Давлат хизматчилари бошқарув компетенцияларини баҳолаш тизимини такомиллаштиришга янгича ёндашув

14:50 20 Май 2025 Жамият
88 0

Иллюстратив фото

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида жаҳон миқёсида жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Соҳада янгича ёндашувлар ва рақамли технологияларнинг жорий этилиши ҳамда аҳолининг давлат хизматидан кутилмалари ортиши натижасида давлат хизматчиларига бўлган талаблар ҳам кучаймоқда. Бугунги раҳбар нафақат ўз соҳасини яхши билиши, балки стратегик фикрлаш, ўзгаришларга мослашиш ва жамоани бошқара олиш қобилиятига ҳам эга бўлиши зарур.

Халқаро тажрибанинг кўрсатишича, раҳбарлик салоҳиятини аниқлаш ва ривожлантириш давлат идоралари фаолияти самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омиллардан бирига айланган. Масалан, Сингапурдаги Civil Service College ҳар йили 40 минг нафар давлат хизматчисини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига жалб қилади. Бунинг натижасида 2015 — 2024 йилларда давлат хизматчиларининг иш самарадорлиги 16 фоизга ошгани қайд этилган. Жанубий Кореядаги KIPA институти эса кадрлар салоҳиятини ривожлантиришда амалий-илмий ёндашувни жорий этиб, инновацион лойиҳаларда иштирок даражасини 20 фоизгача, бюрократик жараёнлар вақтини эса 30 фоизга қисқартиришга эришган.

Бундан ташқари, Brookings Institution, UNDP, CPPG, CLRG каби нуфузли марказлар давлат хизматчиларида рақамли кўникмаларни шакллантириш, шаффофлик ва меритократия тизимини жорий этиш, рақамли бошқарувни ривожлантириш бўйича фаол тадқиқотлар олиб бормоқда. Уларнинг ишларида давлат хизматчиларини компетенциялар асосида баҳолаш муҳим йўналиш сифатида белгиланган.

Ўзбекистон ҳам бу йўналишда халқаро тенденцияларга мос равишда жадал қадам ташламоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. 2019 йил 3 октябрдаги Президент Фармони билан давлат хизматини ислоҳ қилишнинг ташкилий-меъёрий замини яратилди, 2022 йил 8 августда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бошқарув сифати ва инсон капитали масаласи устуворлик касб этди, KPI тизими асосида раҳбарлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизми ишлаб чиқилди, шунингдек 2024 йил 4 октябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилди.

Бироқ амалдаги ҳолат шундан далолат берадики, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларининг салмоқли қисми ҳанузгача юқори салоҳиятли кадрлар билан тўлиқ таъминланмаган. Кўп ҳолларда давлат хизматчилари ўз ишида замонавий ёндашувлар ва технологияларни қўллай олмаяпти. Бу эса қабул қилинаётган қарорлар сифатининг паст бўлишига, ташаббускорлик ва ижро интизомининг сусайишига сабаб бўлмоқда.

Замон талабларига биноан давлат хизматчилари фақатгина амалий тажрибаси асосида эмас, балки компетенциялари асосида баҳоланиши ҳамда уларга профессионал ривожланиш имконияти берилиши керак. Бошқарув компетенцияларини баҳолаш тизимини жорий этиш нафақат кадрлар сифати, балки давлат бюджети самарадорлиги нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир давлат хизматчисининг қобилияти, салоҳияти ва ривожланиш эҳтиёжлари бўйича аниқ маълумотга эга бўлиш давлат томонидан ташкил этиладиган малака ошириш дастурларини мақсадли ва оқилона йўналтиришга хизмат қилади.

Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир нафар давлат хизматчисини баҳолаш ва уни ривожлантириш (ўқитиш) харажатлари ўртача 2,75 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу харажатлар эвазига раҳбарнинг KPI кўрсаткичлари ва жамоадаги иши фаолияти сезиларли даражада яхшиланса, бу сармоя ўзини оқлаган, деб ҳисоблаш мумкин. 2023-2024 йиллар таҳлилларига кўра, муайян компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган ўқувлар натижасида ташкилотларда иш самарадорлиги 17,9 фоизга ошган.

Таъкидлаш жоизки, баҳолаш тизими давлат хизматчиларини ривожлантириш хариталарини ишлаб чиқишни тақозо этади. Мақсадли ривожланиш хариталари асосида ишлаш эса ташкилот ичидаги нотўғри лавозим тайинловлари ва ресурсларни самарасиз тақсимлашлар сонини камайтиради. Бу эса кадрлар сиёсатидаги барқарорликни кучайтиришга хизмат қилади.

Давлат хизматчилари бошқарув компетенцияларини баҳолашда қуруқ  назария билан чекланмай, кенг қамровли амалиётга таянилмоқда. Бугунги кунда Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўнлаб идоралар, ташкилотлар ва ҳокимият органлари билан ҳамкорликда аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда амалга оширилаётган муҳим лойиҳалардан бири “Раҳбар аёллар мактаби” доирасида тингловчиларни баҳолаш ва уларни мақсадли ривожлантириш билан боғлиқ. 550 номзод орасидан сараланган 100 нафар иқтидорли хотин-қизлар учун махсус малака ошириш дастурлари ташкил этилди. Уларда рақамли иқтисодиёт, “яшил” бошқарув, тадбиркорлик экотизими каби йўналишлар қамраб олинди. 9 нафар тингловчи Туркия ва Венгрияда тажриба орттирди.

Марказ томонидан мазкур тингловчиларнинг бошқарув қобилияти, мантиқий фикрлаши, давлат тилини билиши, ҳуқуқий билимлари, руҳий барқарорлиги, таҳлил қилиш қобилияти комплекс баҳоланди.

Иштирокчиларнинг ҳар бири учун шахсий портфолио ва ривожланиш харитаси шакллантирилди. Бошқача айтганда, раҳбарлик лавозимига қадам қўяётган кадрларга аниқ йўриқнома берилмоқда: унда қайси компетенцияларни ва қай тарзда ривожлантириш зарурлиги кўрсатилмоқда.

Шунингдек, вазирлик ва ҳокимликларга раҳбарликка тавсия этилган 53 нафар номзод ҳам синовдан ўтказилди. Бунда уларнинг билимлари, касбий кўникмалари, раҳбарлик салоҳияти ва коррупцияга қарши иммунитет даражалари ўрганилди. Mind Tracker BCI (Neiry) ускунаси ёрдамида стрессга чидамлилик ва шахсий самарадорлик каби кўрсаткичлар чуқур таҳлил этилди.

Бундан ташқари, 2024 йил якунида фаолият самарадорлиги бўйича паст кўрсаткич қайд этган 193 нафар раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари ҳам Марказда комплекс баҳоланди. Натижалар асосида улар учун индивидуал ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилди ва малака ошириш курсларига йўналиш берилди.

Раҳбар кадрларни баҳолаш марказ фаолиятининг бошқа йўналишларида ҳам назарий ёндашув амалиёт билан уйғунлаштирилмоқда. Масалан: Транспорт вазирлигининг 35 нафар раҳбар кадрларининг жамоада ишлаш, танқидий фикрлаш ва лойиҳа бошқаруви кўникмалари кейслар асосида баҳоланди; Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги 92 раҳбар ходим психодиагностика ва коррупция хатарларига мойиллик синовларидан ўтказилди; “Well-being + Corporate Culture” сўровномаси орқали 286 нафар раҳбарнинг иш муҳити, корпоратив маданияти ва эмоционал ҳолати таҳлил қилинди.

Қолаверса, Москва давлат университети билан ҳамкорликда “Integrity” тести ишлаб чиқилиб, коррупцияга мойилликни аниқлаш бўйича замонавий психологик ёндашув жорий этилди. Ҳозирда бу тестни патентлаш жараёни кечмоқда. Бу каби кенг қамровли баҳолаш ишлари нафақат давлат хизматчиларининг салоҳиятини аниқлаш, балки уларни аниқ мақсад асосида ривожлантириш, бошқарувда самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Бугунги давлат бошқаруви тизимида раҳбар кадрлардан нафақат юклатилган вазифаларни бажариш, балки мураккаб қарорлар қабул қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва жамоаларни самарали бошқариш талаб этилмоқда. Бундай салоҳиятни аниқлаш учун эса номзод ҳақидаги таассурот ёки унинг иш тажрибаси ҳақидаги маълумотлар билан чекланмай, давлат хизматчиларини тизимли ва илмий асосланган ҳолда баҳолаш талаб этилади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда жорий этилган норматив-ҳуқуқий асослар, институционал тузилмалар ва инновацион усуллар шундан далолат бермоқдаки, бошқарув компетенцияларини баҳолаш кадрлар сиёсатининг марказий қисмига айланмоқда. Бу орқали нафақат муносиб кадрлар сараланмоқда, балки улар учун шахсий ривожланиш имкониятлари яратилаётгани — муҳим ютуқлардан биридир.

Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли жараёнлар бугунги кунда шунчаки назорат ёки текшириш воситаси эмас, балки кадрлар салоҳиятини аниқлаш, мақсадли ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланишга йўналтирилган стратегик бошқарув инструменти сифатида шаклланмоқда. Бу жараён орқали давлат хизматининг функционал самарадорлиги оширилиб, инсон капиталининг ўсишига мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.

Бугунги кунда ушбу тизимни халқаро тан олинган талабларга тўлиқ мослаштириш орқали сертификатлаш, рақамли технологиялар асосида тўлиқ автоматлаштириш, давлат-хусусий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланиш ва соҳалар кесимида ихтисослашган баҳолаш механизмларини жорий этиш — Марказ олдидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланган.

Шубҳасиз, замонавий давлат хизмати юқори малакали, масъулиятли ва салоҳиятли кадрлар билан тўлиқ таъминланиши керак. Буни эса холис, тизимли ва натижага йўналтирилган баҳолаш механизмисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Сарвар САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер