ДХА Навоий вилояти бошқармаси 2020 йилда 842 та қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади

01:47 24 Январь 2021 Жамият
1239 0

Навоий вилояти бўйича жами 15 та ташкилотда ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар давомида 842 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Адхам Яркулов «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилди.

«2020 йил давомида вилоят бўйича жами 15 та ташкилотда ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар давомида 842 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан ваколатли идораларга 44 та тақдимнома, 189 та огоҳнома киритилди. Киритилган тақдимномалар таъсир чораси натижасида ваколатли идораларнинг 48 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 6 нафари билан меҳнат шартномалари бекор қилинди. Шунингдек, бошқарма томонидан 100 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий жавобгарликка тортилди», дейди Яркулов.

Қонун бузилиш ҳолатларида "Ҳудудгазтаъминот" АЖ корхонаси «пешқадам». Бу корхона аҳолига давлат хизматини кўрсатишда 200 та мурожаат муддатини бузган. Кейинги ўринни эса 144 та фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, тўғрироғи тадбиркорларнинг имкониятини чеклаган Солиқ идораси эгаллаб турибди. 111 нафар аризачининг давлат хизмат олишдаги ҳуқуқларини менсимаган Соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур «шоҳсупа»нинг учинчи поғонасини банд этган. Шунингдек, тижорат банклари, кадастр ва бандлик идоралари ҳам ўз сусткашлиги билан аҳолини кутишга мажбур қилган.

Аслида давлат хизматлари тизими югур-югурларга чек қўйиш, “қўл-қўлни таниши” каби иллатлардан халос бўлиш, энг муҳими, бир энлик ҳужжат учун одамлар ойлаб сарсон бўлмаслиги мақсадида ташкил этилган. Тасаввур қилинг, 842 ҳолатда ҳуқуқлари поймол этилган истеъмолчи ДХА ўрганишлари ўтказилмаса, мазкур идоралар хусусида қандай хулосага келишарди...

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?