Бир асрлик тарих

09:30 01 Август 2022 Жамият
547 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

 Бугун «Дори-Дармон» акциядорлик компанияси ташкил этилганига 100 йил тўлди. Бу бир аср дегани. Ўтган вақт ичида компаниянинг салоҳияти юксалди. Нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам унинг ҳамкорлари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Фаолиятининг энг асосий мақсади аҳоли саломатлигини таъминлашдан иборат бўлган компаниянинг кечаги куни тарих, бугуни залворли, эртанги куни нурафшондир.

   Компания тарихига назар ташлайдиган бўлсак: 1922 йил 1 августда Тошкент шаҳрида Туркистон АССР Соғлиқни сақлаш халқ комиссариати қошида дорихона бошқармаси сифатида ташкил  қилинган бўлиб, йиллар суронида  халқ ишончини оқлаб келмоқда. Ҳатто  уруш йилларида ҳам бошқарма томонидан зарур дори воситалари, тиббиёт буюмлари  фронтга етказиб берилган.

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 20 майдаги 131-сон Қарорига мувофиқ, “Dori-Darmon” Акциядорлик компанияси сифатида қайта ташкил этилди. Компания Республика дорихона бошқармасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Бугунги кунда “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси таркибида Республикамиз бўйлаб 7 та акциядорлик ва 13 та масъулияти чекланган жамиятлар фаолият кўрсатмоқда. Компания тизимида 2150 та дорихона ва дорихона шохобчалари фаолият кўрсатмоқда, уларнинг қарийб 63 фоизи (1348 таси) қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Бундан ташқари, компания жамиятларида  махсус жиҳозланган изотермик автомашиналарда кўчма дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб,  графиклар асосида Республикамизнинг чекка, дорихона мавжуд бўлмаган ҳудудларидаги аҳолига зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар етказилмоқда.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Компаниямиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларининг асосий таъминотчиларидан бири ҳисобланади.  Хусусан, 2021 йил давомида соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли даволаш профилактика муассасаларига 449,9 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари етказиб берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 22 июлдаги  «Шахсларнинг айрим тоифаларини имтиёзли асосда дори воситалари билан таъминлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 204-сон Қарори билан амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 13 тоифа рўйхати тасдиқланган, уларни дори воситалари ва тиббий буюмлари билан таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар давлат томонидан қопланиши белгиланган. Ушбу тоифага кирувчи беморларга Компания тизимидаги дорихоналари орқали 2021 йилда 22,9 млрд. сўмлик, 2022 йилнинг 6 ойи давомида  12,8 млрд. сўмлик дори воситаси ва тиббиёт буюмлари бепул берилган.

Компания хайрия тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, 2016-2021 йиллар давомида 8 миллиард сўмлик дори-дармонлар, тиббиёт буюмлари ва гигиена воситалари руҳий касалликлар, наркология, онкология диспансерлари, оилавий поликлиникалар, Ногиронлар жамияти, «Нуроний», «Соғлом авлод учун» ва бошқа бир қатор жамоат фондлари ҳамда ташкилотларга хайрия ёрдами сифатида берилган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси ва тизимдаги «Фарғона Dori-Darmon” акциядорлик жамияти «Зарур дистрибюторлик амалиёти (GDP)” сертификатини олди. Бу компанияга давлат харид танловларида иштирок этишни, шунингдек, компаниянинг дистрибюторликнинг барча босқичларида дори воситаларини сифатли олиб келиш, сақлаш, етказиб беришдаги фаолияти ишончли, самарали эканлигини кафолатлайди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон фармацевтика бозорини сифатли маҳаллий дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан тўлдириш, маҳаллий доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.  “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси тизимида ҳам ишлаб чиқариш  ва доривор ўсимликларни қайта ишлаш корхоналари фаолияти йўлга қўйилган. Улардан бири ампулали дори воситаларини ишлаб чиқарувчи «Интегра ДД» масъулияти чекланган жамияти бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 60 миллион дона ампулани ташкил этади. Корхона 2021 йилда Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP  сертификатини олди. Фаол инвестиция дастури доирасида корхонага 2021 йилда хорижий инвесторлар маблағлари жалб етилиб, Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонасига айлантирилди.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Навоий шаҳрида ҳам “Avitsenna” масъулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда 17 турдаги гален дори воситалари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.  «2022–2024 йилларда фармацевтика соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли Дастури»га “Avisenna” МЧЖ томонидан гален дори воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳам киритилган бўлиб, 2023 йил якунига қадар доривор ўсимликларни қадоқлаш линиясини ишга тушириш ва гален дори воситаларини 25 хилга етказиш режалаштирилган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»
Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

     «Қашқадарё Дори-Дармон» МЧЖ қошидаги «Шифобахш» доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонасида турли вирусларга қарши курашувчи ва иммунитетни оширувчи 17 хил шифобахш доривор ўсимликлар қайта ишланиб,  қадоқланиб, аҳолига етказилмоқда.

Бундан ташқари, «Сирдарё Дори-Дармон» МЧЖ томонидан 2016 йилда  ташкил қилинган «Ўсимликларни  қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси»да 26 турдаги  маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб Компания тизимидаги ва  хусусий дорихоналарга ҳамда уларнинг негизида ташкил қилинган фитобарларга етказиб берилмоқда.

Замон билан ҳамнафас ривожланаётган компания тизимида “DD General Insurance” масъулияти чекланган жамияти аҳолига ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкини ишончли суғурталашда ёрдам беради. Суғурта компанияси 2011 йилдан буён Ўзбекистон суғурта бозорида жадал ривожланиб келаётган молиявий ташкилот ҳисобланади. Компания ихтиёрий суғуртанинг 100 дан ортиқ тури бўйича фаолиятни амалга оширади. Компаниянинг Республика бўйича 25 та филиаллари мавжуд.

Компания муваффақиятининг яна бир таркибий қисми жамоа саналади. Тизимда 3860 нафардан ортиқ ходимлар ишламоқда. Уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун саёҳатлар, турли спорт мусобақалари ҳам ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, Компания  кадрларнинг касбий камолотидан манфаатдор ва уларнинг шахсий ҳамда профессионал хусусиятлари ўсиши устида ишлайди. Бу ёндашув юксак мотивация ва ажойиб шахсий хислатларга эга, компания манфаатларига садоқатли провизор ва фармацевтларнинг сулолаларини шакллантириш имконини берган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Мухтасар қилиб айтганда, “Dori-Darmon” акциядорлик компанияси 100 йилдирки, халқ соғлиғи, давлат равнақи йўлида хизмат қилиб келаётган жамоадир.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?