Экспортчи ҳунармандлар
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Аёл — ижодкор! У оилада моҳир пазанда, болаларига меҳрибон она, қўли гул ҳунарманд ҳамдир. Кашта тикиш, тўқиш, кўрпа қавиш каби кўплаб ҳунарларни болалигидан ўрганган. Чунки аёл киши бутун оила кийим-кечаги, болаларнинг тарбиясига доим масъул. Рўзғор юмушларидан ортиб чеварликда моҳир опа-сингилларимиз тиккан ўзбекона кўрпа-тўшаклар харидоргир бўлиб бормоқда.
Андижон туманидаги Завроқ маҳалласининг «Шоҳи зинда» кўчасида яшовчи ҳунармандлар ўзлари қавиган маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатлари қаторида Россиялик харидорлар ҳам миллий тўшакларимизни сотиб олишлари эътиборли.
— Маҳалламизда кўрпа-тўшак тикишни ҳамма билади, аммо уни сотиш мумкинлиги ҳақида ҳеч ким ўйламаган, — дейди ҳунарманд Ферузахон Ҳайитова. — Бундан 25 йил олдин хаёлимга шу фикр келдию, уриниб кўришга қарор қилдим. Уйимга опамни таклиф қилиб, иккаламиз кўрпа-тўшак қавидик. Уни сотиш учун бозорга олиб бормадик. Шундоққина кўчамизга олиб чиқиб, йўл ёқасидаги симга илиб қўйдик. Маҳалламиз «Тошкент-Ўш» магистраль йўлида жойлашганлиги бизга қўл келди. Маҳсулотимизга бир кунда минглаб йўловчиларнинг кўзи туша бошлади. Бир-икки ҳафтадан кейин харидорлар пайдо бўлди. Қарабсизки, қўлимиз-қўлимизга тегмай қолди. Натижада қўшниларни ёрдамга чақирдик. Тез орада буюртмалар ола бошладик. Шу тариқа уйда ўтирган ишсиз хотин-қизлар бинойидек даромад топишга киришдик. Буни кўрган қўшниларимиз ўрнак олиб, шу ҳунарни ўзлаштира бошлади. Бугунги кунда маҳалламизни «Кўрпачилар маҳалласи» дейишади. Элликдан ортиқ хўжалик айнан шу иш билан шуғулланади. Тўшакларимиз 120 минг сўмдан 300 минг сўмгача баҳоланади. Харидорлар уйимиздан олиб кетишади. Ички бозордан ортиниб қўшни давлатларга ҳам экспорт қиламиз. Шахсан ўзим бир ойда бир марта Россияга маҳсулот юбораман.

Ферузахон бошлаб берган хайрли иш тезда қулоч ёйди. Ортда қолган йиллар уларнинг тажрибасини ошириб, оила даромадини мустаҳкамлади. Ўз хонадонларида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйган кўпгина опа-сингилларимиз ҳали бозор кўрмаган. Ҳар бир ҳунарманд уйининг рўпарасига савдо дўконлари ташкил этилган. Меҳнат жараёни, савдо муносабатлари бир пайтда давом этаверади. Иш шу қадар тараққий топдики, эндиликда ҳунармандлар касаначилик асосида ишлашига тўғри келмоқда. Ҳатто қўшни маҳаллада яшовчи аёллар ҳам ҳунармандлардан хом ашёни олиб кетиб, уйида маҳсулот тайёрлашни одат қилган. Шу тариқа ҳар бир хонадон эгалари ўртача 15-20 нафар хотин-қизларни доимий даромад манбаига эга қилган.
— Кўрпа-тўшак қавишни онамдан ўрганганман, — дейди Муқаддасхон Хожиматова. — Бугунги кунда ўзим ҳам бинойидек устага айландим. Нафақат вилоятимизда, балки, республикамизнинг турли ҳудудларида шогирдларим бор. Масалан, яқинда Навоий вилоятининг Кармана туманига бориб, 20 нафар уй бекаларига ҳунаримиз сир-асрорини ўргатдим. Айни пайтда улар якка тадбиркор сифатида мустақил иш юритмоқда.
Уйда ўтирган аёллар бошлаб берган фаолият тури нафақат, ўзларини балки, оиладаги барчани ҳаракатга солиб қўйди. Масалан, Низомиддин Аҳмадалиев тадбиркорлик билан шуғулланади. Шу билан бирга, турмуш ўртоғи Назирахон Асрлонованинг ҳунармандчилик ишларига ҳам кўмаклашади.

— Уйимиздан иккита хонани кўрпа-тўшак қавиш учун ажратганмиз, — дейди тадбиркор Н. Аҳмадалиев. — Аёлим бошчилигидаги 15 нафар қўшниларимиз тўпланишиб маҳсулот тайёрлашади. Мен уларга ташкилотчи сифатида ёрдам бераман. Хом ашё олиб келаман, буюртма қабул қиламан. Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Россия давлатларига маҳсулот чиқараман. Жорий йилда 50 миллион сўмлик экспорт ташкил этдик.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, битта хонадонда бир кунда ўртача 200 тагача маҳсулот тайёрланади. Маҳалла кўламида ҳисобласак бу кўрсаткич бир миллиондан зиёдни ташкил этади. Ҳунармандлар бир ойда 10-15 миллион сўм даромад топаётган бўлсалар, касаначиларнинг ойлик иш ҳақи 2,5-3 миллион сўмдан иборат. Энг муҳими, маҳалладаги салкам 300 нафар хотин-қизлар шу йўналишда даромад манбаига эга. Бу уйда ўтирган ишсиз аёлларнинг ақлу заковати билан юзага келган саъй-ҳаракат натижасидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг