Бир қатра сув қадри

11:02 15 Ноябрь 2024 Жамият
296 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Сув — тириклик манбаи, инсоният ҳаёти давомийлигини таъминловчи бебаҳо неъматдир. Халқимиз “обиҳаёт” деб эъзозлайдиган, поклик тимсоли бўлган сувнинг ҳар томчиси бежиз тиллога менгзалмайди. БМТ қошидаги Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилоти томонидан 2022 йилда эълон қилинган баёнотда 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра, 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор. Бу эса юртимизда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга бугундан жиддий киришишни тақозо этади. Айниқса, Амударёнинг қуйи минтақасида жойлашган Хоразм воҳасида сувдан тежаб фойдаланиш масаласи яна ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Хоразм суғорма деҳқончилигида янги йўналиш

Академик Яҳё Ғуломов “Хоразмнинг суғорилиш тарихи” монографиясида воҳада сунъий суғориш тизимларининг юзага келиши ва ривожланиш босқичларини тўла тадқиқ қилган. Унда баён қилинишича, Хоразмда суғорма деҳқончилик маданияти азалдан ривож топган, ирригация ва мелиорация тизимлари жуда пухта илмий ҳисоб-китоблар асосида бунёд этилган. Мироблик хонликдаги энг нуфузли касб саналиб, энг адолатли, илмли кишилар бу вазифага тайинланган. Ҳар йили ариқ-зовурларни лойқадан тозалаш учун қазув, яъни “бегор” эълон қилиниб, унга ҳар бир оила жалб этилган.

Бугунги кунга келиб ушбу анъанавий суғориш усуллари ўрнини замонавий сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, далаларни лазер ёрдамида текислаш усуллари эгалламоқда. Мақсад — сувдан тежаб, самарали фойдаланиш, қурғоқчиликнинг салбий таъсирини камайтириш. Бугунги кунгача вилоятда жами лазер ёрдамида текисланган ва сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 167 минг гектарни ёки жами экин майдонларининг 85 фоизини ташкил қилмоқда. Жорий йилда 42 минг 900 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан, 3450 гектарда томчилатиб, 2300 гектарда ёмғирлатиб суғориш, 9650 гектарда бошқа технологиялар қўлланилди ва 28 минг гектарда лазер текислаш ишлари бажарилди. Йил охиригача 100 фоиз экин майдонлари тўлиқ лазер билан текисланади. Бунинг учун вилоятда 363 та лазерли текислагичлар мавжуд ва яна янгидан 50 таси харид қилиняпти. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, вилоятда лазер билан текисланган майдонларда чел олиш ишлари, сувчилар сони ва бошқа хизматлар қисқариши ҳисобига 83 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинар экан.

— Халқимиз бежиз сувни зарга, сувчини заргарга қиёсламайди, — дейди Шовот туманидаги “Уста Матсафо” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Ўдабоев. — Фермер хўжалигимиз далаларида туманда биринчилардан бўлиб томчилатиб суғориш тизимини жорий этдик. Очиғи, ўша пайт кўпчилик бунга бўлмайдиган иш, деб қараганди. Ўзимда ҳам бироз хавотир бўлгани бор гап. Кейинчалик бу усулга барчанинг фикри ижобий томонга ўзгарди. Фермер хўжалигимиз мисолида олиб қарасак, биринчи йилдаёқ харажатимиз қоплана бошлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, янги технология жорий этилган ҳар гектар ер учун 8 миллион сўмдан субсидия олдик. Энг муҳим жиҳати эса ҳосилдорлик ошгани ва тежамкорликда бўлди. Биринчидан, сув тежалиши ҳисобига ғўзалар танқислик сезмади, натижада ҳосилдорлик ва шунга мос равишда даромадимиз анча ошди. Иккинчидан, ишчи кучи, ўғит, ёқилғига сарфлайдиган харажатларимиз сезиларли даражада камайди. Шу боис сув тежовчи технологияларни барча далаларимизда жорий қилиш ҳаракатидамиз.

Соҳани рақамлаштириш ва ариқларни бетонлаштириш юқори самарадорлик кафолати

Вилоятда бошқа тармоқларда бўлгани каби сув хўжалигида ҳам рақамлаштириш жараёнлари жадал давом этмоқда. Бу қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган ҳар томчи сувнинг қатъий ҳисоб-китоб асосида сарфланишини таъминлайди, беҳуда исроф бўлишининг олдини олади.

— Вилоятда соҳани рақамлаштириш дастури доирасида 357 дона гидропостларга “Ақлли сув” қурилмалари, 684 дона мелиоратив қудуқларга “Дайвер” қурилмалари, 249 дона насос станцияларга сув ва энергия ресурсларини реал вақт режимида ўлчаш қурилмалари ўрнатилди, — дейди Қуйи Амударё чап қирғоқ ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Одилбек Тоҳиров. — Шунингдек, 4 та йирик иншоотлар автоматлаштирилди, белгиланган лойиҳалар доирасида 38 та объектда 152 млрд. сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Натижада жорий йилда 26 минг гектар ернинг сув таъминоти ва 28 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, 6,5 минг гектар ерлар қайта фойдаланишга киритилди.

Ирригация тармоқларидаги сув йўқотишларининг бир қисми оби-ҳаётнинг ер остига сингиб кетиши билан боғлиқ. Бунинг олдини олиш мақсадида вилоятда 2100 километр ички ариқлар 5,4 км хўжаликлараро каналлар бетонлаштирилди. Умуман, бу йил вилоятда сувни тежаш бўйича амалга ошириладиган барча тадбирлар ҳисобига бир миллиард метр куб сувни иқтисод қилинишига эришилади.

Сув чиқариш насослари қуёш панеллари ёрдамида ишлатилади

Жорий йилнинг 7 ноябрь санасида ўтказилган қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти сув насосларини янгилаш ҳамда уларнинг электр таъминотини қуёш панеллари ёрдамида амалга ошириш бўйича “Хоразм тажрибаси”ни кенг оммалаштириш юзасидан топшириқ берди.

Бугунги кунда Хоразм вилоятида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун давлат ҳисобидаги ва фермер хўжаликлари балансидаги 2146 та насос агрегатлари ишлатилади. Сув насосларининг самарадорлигини ошириш ва муқобил энергиядан фойдаланиш мақсадида жорий йилда фермер хўжаликлари тасарруфидаги 134 та насос агрегатларига 8308 кВт/с қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Ушбу тадбирни амалга ошириш орқали йиллик 13 млн 827 минг кВт/с ёки 12 млрд. 444 млн. сўмлик электр энергиясининг тежалишига эришилди. Бу 1382 та хонадоннинг 1 йиллик электр энергияси истеъмолига тўғри келади. Шунингдек, 92 та фермер хўжаликларига ўрнатилган 102 та насос станцияларида ишлаб чиқарилган эҳтиёждан ортиқча 1 млн 958 минг кВт/с электр энергияси сотилиб, фермер хўжаликлари 1 млрд. 410 млн. сўм қўшимча даромадга эга бўлди.

— Фермер хўжалигимиз экин майдонлари 106 гектар бўлиб, олдинги йилларда суғориш насослари учун электр энергиясига ҳар 15-20 млн. сўм тўлар эдик, — дейди Хонқа туманидаги “Тўтижон Бекметова” фермер хўжалиги раҳбари Камоладдин Юсупов. — Сув насослари учун 75 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатгач электр учун тўланадиган сарф-харажатлар ёнимизга қоляпти. Бунинг устига қуёш панелларидан олинган ортиқча энергияни туман электр тармоқлари корхонасига 720 сўмдан сотиб яхшигина фойда ҳам оляпмиз.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, битта фермер хўжалигида мавжуд сув насослари қуввати 110 кВт/соатни ташкил қилса унинг электр истеъмолини тўлиқ қоплаш учун 150 кВт қувватга эга қуёш панеллари зарур бўлади. Бу ўртача 600 млн сўмни ташкил қилади ва 2 йилда тўлиқ ўзини қоплайди. 2025 йилда вилоятда 3250 гектарда томчилатиб, 1300 гектарда ёмғирлатиб суғориш, 9 минг 100 гектарда бошқа технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Бу каби қўшимча чора-тадбирлар натижасида 20-25 фоиз сув ресурслари тежалади, иқтисодий самарадорлик 10-15 фоизга ошади. Бундай имкониятлар юртимизда мўл-кўлчиликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?