Деновда Навоий шарафига ҳайкал очилди

16:10 09 Февраль 2026 Жамият
186 0

Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан унинг шарафига ҳайкал ўрнатилди. Ушбу тарихий ва маънавий аҳамиятга эга воқеа туман ҳамда вилоят аҳли томонидан катта қувонч билан қарши олинди.

Маълумки, ҳар йили 9 февраль куни мамлакатимиз бўйлаб улуғ шоир Алишер Навоий таваллуд санаси кенг нишонланади. Бу йил ҳам ҳазрат Навоий таваллудининг 585 йиллиги юртимизда маънавий юксалиш руҳида ўтмоқда. Улуғ алломага бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида амалга оширилаётган бундай ташаббуслар унинг бой маънавий меросини авлодлар онгига сингдиришга хизмат қилади.

Ҳайкалнинг очилиш маросимида туман ҳокимлиги масъуллари, институт профессор-ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир ва адиблар, шунингдек, талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига атрофлича тўхталиб, унинг бадиий-эстетик тафаккури, туркий тил тараққиётида тутган беқиёс ўрни, маънавий-маърифий меросининг ёшлар тарбиясидаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Навоий нафақат мумтоз адабиётнинг забардаст намояндаси, балки миллий тафаккур меъмори, маърифатпарвар давлат арбоби ва она тилининг давлат тили сифатида юксалиши учун курашган улуғ зот сифатида эътироф этилди.

Маросим доирасида сўз мулкининг султонига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди. Талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, давра суҳбатлари, ғазалхонлик кечалари байрамга алоҳида руҳ ва шукуҳ бағишлади.

Шубҳасиз, мазкур ҳайкал нафақат буюк шоир хотирасини абадийлаштириш, балки ёш авлодни миллий маънавий меросга ҳурмат, ватанпарварлик ва маърифат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Денов тадбиркорлик ва педагогика институти томонидан илгари сурилган ушбу эзгу ташаббус ёшларнинг маънавий камолоти ва миллий ифтихор туйғусини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?