Билимлар куни: ақл, тафаккур ва баркамоллик қўнғироғи

14:36 02 Сентябр 2025 Жамият
137 0

Бугун эрта тонгда Фарғона вилоятидаги барча мактабларда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.

Анвойи гуллар кўтариб, юзида ширин табассум билан қадрдон билим маскани сари шошилаётган болалар учун бу кун нафақат янги ўқув йилининг бошланиши, балки навқирон авлод ҳаётида яна бир янги саҳифа очиладиган, эзгу ният ва улкан орзуларга ҳамоҳанг бўлган қувончли кунга айланиши шубҳасиздир.

Фарғона шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида ҳам ушбу сана муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.Тантанали маросимда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров устозлар ва ўқувчиларни ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди.

Таъкидлаб ўтилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур мактаб негизида 45 миллиард сўм маблағ эвазига 1 минг 600 ўқувчига мўлжалланган замонавий таълим муассасаси барпо қилинди. Бунёдкорлик жараёнида 330 ўринли янги ўқув биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, синф хоналари, спорт зали, кутубхона ҳамда ошхона тубдан таъмирланиб, янги жиҳозлар билан таъминланди. Натижада мактабда ўқув жараёнини 1 коэффициентли тизим асосида самарали ташкил этиш имконияти яратилди.

— Келажагимиз ворислари учун муҳайё этилган бундай шароитлар янги авлодни фақат аъло баҳога ўқишга ундайди,—дейди фахрий ўқитувчи Тўтихон Хўжақулова. — Бунинг учун бу каби қулайликлардан унумли фойдаланиш ва қадрига етиш керак. Саҳнага ўрнатилган катта экранда мактабнинг кечаги ва бугунги кунини акс эттирувчи видеороликни кўриб ўқувчиларга жуда ҳам ҳавасим келди. Ўтган қисқа даврда билим даргоҳи қиёфаси бутунлай ўзгариб, муҳташам кўришига эга бўлгани ҳайратга сазовордир.

Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилоятида 1 минг 108 та умумтаълим мактаби (шундан 122 таси хусусий) фаолият кўрсатмоқда. Уларда қарийб 756 минг нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.

Янги ўқув йилида таълим муассасалари 1-синфига 78 минг нафар ўғил-қиз қабул қилиниб, уларга 12 хил номдаги “Президент совғалари” тантанали равишда тақдим этилди. Бу билим даргоҳининг ўзида эса 1-синфга қарийб 200 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Ботир МАДИЁРОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер