Бинямин Нетаньяху Исроил армияси Ғазо секторига киришга тайёрланаётганини эълон қилди

00:13 26 Октябр 2023 Дунё
815 0

Фото: Reuters

Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига киришга ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху маълум қилди.

Бироқ, у операция вақти ва бошқа маълумотлар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.

“Биз минглаб террорчиларни йўқ қилдик ва бу ҳали бошланиши. Айни пайтда биз қуруқликка бостириб киришга тайёрланяпмиз. Мен қачон, қандай ва қанча миқдорда киришимиз ҳақида батафсил маълумот бермайман”, дейди Нетаньяху.

Исроил бош вазирининг аниқлик киритишича, мамлакат қуролли кучларининг Ғазо секторига айнан қачон кириши ҳақидаги қарор ҳукуматнинг махсус ҳарбий кабинети томонидан қабул қилинади.

Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олган.

Шу фонда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Исроил мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади. Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторига юзлаб зарбалар бермоқда. Ушбу ҳудудга сув, озиқ-овқат, электр ва ёқилғи етказиб бериш тўхтатиб қўйилди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер