Дунёга юз очган «Ватан»

Акмал МУҲАММАДОВ “Халқ сўзи” олган сурат.
«Ватан» ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журнали инглиз тилида ҳам чоп этила бошланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида ўтган йилдан бошлаб «Ватан» ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журнали нашр қилинаётганидан кўпчиликнинг хабари бор. Эндигина тўртта сони дунё юзини кўрганига қарамай, журнал бир-биридан қизиқарли ва долзарб мавзулардаги материаллари, нафис дизайни билан ўқувчилар эътиборини қозониб, оммавий ахборот воситалари орасида ўз ўрнини топишга улгурди.

Жорий йилнинг 19 март куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида «Ватан» ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журналининг инглиз тилидаги махсус сони тақдимоти ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, фахрий дипломатлар, видеоконференсалоқа орқали Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик корпуси ва ваколатхоналари раҳбарлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, илмий ва академик муассасалар, халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалари қатнашди.

Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев очар экан, ушбу нашрнинг аҳамиятини таъкидлаб, журнал ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, маданият, санъат, тарих соҳаларидаги муҳим масалаларни муҳокама ва таҳлил қилиш минбарига айланганини қайд этди.

Журналнинг инглиз тилида чоп этилиши эса янги Ўзбекистон қиёфасини илмий-академик форматда халқаро ҳамжамиятга намойиш этишда муҳим воситага айланмоқда.

— Хўш, қандай эҳтиёж сабаб журнални инглиз тилида ҳам чоп этиш йўлга қўйилди? Бу Президентимизнинг жаҳон медиа оламида ўзбек миллий контентини янада ривожлантириш борасида берган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси, журнал бош муҳаррири Ҳусан Эрматов. — Журналимиз олимлар, сиёсатчилар, илмий тадқиқотчилар, таҳлилчилар учун ўз ғоя ва қарашларини ифода этишда яқин кўмакчи ўлароқ майдонга чиқди. Нашр барча учун очиқ.

Тадбир иштирокчилари журналнинг инглиз тилидаги махсус сонининг видео тақдимоти билан танишди.
Журнал саҳифаларидан Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, минтақавий ҳамкорлиги ва халқаро майдондаги ўрни, тарихи, бугуни ва эртаси борасида кенг ва чуқур мушоҳада билан ёзилган мақолалар ўрин олган. Инглиз тилидаги махсус сон саҳифалари озарбайжон шоири Акиф Бағирнинг «Ўзбек келаётир...» номли тантанавор шеъри билан бошланади.
Саҳифаларда Германиядаги нуфузли «Berliner Zeitung» нашрининг сиёсий шарҳловчиси, Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбати чоп этилган. «Ўзбекистондан «Янги Ўзбекистон»гача: йўқотилган қалбни излаб...» сарлавҳали ушбу суҳбатда мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, бугуни, келажаги ва минтақадаги сиёсий эврилишлар ҳақида сўз боради. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсидаги ташаббуслари ва уларнинг натижалари таҳлил этилган.

«Эксклюзив интервью» рукни остида берилган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг журнал мухбирига берган интервьюси ҳам эътиборли. «Ўзбекистон — доимо юрагимда!» сарлавҳали ушбу материал Кавказ мусулмонлари идораси раисининг юртимизга меҳр-муҳаббати, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, мамлакатимиз етакчисининг жаҳон минбарларида илгари сураётган ташаббус ва ғоялари ҳақидаги фикрлари, дил сўзлари баён қилинган.
«Таҳлил ва таққос» рукнидан эса Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг «Мамлакатимиз ИТ-ҲУБга айланмоқда» сарлавҳали таҳлилий мақоласи ўрин олган бўлиб, унда кейинги йилларда ахборот-коммуникация тизими мамлакатимиз иқтисодиётининг «драйвер»ига айлангани, соҳани ривожлантириш йўлидаги қадамлар дадиллашгани ҳақида сўз боради.
Қисқача айтганда, журналда миллий ўзликни англаш, Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги мавқейини кўтариш, юртдошларимизда тарихий меросга муносабатни янгилаш каби долзарб мавзулар қамраб олинган. Мазкур нашр Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати ландшафтини тушунишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.
Тақдимотда ҳар бир меҳмонга «Ватан» журналининг махсус сони тақдим этилди.
Тадбир Наврўз сайлига уланиб кетди.
Дилшод КАРИМОВ («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг