Дорихоналар орқали гиёҳвандлик воситаларини бериш тартиби белгиланди
Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни дорихоналар орқали бериш тартиби қайта кўриб чиқилиб, унинг аниқ меъёрлари белгиланди. Мазкур тартиб Адлия вазирлиги томонидан 27 январь куни расмий давлат рўйхатидан ўтказилган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, реализация қилиш, бериш, тақсимлаш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисида»ги низом асосида амалга оширилади.
Янги низомга кўра, гиёҳвандлик воситалари дорихоналарда фақатгина шифокор томонидан берилган махсус пушти рецепт асосида беморларга тақдим этилади. Бу жараён дорихона мудири, фармацевт ёки унинг ассистенти томонидан амалга оширилади.
Шифокор бемор учун рецепти ёзганида фақат битта номдаги гиёҳвандлик воситасини кўрсатиши ва бу миқдор етти кунлик эҳтиёждан ошмаслиги лозим. Бу чеклов беморнинг гиёҳвандлик воситаларидан ноқонуний фойдаланиши ва уларнинг назоратсиз тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган.
Гиёҳвандлик воситаларининг қонун доирасида ишлатилишини таъминлаш мақсадида дорихоналар ва тиббиёт муассасалари учун қатор талаблар белгиланди.
Биринчидан, дорихоналарда берилган гиёҳвандлик воситалари бўйича барча рецептлар муҳрланган ҳолда беш йил давомида сақланиши шарт. Бу ҳужжатлар текширув органлари томонидан назорат қилинади.
Иккинчидан, тиббиёт муассасалари дорихоналаридаги гиёҳвандлик воситалари захираси бир ойлик эҳтиёждан ошмаслиги, бўлимларида эса уч кунлик эҳтиёж билан чекланган бўлиши керак. Бу талаб ноқонуний айланмани олдини олиш ва назоратни кучайтиришга хизмат қилади.
Учинчидан, гиёҳвандлик воситалари учун зарур бўлган махсус рецепт бланкалари фақатгина Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан тиббий муассасаларга тақдим этилади.
Гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомалага тушиб қолмаслиги учун дорихоналар ва тиббиёт муассасаларида хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус чоралар белгиланган. Улар орасида дорихоналардаги гиёҳвандлик воситалари махсус ҳимояланган хоналарда сақланиши, ушбу хоналарга фақатгина ваколатли шахслар кириши мумкинлиги каби талаблар бор.
Бундан ташқари, дорихоналарда фармацевтлар ва тиббиёт ходимлари учун махсус ўқув курслари ташкил этилиб, улар гиёҳвандлик воситалари билан ишлаш тартиби ва ҳуқуқий жавобгарлик борасида хабардор қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари дорихоналар орқали фақат шифокор рецепти асосида берилиши ва уларнинг ҳисобини юритиш талаблари ушбу дори воситаларининг назоратсиз қўлланишининг олдини олишга хизмат қилади. Бундай чоралар гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва тиббий этика нормаларини сақлашга йўналтирилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Остонадаги кинотеатрда йирик ёнғин юз берди (+видео)
- Инсон ҳаётидаги босқичли даврлар. Қариш жараёни бир текис кечмаслиги маълум бўлди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг