Фарғонада қишлоқ хўжалиги фидойилари давлат мукофотлари билан тақдирланди

10:10 11 Декабрь 2025 Жамият
230 0

Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ўзига хос тажриба мактаби шаклланган. Мустақиллик йилларида ана шу йўналишда етук тажриба ва заҳматли меҳнати билан ажралиб турган уч нафар бободеҳқон — тошлоқлик Комилжон Мамажонов, олтиариқлик Юрсунбой Жўраев ва Лолахон Муротова Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонига сазовор бўлди. Бу меҳнатга берилган юксак баҳо экин майдонларини илм-фан ва инновация билан уйғун ривожлантиришга бўлган эътиборнинг амалий тасдиғидир.

Ҳозирги кунда бу қаҳрамонларнинг издошлари ота-боболар меросини замонавий агротехнологиялар, инновацион ёндашувлар ва илм-фан ютуқлари асосида мустаҳкам давом эттирмоқдалар. Натижада вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 70 га яқин мамлакатига экспорт қилинмоқда. Соҳанинг барча йўналишлари жаҳон андозалари даражасида ўсиб бориши эса соҳадаги ислоҳотлар самарасидан далолат беради.

Яқинда Президентимизнинг «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ фидойи фермер ва меҳнаткашлар давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Фарғона вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган тантанали маросимда мукофотлар ўз эгаларига топширилиб, уларнинг шарафли меҳнати юксак эътироф этилди. Юзма-юз мулоқотлар давомида вилоят қишлоқ хўжалигига хос замонавий тенденциялар, пахта ва ғаллачиликдаги илғор тажрибалар ҳамда қайта ишлаш ва экспорт соҳаларидаги ташаббуслар алоҳида қайд этилди.

— Отам вилоятда агроном олим сифатида танилган, — дейди Қўштепа туманидаги «Исмоил Жўрабек саховати» фермер хўжалиги раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби Жўрабек Усмонов. — Болаликдан отам билан бирга юриб, фермерликка қизиқиб қолганман. Ҳозирда 114 гектар еримиз, замонавий техника ва асосий йўналиш сифатида пахта, ғалла ҳамда чорвачилик билан шуғулланамиз. Ҳосилдорлик ва даромад йил сайин ортиб бормоқда.

Фермер хўжалиги томонидан маҳаллага кўмак кўрсатиш ишлари ҳам тизимли давом эттирилмоқда: сўнгги уч йилда «Каттабешкапа» МФЙ инфратузилмасини яхшилаш ва ободонлаштириш ишларига 100 миллион сўмдан ортиқ ҳомийлик ёрдами ажратилган.

Тантанали тадбир якунида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров давлат мукофотларига сазовор бўлган 8 нафар ҳамюртни табриклаб, уларга келгусидаги ишларида омад ва муваффақият тилади.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер