Дональд Трамп Қатарга қарши ҳар қандай ҳужумни АҚШ хавфсизлигига таҳдид деб эълон қилди

11:42 02 Октябр 2025 Дунё
188 0

АҚШ президенти Дональд Трамп Қатар ҳудудига, суверенитетига ёки стратегик аҳамиятга эга инфратузилмасига қаратилган ҳар қандай қуролли ҳужумни АҚШ хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй сайтида эълон қилинган ҳужжатда маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, бундай ҳолатда Қўшма Штатлар барча қонуний ва зарур чораларни, шу жумладан дипломатик, иқтисодий ва зарурат туғилганда ҳарбий чораларни ҳам кўради. Бу АҚШ ва Қатар манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни тиклашга қаратилган.

Фармонда таъкидланишича, АҚШ ва Қатарни кўп йиллик яқин ҳамкорлик, умумий манфаатлар ва мустаҳкам ҳарбий муносабатлар боғлаб турибди. Қатарда АҚШ ҳарбий контингенти жойлашган бўлиб, мамлакат минтақавий ва глобал барқарорликни таъминлашда Вашингтоннинг муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади.

Ҳужжатда АҚШ сиёсати Қатарни ташқи тажовуздан ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини кафолатлашга қаратилгани қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида Исроил Қатар пойтахти Доҳага зарба бериб, бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган эди. Зарба мақсади сифатида ҲАМАС ҳаракати раҳбарлари кўрсатилган. Кейинроқ Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Қатардан расмий узр сўраган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?