Бош вазирга «ёлчимаётган» Макрон яқинда истеъфога чиққан Себастян Лекорнюни яна лавозимига қайтарди

Фото: AP
Франция президенти Эммануэль Макрон истеъфога чиққанидан бир неча кун ўтгач Себастян Лекорнюни қайта бош вазир этиб тайинлади ва унга янги ҳукуматни шакллантириш вазифасини юклатилди. Бу ҳақда Елисей саройи матбуот хизмати маълум қилди.
Лекорнюнинг ўзи сиёсий инқирозни енгиб ўтиш учун «бурч туйғуси туфайли» тайинланишни қабул қилганини айтди. У лавозимга тайинланганидан бир ой ўтиб, 6 октябрь куни партиядаги келишмовчиликлар туфайли истеъфога чиққан эди.
У Х ижтимоий платформасида бош вазир лавозимига қайта тайинлангани ҳақида фикр билдирди.
“Францияга йил охиригача бюджет олиши ва юртдошларимизнинг кундалик муаммолари ҳал этилиши учун барча имкониятларни ишга солиш бўйича республика президенти томонидан менга топширилган вазифани “бурч туйғуси” билан қабул қиламан”, — деб ёзади у.
Лекорнюнинг қўшимча қилишича, “Франциянинг обрўси ва манфаатларига путур етказадиган” сиёсий инқирозга барҳам бериш зарур.
Уч йил ичида беш нафар Бош вазир
Себастян Лекорню 2025 йил сентябрь ойи бошида бош вазир бўлди, бироқ бир ойдан камроқ вақт ўтгач, 6 октябрда истеъфога чиқди. Истеъфога чиқишидан бир кун олдин у янги ҳукуматни тақдим этди, унда бир неча муҳим вазирлар ўз ўринларини сақлаб қолишди, бу эса мухолифатнинг танқидига сабаб бўлди. У ҳукуматдан кетишини томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф эта олмагани билан изоҳлади.
“Бош вазир бўлиш қийин вазифа, айниқса ҳозир... Ҳар бир сиёсий партия парламентда ўз кўпчилигига эгадек ҳаракат қилмоқда”, деди у “The Washington Post” газетасига берган интервьюсида.
Лекорню Макроннинг янги президентлик муддати бошланган 2022 йилдан бери Франциянинг бешинчи бош вазири ҳисобланади. Ундан олдин бу лавозимда Франсуа Байру бир йилдан камроқ муддат хизмат қилди. У ҳукумат харажатларини қисқартириш ва бюджет тақчиллиги туфайли парламентда ишончсизлик вотумига дуч келганди. Байругача Мишель Жан Барнье, Габриэль Ниссим Атталь де Курис, Элизабет Борн қисқа муддатларда Франция ҳукуматини бошқарган эди.
Буюк Британиянинг “The Times” газетаси Лекорнюнинг истеъфосини шарҳлар экан, президент Эммануэль Макронни “оқсоқ ўрдак” деб атади. “У “оқсоқ ўрдак”, 2027 йил, муддати тугашича оқсоқланади, аммо унинг ўша пайтгача етиб боришига ишонч йўқ”, — дейилади мақолада.
Собиқ бош вазир Эдуард Филипп (2017-2020 йиллар) Францияда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш зарурлигини айтди. “Биз сўнгги олти ой давомида бошдан кечирган нарсамиз яна ўн саккиз йилга чўзилишига йўл қўя олмаймиз — бу жуда узоқ ва Франция учун зарар”, — дейди у.
Сиёсий инқирознинг илдизи қаерда?
“Енгилмас Франция” партияси раҳбари Матильда Панонинг таъкидлашича, бир гуруҳ парламент аъзолари Макроннинг истеъфосини талаб қилувчи резолюцияни имзолаган ва уни ҳокимиятдан четлатиш бўйича иш қўзғатиш таклифи тез орада кўриб чиқилади. Франция Миллий ассамблеяси аъзоси Жан-Люк Меланшон ҳам ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Бироқ 8 октябрь куни Франция Миллий ассамблеяси Макронга импичмент эълон қилиш таклифини рад этгани маълум бўлди.
Франциядаги сиёсий инқироз 2024 йилнинг ёзидан, Макроннинг марказчи коалицияси Европа парламенти сайловларида мағлубиятга учраган ва ўнг қанот партиялар парламентга кирган пайтдан бери давом этмоқда.
Бунга жавобан Макрон Миллий ассамблеяни тарқатиб юборди ва навбатдан ташқари сайловлар ўтказишни эълон қилди, натижада ҳукмрон коалиция ўзининг аввалги таъсирини йўқотиб, ҳукуматни мухолифатга қарам қилиб қўйди.
Парламентдаги ўнг қанот позициясининг мустаҳкамланиши асосий қарорларни қабул қилишга тўсқинлик қилмоқда. Ҳукумат 2025 йилнинг биринчи чораги якунига кўра 3,346 триллион еврога етиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 114 фоизидан ошиб кетган давлат қарзининг ўсиши фонида 2026 йилги давлат бюджетини тасдиқлай олмаяпти.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг