Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация Сурхондарёга ташриф буюрди
Америка Қўшма Штатларининг фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан бўлиб ўтган мулоқотда элчи жаноблари Даниел Розенблюм қайд этганидек, мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги Декларацияга биноан кўп қиррали, ўзаро ҳурмат ҳамда бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилига кўра изчил ривожланиб бормоқда.

Суҳбат чоғида вилоят ҳокими Тўра Боболов Сурхондарёнинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари, қўшни Афғонистоннинг Балх вилояти билан фаол ҳамкорлик алоқалари ривож топаётгани, чегара олди ҳудудда барпо этилаётган «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ва «Термиз» халқаро савдо марказида замонавий шароит ва қулайликлар яратилаётгани ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Ўз навбатида, Даниел Розенблюм мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Сурхондарё вилояти билан савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Термиз шаҳрида бепул инглиз тилини ўрганиш, ушбу тильдаги ўқув ва маданий материаллардан фойдаланиш, АҚШда таълим бўйича маслаҳат олиш имкониятини берувчи «Америка бурчаги»ни очиш юзасидан таклифларини баён этди. Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида АҚШ бизнес вакиллари сармояси иштирокида 2 та корхона фаолият юритмоқда.
Хусусан, 2020 йилда «Ҳаётбахш замин» Ўзбекистон — АҚШ қўшма корхонаси томонидан 4,5 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, Термиз туманида 8,5 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилди. 2019 йилинг декабрь ойида Термиз шаҳрида Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Украина сингари 17 та давлат вакиллари иштирокида минтақавий форум ўтказилиб, Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, савдо ва инвестиция алоқаларни кенгайтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бундан кўзланган мақсад ўзаро савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга кенг йўл очишдан иборатдир.
АҚШ томони Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни янада кенгроқ ҳаётга татбиқ этиш орқали ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш тарафдори. Шу мақсадда USAID фонди билан ҳамкорликда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалида қишлоқ хўжалигида қиймат занжири лойиҳаси доирасида мева-сабзавотларни сақлашга мўлжалланган совуқхона (ўқув мақсадларида) қурилди. Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида 3 ойлик дастурлаш курсларини ташкил этиш режалаштирилган. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси делегациясининг вилоятга сафари давомида ТерДУ, ТДАУ Термиз филиали, Археология музейи ҳамда қатор тарихий, маданий ва туризм объектларига ташрифи кўзда тутилган.
Ташриф дастури доирасида журналист ва блогерлар учрашган Америка Қўшма Штатларининг фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм «Халқ сўзи» газетаси эксклюзив интервью берди
— Ўзбекистондаги дипломатик миссиям давомида Сурхондарёга бу иккинчи бор келишим, — деди у суҳбат давомида. — Вилоятларга ташрифдан кўзланган мақсадимиз аввало ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятимизни янада ривожлантиришдан иборатдир. АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида ҳам бир қатор янги лойиҳалар амалга ошириляпти. Истиқболда янги режаларимиз ҳам бор. Маълумки, USAID нинг беминнат кўмагида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Шунингдек, юртингизда соғлиқни сақлаш, таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бизнес соҳасида, рақамли технологияларни жорий этишга доир бир қатор истиқболли лойиҳалар муваффақиятли олиб бориляпти. Термиз давлат университети билан ҳамкорликда АҚШда таълим бўйича маслаҳат олиш имкониятини берувчи «Америка бурчаги»ни очиш бўйича келишувларга эришдик. Бу орқали биз АҚШ маданий ҳаёти, демократик қадриятларини тарғиб қилиш ҳамда бепул инглиз тилини ўқитиш ниятидамиз. Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, пандемия шароитида давлатнинг ижтимоий йўналтирилган сиёсати ўзини тўла оқлади. Дунёга хавф солаётган коронавирус пандемиясини жиловлаш, талафотларни камайтиришга эришилгани бу — жуда ижобий ҳолат ва катта муваффақиятдир.
Шуни алоҳида эътироф этишим жоизки, сўнгги 4-5 йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 2 баробарга ошди. Коронавирус пандемияси бу жараёнга бироз соя солгани эса бор ҳақиқат. Кейинги йилларда Ўзбекистонда диний эркинликни таъминлаш бўйича катта натижалар қўлга киритилди ва мамлакат кўп йиллардан буён сақланиб қолган «қора рўйхат»дан чиқарилди. Одам савдоси, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳам ижобий ҳолатдир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, сўз эркинлигини таъминлаш, ОАВ фаолиятининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият ўртасидаги имижини оширишга хизмат қилаётир.
Илҳом Раҳматов,
«Халқ сўзи» мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг