«Арзимаган 900 минг сўм» — Тез ёрдам машинасига йўл бермаган ҳайдовчи жазоланди

16:23 01 Июнь 2025 Жамият
305 0

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда 01 774 ОLА давлат рақами белги «LiXiang» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат давомида бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермагани, ҳатто хизмат машинаси уни қувиб ўтишга ҳаракат қилган вақтида ҳам бунга имкон бермагани акс этган видеолар тарқалди. Шундан сўнг мазкур ҳолат кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирози ва муҳокамаларига сабаб бўлди.

Интернет тармоғига «Ноинсоф ҳайдовчи» сарлавҳаси билан сиздирилган видео қисқа вақт ичида бир неча юз минглаб кўришлар ва қарийб шунча салбий изоҳлар тўплади.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 29 май куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳудудида қайд этилган. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизматининг бугун, 1 июнь куни мазкур қоидабузарликни содир этган ҳайдовчига тегишли жазо чораси қўлланилганини маълум қилди.

Унга кўра, ушбу шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддаси билан баённома расмийлаштирилган. Маълумот учун, ҳозирда бу қоидабузарликнинг бадали 1 млн 875 минг сўмни ташкил этади. Агар жарима 15 кун ичида тўланса, ҳайдовчидан пулнинг 50 фоизи — 937 минг сўм ундирилади.

ИИВ ЖХДнинг расмий муносабати эълон қилингач, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Telegram'даги каналида «Ўзбекистон жазо тизимидаги яна бир майнавозчилик ҳақида» сарлавҳаси билан пост жойлади. Унинг фикрига кўра, бир ёки бир неча инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин бўлган бу каби қўпол қоидабузарлик учун бунақа енгил жазо бериш шармандалик.

«Шармандаликнинг яна бир томони шундаки, рухсатсиз тонировка қилган ҳайдовчига дастлаб 9 млн 375 минг сўм, агар яна такрорланса 15 млн сўм жарима белгилаганмиз. Нима учунлигини биласизми? Чунки тонировкадан тушадиган пулнинг асосий қисми Ички ишлар вазирлигига тушади.

Махсус транспорт воситаларига йўл бермаганларга эса такрорийлик учун оғирроқ жазо ҳам йўқ. Яъни ҳар куни шу ишни қайта-қайта қилаверсангиз ҳам, бир хил 900 минг сўм жарима тўлаб, қутилиб кетаверасиз», деб ёзган Худойбердиев.

Шунингдек, у бугундан ишга тушган жарима баллари тизимида ҳам юқоридаги каби ҳолатни содир этганлик учун атиги 0,5 (ярим) жарима бали берилиши, рухсатсиз тонировка учун дастлаб 0,5, такрорланса 1 балл берилишини танқид остига олган.

Бундан ташқари ҳуқуқшунос қонунчилик ташаббусига эга масъулларга мурожаат йўллаб, жазо тизимини инсонпарварлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.

«Бизга биринчи ўринга инсон қадрини, одамлар хавфсизлигини устун қўядиган тизим керак. Пул ишлаш учун ўйлаб топилган аҳмоқона қоидалару, жазоларни йўқотиш керак.

Махсус хизмат машиналарига, жумладан, тез тиббий ёрдам ёки ўт ўчирувчиларга йўл бермаган ҳайдовчиларга Ўта қаттиқ жазо қўллашимиз керак. Бу камида инсон(лар) ҳаётига суиқасд деб баҳоланиши ва жиноий жавобгарлик келтириб чиқариши, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши шарт. Бу ҳолат яна такрорланса машинасини мусодара қилишса ҳам розиман», деган Хушнудбек Худойбердиев.

У юқоридаги каби қоидабузарликни содир этган ҳайдовчилар арзимаган 900 минг сўмни тўлаб қутилиб кетишидан норози эканини билдириб, жазо енгил бўлса, «крутойваччалар» ҳеч қачон хатосидан тегишли хулоса чиқармаслигини қўшимча қилган.

«Гап инсонлар ҳаёти ҳақида кетаётганда кўнгилчанлик кетмайди, ўртоқлар!» деб ёзади Хушнудбек.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?