«Челси»дан супер камбек, «Арсенал»дан йирик ғалаба
Кеча, 31 январь куни Англия Премьер лигасининг 24-туридан ўрин олган баҳслар старт олди. Кун доирасида 5 та ўйин ташкил этилди.
Турни очиб берган ўйинда «Борнмут» клуби сафарда «Вулверҳэмптон» жамоаси меҳмони бўлди. Таъкидлаш жоизки, «бўрилар» бу мавсумни яхши ўтказа олаётгани йўқ. Роб Эдвардс бошчилигидаги жамоа бутун мавсум давомида 8 очко жамғарган ҳолда, мусобақа жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турибди.
«Борнмут»да эса ҳолат нисбатан яхшироқ эди. Жамоа бу ўйиндан сўнг ўз ҳолатини янада яхшилаб олди. Баҳс меҳмонларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйинда киритилган голларга Алекс Скотт ва Жуниор Крупи муаллифлик қилди. Ушбу ғалабадан сўнг Андони Ираола бошчилигидаги жамоа мусобақа жадвалида 12-ўринга кўтарилиб олди.
Турдаги яна бир интригага бой ўйин Брайтон шаҳрида ташкил этилди. Унда худди шу ном билан аталувчи клуб ўз майдонида «Эвертон» жамоасини қабул қилди.
Ушбу ўйинда қозонилажак ғалаба «Брайтон» клубини мусобақа жадвалида 13-ўриндан 7-ўрингача кўтариши мумкин эди. Ўз навбатида, «Эвертон» ҳам бу баҳсда ғалаба қозониб, «Манчестер Юнайтед» билан очколари сонини 2 очкогача қисқартириб олиши мумкин эди. Аммо амалда бундай бўлмади.
Учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Ўйинда киритилган голларга мезбонлардан Паскаль Гросс, меҳмонлардан Бето муаллифлик қилди.
Тур доирасида мусобақа пешқадами «Арсенал» жамоаси турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турган «Лидс Юнайтед» жамоаси меҳмони бўлди. Баҳс Микел Артета бошчилигидаги жамоанинг тўлиқ устунлиги остида ўтди ва Лондон клуби ўйинни 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлади.
Учрашувда киритилган голларга Габриэл Жезус, Виктор Дьёкереш ва Мартин Субименди муаллифлик қилди. Яна бир гол автогол сифатида «Лидс Юнайтед» посбони Карл Дарлоу ҳисобига ёзилди.
24-тур доирасида кичик Лондон дербиси ташкил этилди. Унда «Челси» клуби ўз майдонида турнир жадвалида 18-ўринни эгаллаб турган «Вест Ҳэм» жамоасини қабул қилди.
Ўйинда ҳисоб 7-дақиқада меҳмонлар футболчиси Жаррод Боуэн томонидан очилди. 36-дақиқада Крисенсио Саммервилл ҳисобни 0:2 кўринишига келтирди. Биринчи бўлим шу ҳисоб билан якунланди.
Иккинчи бўлимда эса «аристократлар» ўзларига келди. 57-дақиқада Жоау Педру ҳисобни қисқартирди. 70-дақиқада Марк Кукурелья «Челси»нинг иккинчи голини киритди. Ҳакам томонидан иккинчи бўлимга қўшиб берилган иккинчи дақиқада Энцо Фернандес мезбонларга ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди. Шу тариқа «Челси» супер камбекни амалга оширди.
АПЛда 5 та ўйиндан бери ғалаба нималигини билмай келаётган «Ливерпуль» клуби ушбу турда «Ньюкасл» жамоасини қабул қилди. Ўйин жадвалдаги ўринлар нуқтаи назаридан ҳар икки жамоа учун жуда муҳим эди. Амалда ғалаба мезбонларга насиб этди.
«Ливерпуль» жамоасидан голларга Юго Экитике (2 та), Ибраҳима Конате ва Флориан Виртц муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг ягона жавоб голи эса Антони Гордон ҳисобига ёзилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида қисқа фурсатга тўхтаган Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони билан учрашув ўтказди
- Шимол ёғдуси — мўжиза эмас даҳшат. Қуёшда X тоифали кучли чақнаш содир бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг