Раҳмат Файзий хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» кўргазмаси очилди
Фото: Давронбек Эрназаров / «Халқ сўзи»
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург ва жамоат арбоби Раҳмат Файзий ижоди ҳамда хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» номли кўргазма ўз фаолиятини бошлади.
1962 йилда режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган машҳур «Сен етим эмассан» фильми барчамизга яхши таниш, барчамиз уни севиб томоша қилганмиз. Ушбу фильмнинг сценарийси айнан Раҳмат Файзий қаламига мансуб.
28 октябрь куни айнан ушбу ёзувчи хотирасига бағишланган «Ҳазрати инсон» номли кўргазманинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Раҳмат Файзийнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг, маросим иштирокчилари ва таниқли ижодкорлар ёзувчи ҳақидаги илиқ хотираларини ўртоқлашди.
Кўргазма залида ҳар бир бўлим алоҳида мавзуга бағишланган. Улардан бири — «Ҳазрати инсон» бўлими бўлиб, у ёзувчининг ўн бир йил давомида яратган шу номдаги романига атаб ташкил этилган. Қизиқ жиҳати шундаки, бу роман аслида «Сен етим эмассан» фильми сценарийсининг кенгайтирилган, роман шаклига келтирилган вариантидир.
Маълумки, асарда Иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган турли миллат болаларини ўз бағрига олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри Акрамова ҳаёти ҳикоя қилинади. Бу нафақат бир оиланинг таржимаи ҳоли, балки уруш йилларида оддий ўзбек халқининг инсонпарварлик ва меҳр-оқибат фазилатларини акс эттирувчи чинакам меҳр ва инсонийлик ёдномасидир.
Бўлимда Шомаҳмудовлар оиласининг тарихий суратлари, Раҳмат Файзийнинг роман прототиплари билан тушган фотосуратлари, шунингдек, «Сен етим эмассан» фильмидан лавҳалар ва унинг оригинал афишаси намойиш этилган.
Маълумот учун: фильм сценарийси 1963 йилда Франкфурт-Майнда ўтказилган халқаро кинофестивалда ҳамда 1964 йилда Ленинградда бўлиб ўтган Бутуниттифоқ кинофестивалида «Энг яхши сценарий» номинацияси бўйича мукофотларга сазовор бўлган.
Кўргазма ташкилотчиларидан бири, ёзувчининг невараси, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент, — Асалхон Раҳматуллаева бобосининг ижоди ҳақида шундай деди: «Бобомнинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканман, улар бутун бир диссертация мавзусига арзигулик ҳаёт йўлини босиб ўтганликларини англадим».
Олий тоифали сухандон Насиба Иброҳимова эса Раҳмат Файзий билан боғлиқ хотираларини ёдга олиб, шундай дейди: «Телевидениеда ишлаган йилларимизда ёзувчи ва шоирлар билан кўрсатувлар тайёрлардик. Раҳмат Файзий камера ва микрофон олдидаги табиийлиги, самимийлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. У киши билан суҳбат чоғида «жонли эфирдамиз» дейишнинг ҳожати қолмасди».
У, шунингдек, ёзувчи асарларининг бугунги авлод учун аҳамияти ҳақида тўхталар экан, қуйидагича фикр билдирди:
— Раҳмат Файзий барча асарларида инсонийликни улуғлаган. Ахир, қайси инсонни «ҳазрати» деймиз? Бу атамани Раҳмат ака ўзлари кашф қилганлар. Бугун орадан йиллар ўтсада, «ҳазрати инсон» деган сўзни биз энг юксак маънода ишлатамиз. Бу — у киши ишлатган биргина сўзининг мисоли, холос.
Машҳура Алимардон, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг