. «Боғчага бормаган экан, шеър ҳам билмаса керак», дея олти ёшдан мактабга қабул қилинишимни ҳайъат рад этаётганида, директорга шу шеърни бошдан-охир ёд ўқиган эканман. Шундан сўнггина мактабга қабул қилишган.

Йиллар ўтиб, шеърдан фақатгина «Биров ишга, биров ўқишга» деган сатр ва шеърнинг яшил автобусли «клип»и эсимда қолди. Жуда кўп ахтардим шу шеърни. Анвар Обиджон «Сайланма»сида ўқиб, роса хурсанд бўлгандим. Бобомга ўша йилларни эслатиб, ўша шеърни ўқиб берганимда болаларча қувонган эди…

Боғчага илк қадам қўйган укаларим ҳам энг биринчи ёдлаган шеърларини ўқий бошлайди: «Пиёз. Анвар Обиджон шеъри...»

Анвар Обиджон ёш танламас, замон ва макон чегарасини билмас катта шоиримиздир.

«Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Ҳаким Назир асарларини ўқиб, Худога шукр, шундай ижодкорларимиз бор-а, деб фахрланаман. Марк Твен, ака-ука Гриммлар, Шарл Перро, Жанни Родари сингари жаҳоншумул ёзувчиларни ўқиганда эса уларнинг ўзига хослиги, адабиётга ҳеч ким айтолмаган гаплар билан кириб келганини ўйлаб, э Худо, бизга ҳам ана шундай ёзувчилардан берсанг эди, деб ич-ичимдан орзу қилган пайтларим ҳам кўп бўлган. Ана шундай ижодкорни Аллоҳ бизга полосонлик Анвар Обиджон қиёфасида берганга ўхшайди», – деб ёзган эди Худойберди Тўхтабоев.

Мумтоз адибимиз ўз фикрини давом эттирган ҳолда шундай қайд этади:

«Анвар Обиджон адабиётга дунёдаги манаман деган болалар ёзувчиларидан қолишмайдиган кашфиёт билан кириб келди. Унинг топган усули жаҳондаги болалар ёзувчиларининг бирортасида учрамайди. Мисол, новча терак билан пакана теракнинг суҳбати. Новча терак бўйини кўз-кўз қилиб мақтаса, пакана терак «Бекор айтибсан! Сенинг новчалигингни менинг паканалигим билан ўлчашяпти. Мен пакана бўлмасам, сенинг нов-чалигингни ким биларди?» дейди. Бу гаплар инсониятга тааллуқли. Терак ҳақида сўз кетаётгани йўқ. Рамз – бу».

Ҳужжатларда 1947 йил 25 январь куни туғилганлиги қайд этилган шоир аслида 8 январда дунёга келган. Асарларнинг барчасини теран фалсафа ва юксак бадиият билан тўйинтирган Анвар Обиджон шеърларини тили энди чиққан, сўзларни чала-ярим, ширин қилиб айта бошлаган болажонлар ҳам ёддан ўқиб, катталарнинг олқишу эркалашларига эришади. Анвар Обиджон шеърларини мўйлаби сабза урган йигитчалар дўриллаган овозлари билан ўқиганча маҳбубалари кўнглига йўл излайди. Анвар Обиджон асарларини ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган одамлар ўқиркан, ташвиш оралаган қалблари таскин топади. Анвар Обиджон китобларини ўқиган оқсоқоллар китобдан кўз узолмасдан теран хаёлларга толади. Анвар Обиджонни гўдаклару юз ёшли инсонлар ўқийди. Анвар Обиджон чинакам халқ шоири сифатида катталару болалар адабиётининг залворли юкини икки елкасига тенг олиб, моҳир дорбоздай сўз санъатининг завқли, шу билан бирга, машаққатли, қалтис йўлидан ҳалол юриб ўтган улкан адиб, йўл бошида турган ёш қалбларга куч-қувват, далда бериб турган меҳрибон устоз шоирдир. Бу мунаввар сиймо ватанпарварлик, халқсеварлик бобида ҳам ҳаммага ўрнак бўлган.

Донишманд шоир 2020 йил 11 апрель куни 73 ёшида вафот этди. Аллома адиб гарчанд жисман орамизда бўлмаса-да, унинг «Ҳикматли ҳаёт» шеъри янги авлодлар учун васият каби янграб турибди:

Расво бўлган номус, ор учун,

Жангда ўлган дўст учун йиғланг.

Ёв топтаган гул диёр учун,

Тақиқланган сўз учун йиғланг.

Қолган дардлар – чархнинг ҳазили.

Отабек ИСРОИЛОВ

(«Халқ сўзи»).

ИККИ ЖУФТ ШЕЪР

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал

Тун пардаси очилиб аста

Чиқиб келар саҳнага қуёш.

Келинчакдек бўлиб ораста

Гул саломдан кўтаради бош.

Ҳовли гўё артилган чинни,

Йўллар гўё ювилган ойнак.

Қутлаш учун бу янги кунни

Эл оёқда турар жонсарак.

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Қаймоқ иси яйратар танни,

Дастурхонда иссиқ кулчалар.

Сув босгандек қақроқ ўзанни,

Одамларга тўлар кўчалар.

Асли ҳатто гўдак эмизмоқ

Баробардир оғир юмушга.

Ошиқарлар юраклар қайноқ,

Биров ишга, биров ўқишга.

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Дуч келади юзлаб чеҳралар.

Кўпин қайта кўрмоқлик маҳол.

Улар дилга яқин нақадар,

Шунинг ўзи туганмас иқбол.

Барчинойлар нигоҳида сир,

Алпомишлар кўзида яшин.

Ёшлик қайтар қалбга сочиб нур,

Эслайсан илк севги оташин...

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Бир маҳаллар беришган салом,

Энди эса олишар алик.

Тилларида дуо, хуш калом,

Саодатдир ҳатто кексалик.

Кулиб турган мунчоқкўз бола

“Тинчлик” сўзин солар ёдингга.

Сочларингдан эриб оқ тола,

Интиласан яна олдинга.

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Бу юртда алп чинорлар ўсар,

Кўк гумбазлар ўнгу сўлингда.

Бир азага кириб ўтсанг гар,

Сўнг ўнта тўй учрар йўлингда.

Гоҳ бировлар танишар илк бор,

Гоҳ йиғилар эски улфатлар.

Одамзодга дунё бўлмас тор.

То мавжуддир ширин суҳбатлар...

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Бош кўтармас кимдир ишидан,

Кимдир ўйлар улуғ бир режа.

Қўна бошлар юртимга кеча.

Бугунидан эл кўнгли тўлиб,

Эртанги кун учун тўплар дош.

Анвар шоир чарчоғи бўлиб,

Тоғ ортига ёнбошлар қуёш...

Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,

Умрнинг ҳар дами ғанимат.

Лейтенантга ошиқ қиз

Ўтмасангиз, кўчам сизни сўроқлар,

Ўтсангиз, дил қуёш мисол чарақлар.

Боқмасангиз, зорман, агар боқсангиз,

Шод кўзларим тугмангиздек ярақлар.

Уйқум бузар нағалингиз товуши,

Бир куйганнинг қийин экан совуши.

Бахцизман гоҳ васлингиздан ноумид,

Бахтлиман гоҳ тушларимда қовушиб.

Ҳалоскорсиз офат келса боғимга,

Даштда лочин, бургутимсиз тоғимда.

Интизорман, беқарорман, муштоқман,

Яшнаб боқинг пешвоз чиққан чоғимда.

Бир қараб ўтинг бизга, лейтенант,

Зор-у интизор қизга, лейтенант.

Бунча яқинсиз кўзга, лейтенант,

Менга не керак ўзга, лейтенант?..

Битта шоир камайса нима...

Битта шоир камайса нима,

Чарх яратар бошқа нусхасин.

Чўкиб кетса тўфонда кема,

Пишиқроғин ясар устаси.

Тўфонлардан сесканма, қалбим,

Қайиқлардек сузма қирғоқлаб.

Кемаман деб уммонга талпин,

Юз балога ўзингни чоғлаб.

Қайиқларда – илинж ва хоҳиш,

Кемаларда – орзу ва мақсад.

Бугун сенда бир олам ташвиш,

Гал келганда ўзингни кўрсат.

Ё тилиб ўт довулнинг кўксин,

Ё кемадек ғарқ бўл иззатда.

Унутмагил – қайиқлар чўкса,

Олинмайди ҳатто рўйхатга.

Тўфонлардан сесканма, қалбим!

Ибодат

Саксовулдай букчайиб

намоз ўқир тул кампир,

Ўйламанг у ўзига

тилаяпти деб умр.

Қабул этса гар Тангри

топширмоқчи жонини,

Қўмсар шаҳид ўғлин у,

қўмсар марҳум чолини.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер