Бугундан «Контрафактсиз ой» ойлигига старт берилди

21:48 15 Февраль 2024 Жамият
270 0

Президентимизнинг тегишли қарорига асосан республикамиз бўйлаб ҳар йили бир марта 15 февралдан 15 мартга қадар контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши реал самарали курашишни кўзда тутувчи ҳамда тарғибот-ташвиқот руҳи билан суғорилган “Контрафактсиз ой” ойлиги ўтказилади.

Ушбу топшириқ ижроси юзасидан жорий йилда ҳам Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан 20 та банддан иборат “Контрафактсиз ой” ойлигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, дастурнинг 1-бандига мувофиқ 15 февраль санасида интеллектуал мулк ҳимояси ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ва бошланаётган ойлик бўйича “Контрафактсиз ой” ойлигини самарали ташкил этиш бўйича брифинг ташкил этилди.

Брифингни Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти бошлиғи Э. Канязов кириш сўзи билан очиб бериб, контрафакт маҳсулотларнинг реализация қилиниши бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилишига, яширин иқтисодиётнинг ривожланишига, йиллар давомида муттассил меҳнат эвазига яратилган брендларга нисбатан харидорлар ишончининг йўқолишига сабаб бўлиши хусусида ўз фикрини билдирди.

Э. Канязов ўз сўзини давом эттириб, Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга оид амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг, Адлия вазирлиги Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Б. Рўзиев сўзга чиқиб, жорий йилги чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишлар бўйича маълумот бериб ўтди.

Мазкур тадбирда Адлия вазирлиги масъул ходимлари билан бир қаторда соҳа бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Солиқ қўмитаси ва "Ўзкомназорат» инспекциясидан вакиллари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу ойлик давомида Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан йирик бозорлар, савдо мажмуалари ва кўчма савдо масканларида контрафакт маҳсулотлар реализациясининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари ўтказилади.

Бунда асосан тадбиркорлик субъектларига контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун жавобгарлик мавжудлиги ҳақидаги тарғиботлар кучайтирилади. Шунингдек, истеъмолчиларга контрафакт товарни аслидан фарқлашга ўргатиш ва кўникмалар ҳосил қилиш мақсадида тушунтириш ишлари амалга оширилади. Қолаверса, фуқароларнинг мазкур соҳада ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилади.

Вазирлик ушбу ойликни ўтказиш орқали тадбиркорларни ҳалол рақобатга киришишни таъминлаш, ўз брендига эга ишлаб чиқарувчилар бизнесини ҳимоялаш, савдо расталарида контрафакт маҳсулот айланмасини чеклаш ҳамда аҳоли орасида сифатли, ишончли маҳсулотларни харид қилишни тарғиб қилади.

Энг муҳими, савдо дўконларида савдо ва хизматлар кўрсатиш жараёнида асл маҳсулот ишлаб чиқарувчиси тўғрисида истеъмолчилар тўғри маълумотга эга бўлиши ва истеъмолчини чалғитувчи контрафакт маҳсулотларнинг реализациясини олдини олишга эришилади.

Жорий йилги ойлик давомида ҳам бир қатор тарғибот тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, олий таълим муассасалари, профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда “Интеллектуал мулк ҳимояси ва контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш” мавзусида семинар-тренинг ва давра суҳбатларини ташкил этиш, шунингдек Олий суд, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона қўмитаси ходимлари учун интеллектуал мулк соҳасида махсус билимларга эга бўлган мутахассисларни жалб этган ҳолда семинар-тренинглар ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ойлик давомида контрафакт маҳсулотлар каталогининг доимий янгиланиб борувчи электрон шаклига йўналтирувчи ҚР-кодли стикерларни республиканинг барча ҳудудларидаги бозорлар, йирик савдо мажмуалари, чегара ва ТИФ божхона постларига жойлаштириш ҳамда ваколатли органлар ходимлари учун хорижий ҳуқуқ эгалари ёки уларни ваколатли вакилларини жалб этган ҳолда контрафакт маҳсулотларни аниқлашнинг махсус усуллари бўйича мастер-класслар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Вазирлик контрафакт маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида нафақат “Контрафактсиз ой” ойлиги давомида, балки доимий равишда чора-тадбирларни амалга ошириб боради.

Диёра САИДОВА,

ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер