Ерёнғоқнинг ватани Жарқўрғон

Ерёнғоқ бутун дунёда машҳур озиқ-овқат маҳсулотидир. Анъанавий равишда овқатланиш рационига ҳам киритилган. Мазали, чўнтакбоп, тадбиркорлар учун ҳам қўшимча даромад манбаи. Жарқўрғон тумани “Олтинтепа” маҳалласида яшовчилар ердан унумли фойдаланиб, йил давомида уч марта ҳосил олиш ҳадисини билади. Маҳалладаги 627 хонадонда 815 оилада 2 минг 880 нафардан зиёд киши истиқомат қилади. Уларнинг барчаси томорқаларини самарали ишлатиб, асосан ерёнғоқ етиштиришга ихтисослашган. Ерёнғоқ маҳалла брендга айланган.
Ҳозирда кексалик гаштини сураётган 70 ёшли Эшдавлат Маматқулов “Олтинтепа” маҳалласида ерёнғоқ етиштириш бўйича ҳақиқий устоз ҳисобланади. У ўзининг узоқ йиллик тажрибаларини бугунги кунда ёшларга ҳам ўргатиб келмоқда.
— Ерёнғоқ сердаромад экин, ҳам харидоргир, — дейди 70 ёшли Эшдавлат Маматқулов. – Маҳсулотни бозорга олиб боришда муаммо йўқ, харидорлар эшигимиз олдига келиб сотиб олади. Йилига маҳалламизнинг ўзида 2 минг тоннадан ортиқ ерёнғоқ етиштирилади. Деҳқонларимиз унинг килограммини 13-15 минг сўм атрофида сотмоқда. Бу орқали оилалар фаровонликка эришяпти. Ерга меҳр билан ёндашиб, унумли ишланса, ер алдамайди. Маҳалладошларимиз томорқадан ҳосил олишни одатга айлантирган. Ёшу катта ердан бош кўтармайди, даромад ҳам шунга яраша. Тўйлар қилиб, уй-жойларини созлаб, фарзандларини ўқитмоқда.
Мастон Қулмуродова оиласи ҳам томорқадан уч марта ҳосил олади. Йиллик даромадлари қарийб 100 миллион сўмга етади.
— Томорқамиз 30 сотих. Биринчи экинда оқпиёз экиб, 30 миллион сўм даромад олдик. Кейин картошка экдик, у 15 миллион бўлди, – дейди у. – Ерёнғоқ 40-50 миллион сўм атрофида фойда келтиради. Ерёнғоқдан таомлар, ширинликлар тайёрлаш, ёғ маҳсулотлари олиш мумкин. Ҳатто унинг пояси ҳам чорва учун яхши озуқа. Шунинг учун биз бундан яхши фойда кўрамиз.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида аукцион орқали 51 нафар ишсиз фуқарога 20 сотихдан ер берилди. Бугун ер эгалари ундан унумли фойдаланиб, рўзғорларига барака киритмоқда. Мисол учун, боқувчиси йўқлиги сабаб “Аёллар дафтари” рўйхатига кирган Насиба Жумақулова шу ер ортидан оиласининг фаровонлигига эришмоқда.
Илгари “Ёшлар дафтари”да турувчи 29 ёшли Сирожиддин Қиличовга ҳам 20 сотих ер майдони ажратилганди. Бугун Сирожиддин ердан унумли фойдаланиб, яхшигина даромад олмоқда. Унинг саъй-ҳаракатлари нафақат шахсий фаровонлик, балки ёшларга берилаётган имкониятларнинг амалдаги самарасини ҳам кўрсатиб турибди.
— Илгари хорижда мавсумий ишларда умримни ўтказиб юрардим, — дейди яна бир ер эгаси Сайфиддин Абдураҳмонов. — Маҳалла фаолларининг тавсияси билан туман мутасаддилари менга узоқ муддатга фойдаланиш учун 20 сотих ер майдони ажратишди. Биринчи экинда кўкатдан 7 миллион, иккинчида жўхори билан 8 миллион фойда кўрдим. Учинчи экинда эса ерёнғоқдан 15 миллиондан ортиқ даромад кутяпман. Ўзга мамлакатларда иш излаб сарсон-саргардон юриш ташвишидан қутилдим.
“Олтинтепа” маҳалласидаги бу тажриба Янги Ўзбекистоннинг аграр секторини замонавийлаштириш, қишлоқ жойларда иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган ишларнинг амалий намунаси. Бу ердаги ҳар бир ҳосил нафақат иқтисодий ютуқ, балки ерга нисбатан меҳр-муҳаббат ва меҳнатнинг қадрини англашнинг ифодасидир.
Фарҳод ЭСОНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг