«Реал Мадрид» кучлироқми ёки «Барселона»?

13:33 25 Октябр 2025 Спорт
163 0

«Эль-Классико» олдидан жамоаларнинг имкониятларига назар

Эртага, 26 октябрь куни Испания Ла Лигаси 10-турининг марказий тўқнашуви — дунё футболидаги энг шиддатли дерби — «Эль-Классико» бўлиб ўтади. «Реал Мадрид» ўз майдонида азалий рақиби «Барселона»ни қабул қилади. Ушбу баҳс олдидан жамоаларнинг ҳолати, формадаги ҳолати ва эҳтимолий имкониятларини таҳлил қиламиз.

«Эль-Классико» тарихи

«Реал Мадрид» ва «Барселона» бугунги кундагача барча мусобақа ва ўртоқлик учрашувларини қўшиб ҳисоблаганда жами 297 марта майдонга тушган. Шунинг 190 таси Ла Лига, 38 таси Испания Кубоги, 18 таси Испания Суперкубоги, 8 таси Чемпионлар лигаси, қолган 43 таси эса иккинчи даражали мусобақалар ва ўртоқлик учрашувларига тўғри келади.

Тарихий ҳисобда «Барселона» устунлик қилиб келмоқда — 126 та ғалаба билан (42%), «Реал Мадрид» эса 109 марта (37%) зафар қучган. 62 та баҳс дуранг билан якунланган.

Голлар нисбати ҳам каталонияликлар фойдасига: «Барселона» рақиб дарвозасини 524 марта ишғол этган, мадридликлар эса 484 бор гол урган.

Энг йирик ғалабаларга назар ташласак, 1943 йил 13 июн куни «Реал Мадрид» Испания Кубоги доирасида «Барселона»ни 11:1 ҳисобида мағлуб этган. Каталонлар эса 1913 йил 1 ноябрдаги ўртоқлик учрашувида рақибини 7:0 ҳисобида таслим этган.

1916 йилдаги 6:6 ҳисобли баҳс эса «Эль-Классико» тарихида энг кўп гол киритилган ўйинлардан бири бўлиб қолган.

Сўнгги ўйинлар натижаси

Охирги 10 та «Эль-Классико»да «Барселона» устун келган — 6 ғалаба, «Реал»да эса 4 ғалаба бор. Шу билан бирга, каталонияликлар сўнгги 5 учрашувда рақибни қатор мағлубиятга учратган ва ҳар сафар камида 3 тадан гол урган.

2025 йил 11 майда бўлиб ўтган охирги баҳсда «Барселона» 4:3 ҳисобида зафар қозонган. Голлар муаллифлари: Рафинья (2 та), Ламин Ямал, Эрик Гарсия («Барселона»), Килиан Мбаппе (3 та, «Реал Мадрид»).

Жорий мавсумдаги натижалар

«Реал Мадрид»
Ла Лигада пешқадам. «Осасуна», «Овьедо», «Мальорка», «Сосиедад», «Эспаньол», «Леванте», «Вильярреал» ва «Хетафе» устидан ғалаба қозонди. Фақат «Атлетико Мадрид»га ютқазган.
Чемпионлар лигасида «Марсель», «Қайрат» ва «Ювентус»ни мағлуб этди ва айни вақтда гуруҳда 5-ўринда.

«Барселона»
Ла Лигада «Мальорка», «Леванте», «Валенсия», «Сосиедад», «Хетафе», «Овьедо» ва «Жирона» устидан ғалаба қозонган. «Райо Валекано» билан дуранг, «Севилья»га мағлубият.
Чемпионлар лигасида ПСЖга ютқазган бўлса-да, кейинги ўйинларда «Ньюкасл» ва «Олимпиакос»ни мағлуб этган.

Жамоалар статистикаси (2025 йил мавсуми)

Кўрсаткич Реал Мадрид Барселона
Урилган голлар 28 33
Ўтказилган голлар 10 14
Тўп назорати 64% 71%
Узатмалар аниқлиги 90% 90%
Курашларда ютқизмаслик 57% 55%
Ўртача зарбалар сони 7 9

«Барселона»нинг кучли ва заиф жиҳатлари

Кучли томонлар:

  1. Ҳужум чизиғининг юқори самарадорлиги — Ла Лигада энг кўп гол урган жамоа.
  2. Тўп назоратида устунлик (70% атрофида) ва юқори аниқликда узатмалар (90%) — бу рақибни босим остида ушлаб туриш имконини беради.
  3. Анъанавий пас-ўйин услуби билан бирга тезкор вертикал ҳужумларни йўлга қўйган, бу уларни мослашувчан қилади.

Камчиликлар:

  1. Асосий таркибда жароҳатлар кўп — Хуан Гарсия, Рафинья, Олмо, Левандовски ва Гави ўйинни ўтказиб юбориши мумкин.
  2. Стандарт ҳолатларда самарасизлик.
  3. Офсайд тузоғи тактикаси сўнгги баҳсларда иш бермаяпти.

«Реал Мадрид»нинг кучли ва заиф жиҳатлари

Кучли томонлар:

  1. Янги футболчилар жамоага тез мослашиб кетди.
  2. Хаби Алонсо бошчилигида ҳужумлар креатив ва хилма-хил.
  3. Етакчилар — Мбаппе ва Винисиус — аъло спорт формасида. Мбаппе кетма-кет 9 ўйиннинг 8 тасида гол урган.

Камчиликлар:

  1. Ҳимояда тезкор ҳужумларга қарши заифлик.
  2. Имкониятлар яратилади, аммо якунловчи зарбаларда аниқлик баъзан паст.
  3. Жамоада жароҳатлар — Трент, Менди, Мастантуоно, Рюдигер ўйинни ўтказиб юбориши мумкин.

«Эль-Классико» олдидан имкониятлар деярли тенг. Ҳар икки жамоа ҳам жароҳатлар туфайли тўлиқ таркибда эмас. Бу баҳсда эҳтимол ҳимоявий ва эҳтиёткор ўйин устувор бўлади. Аммо футбол мухлислари барибир голларга бой, драматик тўқнашувни кутмоқда.

Ҳақиқатни эса 26 октябрь соат 20:15 да «Сантьяго Бернабеу»да бошланадиган ўйин кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер