Ўзбекистон Қуролли Кучлари жанговар салоҳияти янада оширилади

14:50 26 Декабрь 2025 Сиёсат
235 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бормоқда. Бундай мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, мутаносиб очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолият давом эттирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида айтиб ўтди.

Яқин қўшниларимиз билан кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларимизни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади.

Бу жараёнда минтақамиз давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, сув, экология, хавфсизлик, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик янада чуқурлаштирилади.

Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, уни минтақадаги иқтисодий жараёнларга кенг жалб қилиш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолади.

Асосий хорижий шерикларимиз ҳисобланган Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Иордания, Кувайт, Ўмон, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш бундан кейин ҳам эътибор марказида бўлади.

Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари билан янги ва истиқболли йўналишларда манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Жанубий Кавказ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни кенгайтириш стратегик йўналишлардан бири бўлади.

Президентимиз бугунги анжуманда қатнашаётган хорижий давлатларнинг элчиларига Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтириб, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишимизни фаол қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатларининг ҳукуматларига алоҳида ташаккур билдирди.

Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, иқтисодий институтлар билан яқин ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқилади.

Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишлар давом эттирилади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқалари янада кенгайтирилади.

«Бундай улуғвор вазифалар биздан юртимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини оширишни талаб этади. Бунинг учун биз барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз», деди Президентимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер