Бешариқда тиббиёт туризми жадал ривожланиб, қўшни Тожикистондан келувчи беморлар оқими кўпаймоқда
Бешариқ туманида кейинги йилларда тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги барча ихтисослашган шифохоналар бир жойда жамланиб, жаҳон андозалари даражасида замонавий шароитлар муҳайё этилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланди, доимий равишда шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакаси ошириб борилмоқда.

Айни жараёнда туманда хусусий тиббиёт ривожи борасида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти. Бунинг самараси сифатида ўндан ортиқ кўп тармоқли, ихтисослашган хусусий клиникалар фаолияти йўлга қўйилди. Энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан таъминланган ҳолда УЗИ-диагностика, ташхис лабораториялари ташкил этилди. Бугунги кунда бешариқлик шифокорлар пойтахтимиздаги ихтисослашган тиббий-амалий марказларнинг энг малакали мутахассислари билан ҳамкорликда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келмоқдалар.
Хусусан, кардиожарроҳлик ва ЛОР касалликларини самарали даволашда эришилаётган ютуқлар эътиборга молик.

—Бу тиббиёт туризми замонавий мезонлар асосида ривожланишида муҳим омил бўлмоқда,—дейди Бешариқ тумани ҳокими ўринбосари Отабек Алиматов.—Айни пайтда шифо масканларимизда Фарғона вилоятининг барча шаҳар-туманларидан келиб даволанишади. Ўз навбатида туманда 5 га яқин санаторийлар мавжуд бўлиб, бу ерда ҳар ойда минглаб ҳамюртларимиз, қўшни мамлакатлардан келувчи қардошлар малакали тиббий-профилактик хизматлардан баҳраманд бўлиш имконига эга.

Маълумки, Бешариқ тумани қўшни Тожикистон Республикасининг Конибодом ва Исфара шаҳарлари билан чегарадош ҳудуд ҳисобланади. Ҳозирда даволаниш истагида ушбу шаҳарлардан келувчилар сони тобора ортиб бораётгани Бешариқда тиббиёт туризми салоҳияти нечоғли юксалаётганидан далолатдир.

Айтиш жоиз, Бешариқ туман ҳокимлиги томонидан тиббиёт туризмини янада ривожлантириш мақсадида истиқболли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, яқин истиқболда туманда бир неча янги шифо масканлари ташкил этилади ҳамда санаторий, тиббий-профилактик муассасалари фаолияти янгича ёндашувлар асосида ислоҳ этилиши режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг