Эрон АҚШ ва Исроилни ҲАМАС етакчиси ўлими учун ўч олиш муқаррарлиги ҳақида огоҳлантирди

13:11 19 Сентябр 2024 Дунё
400 0

Фото: AP

Эрон Қуролли кучлари Бош штаби ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳониянинг ўлдирилганига вақт ўтган бўлсада Эроннинг АҚШ ва Исроилдан қасос олишига тўсқинлик қилмаслигини билдирди. Эрон Қуролли кучлари Бош штаби баёноти матни «Tasnim» агентлиги томонидан тақдим этилган.

«Биз жиноятчи АҚШни ва унинг минтақадаги сохта қўғирчоқ режимини (Исроилни назарда тутади) огоҳлантирамиз: худди биз «Ҳақиқий ваъда»ни (операция номи) бажарганимиздек, вақт ўтиши ҳам Эроннинг ниятига тўсқинлик қилмайди. Эрон Исмоил Ҳониянинг қўрқоқларча ўлдирилиши оқибатида тўкилган қон учун қасос олишга мажбурдир», — дейилади Эрон Қуролли кучлари Бош штаби баёнотида.

Шу йилнинг июль ойи охирида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳония Эроннинг янги президенти инаугурацияси маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганида у жойлашган қароргоҳга уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлган эди. Ҳаракат Ҳониянинг ўлимида Исроил ва АҚШни айблади ва ҳужум жавобсиз қолмаслигини билдирди.

Исроил расмийлари Ҳониянинг ўлдирилиши бўйича ҳеч қандай изоҳ бермади. Кейинроқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Роберт Вуднинг ҲАМАС етакчисининг ўлимига АҚШнинг алоқаси йўқлигини айтди.

Шу йилнинг 31 июль куни кечқурун Американинг «New York Times» газетаси ўз манбаларга таяниб, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Теҳронда Ҳониянинг ўлдирилишига жавобан Исроилга тўғридан-тўғри зарба беришга буйруқ берганини даъво қилди.

Кейинроқ Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Ирвани БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Теҳрон халқаро қонунларга риоя қилган ҳолда, зарур деб ҳисоблаганда Ҳониянинг ўлдирилишига жавоб қайтариш учун ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини сақлаб қолишини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?