«Барселона» ёки ПСЖ: Чемпионлар лигасининг марказий ўйинида ким ғалаба қозонади?

14:20 01 Октябр 2025 Спорт
396 0

Бугун, 1 октябрь куни УЕФА чемпионлар лигаси мусобақасининг 2-туридан ўрин олган баҳслар давом эттирилади. Турнинг марказий ўйини Каталонияда бўлиб ўтади. Унда «Барселона» клуби ўз майдонида мусобақанинг амалдаги чемпиони ПСЖни қабул қилади. Биз ўйин олдидан жамоаларнинг имкониятларини солиштириб чиқамиз.

Ўзаро ўйинлар тарихи

«Барселона» ва ПСЖ жамоалари расмий мусобақалар доирасида жами 16 марта тўқнаш келган. Ушбу ўйинларнинг 14 таси УЕФА чемпионлар лигаси доирасида, 1 таси Кубок эгалари кубогида ва яна бири Халқаро чемпионлар кубоги тижорий турнири доирасида бўлиб ўтган.

«Барселона» клуби 6 та ўйинда ғалаба қозонган. Бу барча учрашувларнинг 37 фоизи дегани. 5 та ўйинда ПСЖнинг қўли баланд келган. Яна 5 та баҳс дуранг натижа билан якунланган.

Ушбу ўйинларда «Барселона» рақиби дарвозасига 30 та гол киритган. ПСЖ эса шу вақтга қадар «кўк-анорранглилар» дарвозасига 29 марта йўл топа олган.

Бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ҳақида гап кетса, барча 2017 йилги мавсумни эслайди. Ўшанда ПСЖ клуби ўз майдонида айни вақтда «парижликлар»га устозлик қилаётган Луис Энрике бошчилигидаги «Барселона»ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган ва 3 ҳафта ўтиб, Каталониядан 6:1 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган эди.

Дарвоқе, айнан шу баҳсларда қайд этилган ҳисоблар ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижалар сифатида ҳам мухлисларнинг ёдида қолган.

Жамоалар сўнгги бор 2024 йилнинг 16 апрель санасида тўқнаш келди. УЕФА чемпионлар лигасининг чорак финали доирасида ўтган баҳс ПСЖнинг 1:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.

Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо голларга бой ўтиши билан ажралиб туради. Статистикага кўра, «Барселона» ва ПСЖ ўртасидаги ўйинларда ўртача ҳисобда 3,5 та гол киритилади. Жамоаларнинг сўнгги 6 та тўқнашувида 28 та гол киритилгани ҳам бу клублар ўйинлари доимо қизиқ кечишидан далолат беради.

Жамоаларнинг бу йилги натижалари

«Барселона» айни пайтда Ла Лигада 19 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Жамоа Испания чемпионатида «Мальорка», «Леванте», «Валенсия», «Хетафе», «Реал Овьедо», «Реал Сосиедад» каби жамоаларни мағлуб этди. 3-турда «Райо Валлекано» билан дуранг ўйнади.

УЕФА чемпионлар лигасининг биринчи турида Англияда «Ньюкасл»га қарши баҳс ўтказди. Ўйин 2:1 ҳисобида «кўк-анорранглилар»нинг ғалабаси билан якунланди.

ПСЖ жамоаси учун ҳам мавсум жуда яхши бошланди. Клуб УЕФА Суперкубоги доирасида «Тоттенҳэм»ни мағлуб этиш орқали мавсумни соврин билан бошлади.

Франция Биринчи дивизионида «Нант», «Анже», «Тулуза», «Ланс», «Осер» каби жамоаларни ютди. Фақат битта ўйинда «Марсель»га имкониятни бой берди.

«Парижликлар» чемпионлар лигасини «Аталанта»ни мағлуб этиш билан бошлади. Жамоа дастлабки турда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Барселона» ва ПСЖнинг бу йилги кўрсаткичлари

Урилган гoллар:

«Барселона» – 23

ПСЖ – 16

Ўтказиб юборилган гoллар:

«Барселона» – 6

ПСЖ – 4

Тўп назорати:

«Барселона» – 73 фоиз

ПСЖ – 72 фоиз

Тўп узатмалар аниқлиги:

«Барселона» – 90 фоиз

ПСЖ – 92 фоиз

Тўп учун курашларда устунлик:

«Барселона» – 54 фоиз,

ПСЖ – 47 фоиз

Ҳар ўйиндаги ўртача зарбалар сони:

«Барселона» – 9

ПСЖ – 6

Жамоаларнинг ютуқ ва камчиликлари

«Барселона» клубининг устун томонлари ҳақида гап борса қуйидагиларни айтиб ўтиш мумкин:

1. Ҳужумдаги креативлик ва ёш футболчиларнинг ўйинга таъсири. Жамоа ҳужум давом эттиришда бир қанча услублардан фойдаланаётганини кўрдик. Айнан ушбу креативлик эвазига «Барселона» Ла Лигада энг кўп гол киритган жамоа бўлиб турибди.

2. Таянч ярим ҳимоядаги устунлик. Жамоа ҳар бир ўйинида асосий эътиборини майдон марказига қаратмоқда. Бунда жамоанинг ёш футболчиси Гави алоҳида жонбозлик кўрсатмоқда. Статистикага кўра, «Барселона» сўнгги ўйинларда 70 фоиздан ортиқ тўп назоратига эга бўлди. Бунда албатта боғловчи ярим ҳимоячиларнинг ҳиссаси катта.

3. Ҳимоядаги ишончли ўйин. Жамоа сўнгги 5 та баҳсда 3 та гол ўтказди. Ҳаттоки, ҳимоякор ўйин кўрсатадиган баъзи жамоаларнинг кўрсаткичлари «Барселона»никидан ёмонроқ.

«Барселона»нинг камчиликлари:

1. Жамоа ҳужумкор ўйин кўрсатаётгани учун қарши ҳужумдан гол ўтказиб юбормоқда. Айниқса, бунда қанот ҳимоячиларининг тезлиги масаласи муаммо бўлмоқда.

2. Захирадаги ўйинчилар сони ва сифати етарли эмас — асосий футболчиларнинг жароҳат олиши ёки чарчаши жамоанинг ўйиндаги ритмини пасайтирмоқда.

3. Жамоа посбони Хуан Гарсиянинг катта ўйинлардаги тажрибаси етарли бўлмаслиги мумкин.

ПСЖ клубининг устун жиҳатлари:

1. Жамоа ҳужум чизиғи жуда кучли — Дембеле ва бошқа тезкор футболчилар қарши ҳужумларда рақибни жазолай олади.

2. Марказий чизиқда юқори даражадаги назорат ва прессинг мавжуд бўлиб, бу рақибга тўпни узоқ вақт ушлаб туришга йўл қўймайди.

3. Клубнинг таркиби жуда кенг ва захира футболчилари ҳам юқори савияда. Шу боис мавсум давомида кучни йўқотмайди.

ПСЖнинг камчиликлари:

1. Чидамлилик ва консентрациянинг пастлиги охирги дақиқаларда жамоа ўйинига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

2. Реализацияда муаммолар бор. Жамоа кўплаб ҳужумлар ташкил этмоқда, аммо уларнинг кўп қисми зарбагача етмаяпти.

3. Мураббийлик стратегиясида барқарорлик етишмайди. Турли ўйинларда тизим тез-тез ўзгариб туради ва бу футболчиларнинг бир хил схемага мослашишини қийинлаштиради.

Йўқотишлар

Ушбу ўйин олдидан ҳар икки жамоада жиддий йўқотишлар бор. Айниқса, ПСЖда.

«Парижликлар» сафида бу ўйинда «Олтин тўп» соҳиб Усмон Дембеле, грузиялик футболчи Хвича Кварацхелия ва асосий марказий ҳимоячи Маркиньос жамоасига ёрдам бера олмайди.

«Барселона»да эса Гави, Рафинья ва Гарсия каби футболчиларда жароҳат бор.

Сўнгги сўз

Ўйин Каталонияда ўтаётгани ва ПСЖ таркибидаги йўқотишларни инобатга олганда ушбу баҳс фаворити «Барселона» деб айтиш мумкин. Аммо ПСЖ ҳам оддий рақиб эмас. Шундай экан, бугунги ўйин албатта ўзгача кечиши аниқ.

Эслатиб ўтамиз, «Барселона» ва ПСЖ ўйини Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?