Гиннес рекордини ўрнатган ёш муҳандислар

Ота-оналар фарзандлари ўз ҳаётларини илм-фан ва янги технологиялар билан боғлашларини хоҳлашади. Жорий йилда пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида ёш муҳандислар томонидан Гиннес рекорди ўрнатилгани фан билан шуғулланадиган ёшларга қанот бағишлади. Албатта, бу тасодифмас, неча йиллар давомида замонавий технологияларни бошқарадиган ёш муҳандисларни тайёрлаш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг ёрқин натижасидир.
Ушбу рекорд жараёнида 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 2000 нафар ёш муҳандис бир вақтнинг ўзида мини-роботлар йиғишга бел боғлади. Мақсад — қишлоқ хўжалигида фойдаланиш, хусусан, пахта териш жараёнини автоматлаштиришга қодир роботларни ясашга қаратилди. Бир уринишда 1946 та робот тўлиқ ишлаб чиқарилиб, муваффақиятли ишга туширилди. Бу билан ўзбекистонлик ёшлар Ҳиндистон ёшлари томонидан 2023 йилда ўрнатилган 1459 та роботлик рекордни ортда қолдиришга эришди.
Ютуққа эришганлар орасида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетининг 30 нафар иқтидорли талаба-ёшлари ҳам бор. Илгари бундай юқори салоҳиятли ёшлар фақат пойтахтдаги етакчи олийгоҳларда учраса, бугунги кунда Президентимизнинг олий таълимни барча ҳудудларда ривожлантириш, илмий ва инновацион муҳит яратиш борасидаги изчил сиёсати туфайли чекка вилоятларда ҳам илм ва технологияга чанқоқ иқтидорлар етишиб чиқмоқда. Бу таълимдаги тенглик, имкониятдаги адолат ва мамлакат тараққиёти йўлидаги изчил сиёсатнинг амалий самарасидир.
— Бугунги муваффақиятлар ўз-ўзидан бўлмади, — дейди техника фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Хўшбоқов. — Бу Президентимизнинг олий таълимга, хусусан, муҳандислик соҳасига қаратаётган изчил эътибори, илмий-амалий муҳитни ривожлантириш борасидаги қатъий сиёсат маҳсулидир. Бугун университетимизда ёшлар замонавий 3D принтерлар, рақамли дастурлашга мўлжалланган компьютер лабораториялари, робототехника жиҳозлари ва тажрибали устозлар кўмагида билим ва кўникмаларни амалиётда мустаҳкамлаш имконига эга. Шу асосда талабалар нафақат назарий билим олмоқда, балки ҳаётий муаммоларга инновацион ечим топиш салоҳиятини ҳам шакллантирмоқда. Асосий мақсадимиз илмий салоҳиятга эга, амалиётда иқтидорини намойиш этадиган муҳандис кадрларни тайёрлашдир.
Мазкур рекордда иштирок этган талабалардан бири Ёдгора Ўролованинг ютуқларидан оиласи, устозлари миннатдор.
— Энг катта қийинчилик вақт босимида бўлди, – дейди иқтидорли талаба Ёдгора Ўролова. – Лекин биз ҳамжиҳатликда бундан чиқиб кетдик. Ўз салоҳиятимизни бутун дунёга намоён қилдик. Келажакда қишлоқ хўжалиги учун амалий ечим берувчи робот яратиш ниятидаман. Бугунги ютуқлардан қувониб, илмий лойиҳамни бошлаб юбордим.
Асадбек Қурбоновнинг ҳам робототехникага қизиқиши Тошкентдаги кичик корхонада ўйинчоқ йиғиш орқали бошланган. Университетда бу қизиқиш илмий асосга эга бўлиб, амалиётга кўчди. У каби минглаб ёшлар учун муҳандислик фақат дарслар мажмуи эмас, балки келажакни қуриш воситасига айланди.
Бу рекорд ёшларнинг интеллектуал қудратини, уларнинг фикрлаш қобилияти ва техник билимларини намоён этувчи воқеликдир. Бир пайтлар фақат маиший йўналишларда қайд этилаётган рекордларимиз энди глобал инновациялар майдонида ҳам Ўзбекистон номини жаҳонга танитмоқда. Бу билан ёшлар фақат номига қатнашувчи эмас, балки жараёнларни бошқарувчи, янгилик яратувчи фаол шахслар эканини кўрсатмоқда. Бугун Гиннеслар саҳифасига кирган ёшлар эртанги куннинг ихтирочилари, лойиҳа раҳбарлари ва таниқли муҳандислари бўлиб етишади. Мазкур Гиннес рекорди шунчаки тантанали тадбир эмас, балки муҳандислик соҳасида янги босқичнинг бошланишидир. Бу муваффақият орқали юртимиз ёшлари ўз салоҳиятини исботлади.
Фарҳод ЭСОНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг