Юртимизда парвоз қилган илк самолёт

17:12 24 Ноябрь 2025 Жамият
99 0

Архив фото

Бугунги ҳаётни самолётларсиз тасаввур этиш қийин. Олис манзилларни яқин қилаётган “ҳаво кема”ларига эҳтиёж йил сайин ошиб бораётгани ҳам сир эмас. Тошкент, Бухоро шаҳарларида янги халқаро аэропортлар қурилаётгани, замонавий самолётлар харид қилинаётгани фикримиз тасдиғидир. Ваҳоланки, нари борса юз йил муқаддам осмонда самолётларнинг пайдо бўлиши одамлар учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеага айланганди.

Хўш, юртимиз осмонида “ҳаво кема”ларининг илк парвози қачон рўй берган? Дастлабки маълумотлар ХХ аср бошидаги тарихий манбалар саналган “Туркестанские ведомости”, “Туркестанский курьер” нашрларида, шунингдек, архив ҳужжатларида учрайди. Ҳужжатлардан бирида 1909-1914-йилларда Англия, Франция, Германия шаҳарларида юзлаб шарлар 4-5 кишини ҳавода олиб учиб юргани қайд этилган. Уларни бошқарган аэронавтлар кейинчалик самолёт штурвалида ўтиришди. Туркистонда бундай шарлар 1910-1913-йилларда пайдо бўлди. Улар воситасида ўнлаб кишилар юқоридан туриб шаҳар ва қишлоқларни томоша қилишган. Демак, Туркистонда ҳаво флотининг ташкил этилиши ва илк самолётлар кириб келиши 1910-йилларга тўғри келади деб ҳисоблашга асослар бор. Янги Бухоро (Когон)да босилган “Бухорои шариф” газетасининг 1912-йил 4-апрелдаги 21-сони хабарлардан бири: “Седов самолёти Тошкентда” деб номланган. Хабар мазмуни билан танишган асносида қуйидагилар аён бўлди. 1912-йил 28-29-март кунлари рус учувчи Седов ўз самолётида илк бор Тошкентда парвоз қилади. Унинг самолётида 3-4 нафар хотин-қиз, яна 3 нафар эркак ҳам бор эди. Турли ҳудудлардан Тошкентга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам самолётда учиб, юқоридан шаҳарнинг кўринишини томоша қилишган.

Ўзбекистон миллий Архив йиғма жилдларидан бирида Седов самолёти муваффақиятли парвоз қилганлиги, техник жиҳатдан созлиги, синовдан ўтганлиги, соатига 100-120 км тезликда учиш қайд этилган. Бироқ Седов парвоз этган самолёт қайси мамлакатда ишлаб чиқарилгани, қанча от кучига эгалиги, маркаси (номи) билан боғлиқ маълумотлар архив ҳужжатида кўрсатилмаган.

Самолётларни Ўзбекистон, жумладан, Бухорога келтириш воқеаси шу билан тугамайди. Биринчи жаҳон уруши йилларида, Бухоро, Хоразм ва бошқа ҳудудларга ҳарбий самолётлар келтирилиб, улардаги салонда учувчи, яна 2-3 киши жойлашган. Айрим пайтларда бундай самолётлардан Бухоро-Тошкент, Хива-Бухоро, Бухоро-Олмота бўйлаб мактуб етказишда ҳам фойдаланилган. Айниқса, миллий истиқлолчилик ҳаракатлари (1917-1924 й.)даврида ўнлаб ҳарбий самолётлар кириб келган. Амирликни ағдаришда Қизил Армия қисмлари Янги Бухоро (Когон) аэродромидан кўкка кўтарилиб, эски шаҳарга сон-саноқсиз бомбалар ёғдирган. Бу ҳарбий самолётлар хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, “Фарман”, “Фарсел”, “Сонвич”, “Баузен”, “Албатрос” каби номлар билан аталган.

Туркистон АССР (1917-1924), БХСР ва ХХСР (1920-1924) ҳукуматлари мавжуд бўлган даврда “Добролёт” орқали немисларнинг йўловчи ташийдиган “Юнкерс – 1”, “Юнкерс – 2” маркали самолётларини харид қилишга ҳаракатлар бўлган. Ҳатто бу борада ТАССР, БХСР, ХХСР вакиллари М. Исаев, А. Юсуфзода, М. Матчонбоев, “Добролёт бошқармаси” вакили И.Девятовcкий ўртасида 1923 йилнинг 21октябрида шартнома ҳам имзоланган. Унга кўра, Бухорога 4 та, Хивага 2 та, Туркистонга 1 та “Юнкерс” самолёти харид қилиниши керак эди. 1924 йилнинг 1 апрелидан улар Бухоро – Хива, Бухоро–Душанбе, Бухоро–Хива–Олмота йўналиши бўйлаб парвоз қилиши мўлжалланган. БХСР ҳукумати истиқболда бундай самолётлар сонини 20 тага етказишни ният қилган.

“Юнкерс” самолёти учувчидан ташқари 6-8 та йўловчи сиғимига эга эди. Тезлиги эса соатига 160-200 километр бўлган. Унда йўловчилар ўзи билан 10 фунт (1 фунт-450 грамм) юк олиши мумкин эди. Самолёт 85 от кучига эга бўлиб, 2 соату 40 дақиқадан 3 соатгача парвоз қила олган. Бухоро – Хива оралиғини 2 соату 15 дақиқада, Душанбе–Бухоро йўналишидаги масофани 2 соату 20 дақиқада босиб ўтган.

Бироқ “Юнкерс”ларнинг техник таъминоти юқори даражада бўлмаган, учувчи ўтирадиган салон қулайликларга эга эмасди. Шунингдек, йўловчилар ўриндиғи ҳам оддий бўлган. Булар ҳақида архив манбаларида батафсил маълумотлар берилган. Шунга қарамай, одамлар узоғини яқин қилишда илк самолётлар “транспорт инқилоби” вазифасини ўтади, десак адашмаймиз.

Шодмон ҲАЙИТОВ,

БухДУ Археология ва Бухоро тарихи

кафедраси профессори, тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер