Декабрь ойидан бошлаб Фарғона — Қувайт йўналишида авиақатнов йўлга қўйилади

17:04 17 Ноябрь 2023 Жамият
206 0

Фото: “Халқ сўзи”

Фарғона вилояти ҳокимлигида Қувайтнинг “Jazeera Airways” авиакомпанияси вакиллари билан юзма–юз мулоқот ташкил этилди.

Самимий суҳбат давомида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров яқин истиқболда “Фарғона” халқаро аэропортини давлат – хусусий шериклик тамойили асосида модернизация қилиш ҳамда мазкур ҳаво дарвозасини Европа ҳамда Осиё қитъаси ўртасида транзит йўлагига айлантириш мақсад қилинганини таъкидлади.

— Ҳозирда Ўзбекистоннинг 3 та шаҳридан Қувайтга авиақатновлар амалга оширилиб, фарғоналиклар доимий йўловчиларнинг салмоқли қисмини ташкил этади,—деди учрашувда “Jazeera Airways”нинг Ўзбекистон ва Тожикистон бўйича директори Илдар Абубекиров. — Айни жиҳатни инобатга олиб, жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб Фарғона – Қувайт – Фарғона йўналишида йўловчиларга хизмат кўрсатишга киришилади.

Дастлабки босқичда ҳафтасига уч маротаба, келгуси ойлардан кунлик авиақатновларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу вилоятда зиёрат туризмини ривожлантиришда ҳам жуда қўл келади.

Шунингдек, учрашувда “Фарғона” халқаро аэропортидан ўзаро ҳамкорликда Миср, Туркия ва қатор Европа мамлакатларига авиақатновларни ташкил этиш истиқболлари таҳлил қилинди.

Айтиш ўринли, бугунги кунда ушбу авиакомпания дунёнинг 34 та давлатига 60 дан ортиқ йўналишларда мунтазам парвозларни амалга ошириб келмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер