Бунёдкорлик руҳи билан яшаётган “Шаҳрисабз бунёдкори”

12:38 08 Ноябрь 2024 Жамият
232 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Тадбиркор, ташаббускор инсон ҳеч қачон эришган ютуқлари билан чекланиб қолмайди. Янги-янги марраларни забт этишни ўйлайди. Шу йўлда изланади. Олдига аниқ мақсад қўйиб, қатъият билан ҳаракат қилади. Янги ташаббуслар, лойиҳаларга қўл уради. Натижада бизнеси ривожланиб, иқтисодий имкониятлари кенгайиб бораверади.

Эътиборли томони, бундай ташаббусдан давлат ва жамият ҳам катта наф кўради. Зеро янги лойиҳалар асносида қўшимча иш ўринлари яратилади. Ҳудуднинг ишлаб чиқариш қувватлари сони ортади. Хизмат кўрсатиш турлари кўпайиб, сервис сифати яхшиланади.

Буни Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Шаҳрисабз бунёдкори” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ушбу корхона 2012 йилда тадбиркор Феруз Муртозоев ташаббуси билан қурилиш ташкилоти сифатида таъсис этилган эди. Дастлаб турли объектларда бунёдкорлик ишларини бажариш билан шуғулланган бу субъект бугун нафақат туман, балки вилоят саноатида ўз ўрни ва мавқеига эга нуфузли корхоналардан бирига айланиб улгурди.

— Фаолият бошлаган дастлабки кезларда бир нечта ходим билан кичик йўл ва кўприкларни қуриш, таъмирлашдан бошлаган бўлсак, ҳозирги кунда корхонамизнинг фақат шу тармоғида меҳнат қилаётган ишчилар сони элликдан ошиб кетди, — дейди тадбиркор. — Ўтган вақт мобайнида моддий-техник базасини тубдан яхшиладик. Фаолият учун зарур замонавий ускуналар, техника воситаларини харид қилдик.

Аҳамиятли жиҳати, жамият таъсисчилари ўз олдига қурилиш ишлари билан бир қаторда, фаолиятни босқичма-босқич кенгайтириб боришни мақсад қилиб қўйган. Натижада жамият тасарруфидаги тармоқлар сони ошиб, корхонанинг иқтисодий имкониятлари кенгайиб бормоқда.

— Фаолиятимиз бевосита қурилиш ишларини амалга оширишга қаратилгани боис, ўзимизда ҳам қурилиш маҳсулотларига доимий эҳтиёж мавжуд, — дейди Феруз Муртозоев. — Аввалига бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналардан харид қилган бўлсак, кейинчалик уларни ўзимиз ишлаб чиқаришга қарор қилдик. Агар шундай қилсак, бу ишлатаётган маҳсулотларимизнинг таннархини бирмунча арзонлаштириш, қолаверса, қўшимча даромад олиш манбаларини яратиш имконини беради. Дастлаб оддий технологиялар асосида “блок ғишт”лар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлсак, кейинги босқичда бетон плиталар ишлаб ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Тош-шағал ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик қувватни ишга туширдик.

Дастлабки муваффақиятлардан руҳланган жамоа жорий йилда яна бир янги лойиҳани амалга оширди.

— Шу вақтга қадар йўл қурилиши ишларида фақат асфальтга эҳтиёжимиз бор эди, — дейди тадбиркор. — Ушбу маҳсулотни бошқа корхоналардан харид қилардик. Бу пудрат ишларининг таннархини бироз ошириш билан бир қаторда, ишни ўз вақтида якунлашда ҳам муаммо туғдирган ҳолатлар кўп бўларди. Шу боис ўтган йили асфальт ишлаб чиқаришни ҳам ўзимиз йўлга қўйишга киришдик. Хитой ва Европа давлатларидан 500 минг АҚШ долларига соатига 120 тонна асфальт ишлаб чиқариш имконини берадиган замонавий қувватни харид қилиб, Қарши шаҳрининг Шайхали маҳалласи ҳудудида ишга туширдик. Заводни Шаҳрисабзда эмас, Қарши шаҳрида қуришимизнинг асосий сабаби – вилоятнинг барча ҳудудларига маҳсулот етказиб беришда йўлга кетадиган харажат ва ва вақтни қисқартиришдир.

Тадбиркорнинг айтишича, ушбу асфальт заводи бошқаларидан ўзининг ихчамлиги, тежамкорлиги ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг евростандартларга жавоб бера олиши билан ажралиб туради. Шу боис завод ишга туширилганига кўп бўлмаган бўлса-да, маҳсулотга буюртмачилар сони кундан-кунга ошиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер