Фарғона «маҳаллабай» ишлаш тажрибаси қандай мезонлар асосида яратилади?

20:20 03 Февраль 2021 Жамият
1497 0

Айни пайтда вазирликлар, республиканинг тегишли масъул идоралари, тижорат банклари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Фарғона вилоятидаги 1 минг 41 та маҳаллада ўрганишлар олиб бормоқда. Шунингдек, ҳудудларга бириктирилган иқтисодий комплекс ва банклар вакиллари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг муаммоларини тинглаяпти. Маҳалланинг «ўсиш нуқталари» аниқлаб, иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишлари белгиланяпти.

Қува туманидаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинида 45 минг 875 та хонадон бор. 261 минг нафардан зиёд аҳолининг 11 фоизини ишсизлар ташкил этади. «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолият бошлаб, пазандачилик, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, тикувчилик йўналишида «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»даги муқим даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳоли ўқитиляпти. Ҳозирги кунга қадар 40 нафар қисқа муддатли ўқув курсини тамомлаганларга ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Айни кунларда ўқув курсларида 63 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари касб-ҳунар ўрганишга жалб этилиб, ойига 300 мингдан 679 минг сўмгача стипендия ҳам бериляпти.

Малика Каримова Мустақиллик МФЙ, Талабалар кўчасининг 560-уйида яшайди. 2016 йили Қува агросаноат коллежини тамомлаган бўлсада, ишга жойлаша олмаган эди. Шундан сўнг ота-оналари турмушга узатишди. Иши, касбининг тайини бўлмагани ёш оила бекаси бошидан не-не қийинчиликларни ўтказмади дейсиз!

— Маҳалламизда касб-ҳунар мактаби очилгани айни муддао бўлди, —дейди Малика Каримова. — Ҳозирги кунда пишириқлар тайёрлаш гуруҳида ҳунар ўрганяпман. Бундан буён оиламнинг доимий тирикчилик манбаи бўлади. Шу боис кўнглим хотиржам. Ўқув курсини тугатиб сертификат олгач, шартнома асосида маҳалламиздаги савдо дўконлари ва умумий овқатланиш шохобчаларига ширинликлар, бир зумдалик егуликлар тайёрлаб сотишни мақсад қилганман.

***

Қува туман марказидан 15 километр узоқда жойлашган «Сойгузар» маҳалла фуқаролар йиғини «қизил» тоифага киритилган бўлиб, бугунги кунда «ўсиш нуқталари»ни аниқлаш бўйича хонадонма-хонадон ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу асосда «йўл харитаси» ва маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш учун алоҳида дастур тайёрланади. МФЙ раиси Абдумухтор Халиловнинг айтишича, 386 та хонадондаги аҳоли асосан томорқачилик билан шуғулланади.

Маҳаллада умуман саноат корхоналари йўқлигини инобатга олиб бўш турган собиқ мактаб биноси ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этишга киришилди. Ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли ҳозирга қадар маҳалланинг кўчатчилик, сабзавотчилик, ҳунармандчилик ёки бошқа ишлаб чиқариш имконияти мавжуд ўндан ортиқ «ўсиш нуқтаси» аниқланди. Ўтган қисқа фурсатда 71 та хонадон иссиқхона ташкил этилиб, мавсумий гуллар ва сабзавотлар етиштириш таклифи илгари сурилмоқда.

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?