Депутат кўмагида долзарб муаммоларга ечим топилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини амалда таъминлаш, мавжуд муаммоларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ўзига хос тизим яратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаевнинг Ургут тумани аҳолиси билан навбатдаги юзма-юз учрашувларида ҳам ана шу мақсадлар устувор аҳамият касб этди.
Ўрганишлар давомида халқ вакили туманнинг Деҳқонобод маҳалласида бўлиб, давлат инвестиция дастури асосида замонавий лойиҳа асосида қад ростлаётган қиймати 4 миллиард 600 миллион сўм бўлган 120 ўринли 30 – давлат мактабгача таълим ташкилотида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари билан танишди.
— Бу боғча ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган бўлиб, 50 ўринга мўлжалланган бинода 100 дан ортиқ бола тарбияланарди, — дейди муассаса раҳбари Мавсума Аҳмедова. — Янги ва замонавий боғча биноси жорий йилнинг сентябрь ойигача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Депутат ушбу маҳалла ҳудудидан ўтган “Ургут – Навоий” катта йўлидаги Янгиариқ канали устига 1976 йили қурилган эски кўприкни янгилаш масаласида мутасадди давлат идораларига бир неча бор мурожаат қилган эди. Натижада бугунги кунда бу ерда эни 14 метр бўлган катта ва замонавий кўприк қурилиши олиб борилмоқда. Депутат мазкур объектдаги қурилиш ишлари билан ҳам танишди.
Халқ вакили тумандаги 3400 нафар аҳоли истиқомат қилиб келаётган Нисбот маҳалласи аҳли билан мулоқот давомида уларнинг яшаш тарзи ҳамда шароитларини ўрганди.
Депутатнинг маҳалла аҳолиси билан аввалги учрашувларида фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасидаги мурожаатлари асосида Нисбот ва Сариқтепа маҳаллалари ҳудудидаги бўш турган 180 гектар ер майдони кам таъминланган оилалар, ишсиз фуқароларга вақтинча ажратиб берилган эди. Айни пайтда ушбу экин майдонларида фуқаролар такрорий экин экиб ердан унумли фойдаланиб келмоқда.
— Бу масалада Наврўз Ризаевга мурожаат қилган эдик, — дейди “Нисбот” МФЙ раиси Зайниддин Суюнов. — Натижада депутат ва туман ҳокимининг аралашуви билан ерлар муҳтож оилаларга вақтинча ажратиб берилди. Халқимиз бундан миннатдор.
Дарҳақиқат, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларда аҳоли билан мулоқот қилиши, муаммоларини ўрганиши ва тизимли ҳал этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда халқ манфаати ва фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг