Фарғонада биринчи Халқаро китобхонлик фестивали бўлиб ўтмоқда

17:46 16 Май 2025 Жамият
150 0

Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». 2025 йил 14–17 май кунлари Фарғона вилоятида биринчи Халқаро китобхонлик фестивали ҳамда «Central Asia – 2025: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзусидаги XVIII халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган.

Шу муносабат билан Фарғона шаҳридаги Каштанзор кўчасида фестивалнинг тантанали очилиш маросими байрамона руҳда ўтказилиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, шунингдек, 12 давлатдан ташриф буюрган меҳмонлар, зиёлилар, фаол китобхонлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Фарғона азалдан китобсеварлар, адабиёт ихлосмандлари ва истеъдодли ижодкорлар юрти сифатида машҳур. Вилоят ҳокимлиги томонидан 2025 йил «Китобхонлик йили» деб эълон қилиниб, бу йўналишда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, «Давлат хизматчиси кутубхонада бир кун» лойиҳаси доирасида 100 мингдан зиёд турли ташкилот ва муассаса ходимлари кутубхона аъзоларига айланди. Шунингдек, вилоят туман ва шаҳарларида 15 га яқин шахсий кутубхоналар ташкил этилди.

— Халқаро анжуман ва китобхонлик фестивалига жиддий тайёргарлик кўрилди, — дейди Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Ҳуснияхон Шерматова. — Ўтган йили марказимиз 14 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирланиб, замонавий инфратузилмага эга бўлди.

Марказда анъанавий, виртуал ва электрон кутубхона хизматлари учун барча қулайликлар яратилган. Мутолаа заллари, муҳокама ва компьютер хоналари, медиа-студиялар, видеозаллар, book café, 5 та ўқув зали, илмий-тадқиқот, болалар ва ўсмирларга хизмат кўрсатиш ҳамда нодир фотосуратлар бўлимлари замон талаблари даражасида жиҳозланган.

Фестиваль ва конференция доирасида китоб ярмаркалари, ижодкорлар билан учрашувлар, шеърхонлик кечалари, тақдимотлар, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари ўтказилади.

Халқаро конференцияда Белоруссия, Болгария, Буюк Британия, Франция, Германия, Малайзия, Уммон султонлиги, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон каби мамлакатлардан иштирокчилар ўз маърузалари билан бевосита ва онлайн шаклда қатнашади. Нуфузли идора ва кутубхона раҳбарлари томонидан долзарб мавзуларда маърузалар тақдим этилади.

Меҳмонлар учун миллий қадриятлар ва анъаналарни намоён этувчи «Маърифат-тур» лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ҳам ташкил этилади.

Ушбу анжуман Марказий Осиё миқёсида илм-фан, таълим, маданият ва ахборот соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ахборот ресурсларини кенгайтириш ва инновацион ғояларни амалиётга жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер