Ердан унум, меҳнатдан барака: Янги Ўзбекистон аграр сиёсати Сурхондарё мисолида
Бугун дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи энг долзарб муаммолардан бирига айланмоқда. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, геосиёсий қарама-қаршиликлар ва логистика занжирларининг узилиши сайёрамизда озиқ-овқат етишмовчилиги хавфини янада кучайтирмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда ҳар бир давлат ўз аҳолисини арзон, сифатли ва барқарор озиқ-овқат билан таъминлаш масаласини стратегик устувор вазифа сифатида белгиламоқда.
Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар нафақат ички бозор барқарорлигини таъминлаш, балки қишлоқ аҳолиси фаровонлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бу ислоҳотларнинг амалий самарасини Сурхондарё вилояти мисолида яққол кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва сув тежовчи технологиялардан оқилона фойдаланиш устувор йўналишга айланди. Натижада ер майдонлари қисқарганига қарамай, ҳосилдорлик сезиларли даражада ошди. Масалан, бундан беш йил аввал 74,1 минг гектар пахта майдонидан 201,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, жорий йилда 62,9 минг гектар ердан 291,1 минг тонна хом ашё териб олинди.
Ғаллачиликда ҳам шунга ўхшаш ижобий динамика кузатилмоқда. 2020 йилда 93 минг гектар майдонда бошоқли дон парваришланиб, 619,4 минг тонна ҳосил йиғиб олинган бўлса, бу йил 89,3 минг гектар майдондан 820,7 минг тонна хирмон кўтарилди. Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида интенсив усулларга ўтиш ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Бундан ташқари, вилоятда 2,3 минг тонна пилла, 2 миллион 311 минг тонна мева-сабзавот, 226,8 минг тонна гўшт, 1 миллион тоннадан зиёд сут ва 610,5 миллион дона тухум етиштирилди. Бу рақамлар Сурхондарёни нафақат республикадаги, балки минтақадаги йирик аграр ҳудудлардан бири сифатида намоён этмоқда.

— Бугун қишлоқ хўжалигида асосий мезон ернинг кўплиги эмас, ундан қай даражада оқилона фойдаланишдир, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Фарҳоджон Исмоилов. — Сув тежовчи технологиялар, инновацион ёндашувлар, кластер тизими орқали биз ҳосилдорликни кескин оширишга эришяпмиз. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги, экспорт ва аҳоли даромадларининг ўсишига хизмат қилмоқда.
Айни пайтда вилоятда олтита пахта-тўқимачилик, 13 та мева-сабзавотчилик, иккита ғаллачилик ва битта шоличиликка ихтисослашган кластер фаолият юритмоқда. Кейинги икки йилда пахтачиликда хориж тажрибаларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йил 3,3 минг гектар, бу йил эса 16,2 минг гектар майдонда Хитой тажрибаси асосида чигит қадалди ва мўл ҳосил олинди.
Сабзавотчиликда ҳам илғор инновация ва фан ютуқлари кенг қўлланилиб, ўтган йил 3,2 минг гектар, жорий йилда беш минг гектар майдонда интенсив сабзавотчилик йўлга қўйилди.

Глобал озиқ-овқат танқислиги хавфи кучайиб бораётган бир пайтда Сурхон воҳасида ички бозорни арзон ва табиий маҳсулот билан таъминлаш, шу билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кенгайтириш учун етарли имконият мавжуд. Шу мақсадда хонадонларда томорқачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда 4,3 миллиард сўм маблағ эвазига Термиз туманида “Сурхондарё инновацион томорқа мактаби” ташкил этилди. Бу ерда томорқа эгаларига талаб юқори бўлган экинларни парваришлаш, томчилатиб суғориш, иссиқхона хўжалигини юритиш бўйича чуқур билимлар берилмоқда. Ушбу масканда ўқув биноси, уч гектар иссиқхона ва уч гектар ўқув-тажриба майдони барпо этилди. Тажриба участкасида банан, папая, лимон, шунингдек, Тошкент алегатор, Сурхондарё жайдари, Кенза, Исмалоқ каби кўкатлар етиштирилмоқда.

Ўқув курсларига уста-деҳқонлар, олимлар ва мутахассислар жалб қилиниб, тингловчиларга йилига 3–4 марта ҳосил олиш орқали 1 сотих ердан ўртача 10–15 миллион сўм даромад олиш амалиёти ўргатилмоқда. Келгуси йил вилоятдаги 77 минг аҳоли томорқаси ва 2 минг 241 гектар ижара ер майдонида 14 турдаги сердаромад экин экиш режалаштирилган.
— Президентимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарор ва фармонлар биз, фермерлар учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очди, — дейди Қумқўрғон туманидаги “Гулистон” кўп тармоқли фермер хўжалиги бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Манноб Нематов. Илгари асосий эътибор фақат ҳосил олишга қаратилган бўлса, бугун яратилган шарт-шароитлар туфайли маҳсулотни етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш ва бозорга чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни йўлга қўйяпмиз. Интенсив технологиялар, сув тежовчи усуллар, имтиёзли молиялаштириш ва давлат қўллаб-қуввати натижасида ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам сезиларли ошди. Энг муҳими, қишлоқда меҳнат қилиб, муносиб даромад топиш мумкинлиги амалда исботланяпти.

Вилоятда хорижий инвестициялар иштирокида йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Музработ туманида Хитойнинг “Jiangsu World Machinery Co. Ltd” компанияси таъсисчилигидаги “GF World Termez” МЧЖ томонидан қиймати 80 миллион АҚШ доллари бўлган 5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа 2026 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, натижада 800 та янги иш ўрни яратилади, йиллик 10 миллиард сўмлик бюджет тушуми ва 10 миллион долларлик экспорт ҳажми таъминланади. Шунингдек, мазкур туманда Россиянинг “Лето” компанияси таъсисчилигидаги “Блесс С.Р” қўшма корхонаси томонидан 200 гектар майдонда иссиқхона, агрологистика маркази ва маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Термиз туманида эса Хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда “Huamian Taifeng Termiz” МЧЖ ташкил этилди. Ушбу 96 миллион долларлик лойиҳа доирасида 3 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш асосида пахта етиштириш, тўлиқ қайта ишлаш, 300 та барқарор иш ўрни яратиш ва йиллик 12 миллион долларлик экспортга эришиш кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар Сурхондарё вилояти мисолида ўзининг аниқ натижасини бермоқда. Бу ислоҳотлар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш, экспортни ошириш ва энг муҳими, қишлоқ аҳолисининг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг