Фарғона — яна бир нуфузли анжуман мезбони

13:14 08 Октябр 2025 Жамият
129 0

Айни кунларда Фарғона шаҳрида “Инновацион ҳамкорлик: олий ва профессионал таълим масалалари бўйича Ўзбекистон – Беларусь форуми” бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги раҳбарияти, олий ўқув юртлари ректорлари ва профессор ўқитувчилари, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мутасаддилари ҳамда мамлакатимиз ОТМ масъуллари иштирок этяпти.

Икки давлатнинг олий ва касбий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, таълим соҳасидаги стратегик алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган форум иштирокчилари дастлаб Фарғона давлат университетида фаолиятини бошлаган беларусь халқининг севимли шоири ва жамоат арбоби Якуб Колас номидаги аудитория ҳамда инновацион лойиҳалар кўргазмаси билан танишди. Шундан сўнг меҳмонлар иштирокида университет боғига кўчат экиш маросими ташкил этилди.

Форумнинг асосий тадбири – "Инновацион ҳамкорлик: олий ва ўрта махсус таълим масалалари бўйича Ўзбекистон – Беларусь форуми ва касбий таълим" мавзусида ялпи мажлис ҳам янги таклиф ҳамда ташаббусларга бой тарзда ўтди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов, Беларусь Республикаси таълим вазирининг биринчи ўринбосари Александр Баханович, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов, Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ва бошқалар сўзга чиқиб, халқаро форумнинг мақсад ва вазифалари, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида сўз юритди.

Шунингдек, ялпи мажлисда икки мамлакат вакилларининг турли мавзулардаги долзарб маърузалари тингланди, ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашилди. Якунда ҳамкорлик битимларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Форум қатнашчилари Фарғона давлат университети қошидаги Лола Муротова номли аграр техникумга ташриф буюриб, таълим даргоҳида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларни кўздан кечиришди. Педагоглар ва ўқувчи-ёшлар билан юзма-юз мулоқот олиб боришди.

Форум иштирокчиларининг қадимий ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳри бўйлаб уюштирган саёҳати ҳам жуда мароқли ўтди.

Халқаро анжуман бугун ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Дастурга кўра, алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда “Ўзбекистон ва Беларуснинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги”, "Илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик", “Профессионал кадрлар тайёрлаш тизимида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш" каби мавзуларда тренинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?