Депутатлар кредит билан боғлиқ муаммони ижобий ҳал этди

15:15 28 Май 2021 Жамият
661 0

Халқимиз азалдан сувни табиатнинг бебаҳо неъмати деб билган. Уни тежаб, оқилона фойдаланишга эътибор бериб келган. Халқимизнинг сувни зарга, сувчини заргарга менгзашида ҳам чуқур маъно бор. Чунки у туфайли муборак замин гул ва боғларга айланади.

Шу жиҳатдан мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Парламент қуйи палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари Р.Бегматов, О.Отахонова ва Д.Холбоевалар мазкур қарор ижросини Фарғона вилояти мисолида ўрганди.

Халқ вакиллари вилоятдаги ўрганишлари давомида Фарғона, Қўштепа, Тошлоқ ва Риштон туманларида бўлиб, бир қатор фермер хўжаликлари фаолияти билан танишишди.

Дастлабки манзил Фарғона тумани бўлди. Бугунги кунда туманда 1829 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш белгиланган. Шундан 1579 гектари пахта, 250 гектари ғалла майдони ҳисобланади. Айни вақтда 9 та фермер хўжалигининг 1227 гектар майдонида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун 13 761 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, тумандаги «Шох Шаҳноза», «Миндон Сулаймони», «Мирза янги ниҳоллари», «Муҳаммад Содиқ Юсуф», «Файзли Неъматжон», «Барака Шаббодаси» ҳамда «Фергана Осеана» МЧЖда 9 дона насос ва фильтр ўрнатилган. Аммо «Валижон Жамшидбек», «Миндон агрочашма», «Чимён бўстони» ва бошқа фермер хўжаликлари имтиёзли кредит олиш учун барча зарур ҳужжатларни топширган бўлсада, лекин уларга кредит маблағлари ҳалигача ажратилмаган.

Депутатлар бу масалалар юзасидан «Агробанк»нинг туман филиали вакиллари билан учрашиб, муаммони жойида ижобий ҳал этишди.

Шу куни халқ ноиблари «Фарғона асия» кластери фаолияти билан танишиб, бу ерда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди.

Суҳбат жараёнида кластер раҳбари экинларни суғоришда сув билан боғлиқ муаммо борлигини айтиб, артезиан қудуғини қаздириш ва электр тармоғини тортиб келишда депутатлардан кўмак сўрашди.

Халқ вакиллари бу масалани ўз назоратига олиб, туман ҳокими ва туман электр таъминоти корхонаси раҳбари билан учрашиб, муаммони ҳал этиш чораларини кўрди.

Учрашувлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари вилоятнинг бир қатор туманларида бўлиб, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини ўргандилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер