Декабрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 фоизга ошган

15:09 02 Январь 2026 Иқтисодиёт
590 0

2025 йилнинг декабрь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 фоизга ошган. Бу ҳақида Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,3 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2024 йил декабрь — 109,8 фоиз) нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайди.

Декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,5 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,7 фоизга қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бақлажон (55,9 фоиз), бодринг (55,7 фоиз), помидор (25,1 фоиз), булғор қалампири (22,9 фоиз), карам (22,8 фоиз), қовоқ (10,5 фоиз), анор (7,2 фоиз), узум (6,7 фоиз), банан (3,5 фоиз), товуқ тухуми (3,4 фоиз), олма (2,3 фоиз), картошка (0,7 фоиз), қўй гўшти (0,5 фоиз) ва мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) (0,5 фоиз) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида сабзи (-7,5 фоиз), мандарин (-3,5 фоиз), шакар (-2,6 фоиз), барча навдаги гуруч, гуруч оқшоғи (-1,8 фоиз) ва кунгабоқар ёғи (-0,5 фоиз) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан бензин (2,4 фоиз), кийим ва пойабзал (0,2 фоиз) ҳамда пропан (1,3 фоиз) нархларида ўсиш кузатилди.

Шунингдек, хизматлар нархи ва тарифларида мобил алоқа хизматлари (4,9 фоиз), шаҳар автобусида йўл ҳаққи (3,2 фоиз), маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (3,0 фоиз), халқаро йўловчи ҳаво транспорти (2,0 фоиз) ва репетиторлик (0,8 фоиз) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 195 мингга яқин нархлар қайд этилган. 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 90 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер